+998 71 200 02 35

“ПАТЕНТ ВАКИЛЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ” ЎҚУВ КУРСЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

21.10.2022 1505

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар, авваламбор, рақамли иқтисодиётга ўтиш, миллий иқтисодиётни юксальтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва шу орқали  тадбиркорлик фаолияти ривожига кенг йўл очиб беришга қаратилган.

Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан Патент вакилларини қайта тайёрлаш,  уларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш, янгилаш, улар касбий тайёргарлигининг замонавий талабларга мувофиқлигини ҳамда профессионал даражасининг доимий ўсишини таъминлаш  мақсадида патент вакилларини қайта тайёрлаш ўқув курсини ташкил этиш йўлга қўйилди.  

Мазкур ўқув курси учун ишлаб чиқилиб тасдиқланган дастур асосида 2022 йилнинг 20 октябридан Юристлар малакасини ошириш марказида   патент вакиллари учун “Патент вакилларини қайта тайёрлаш”  ўқув курслари бошланди.

Машғулотлар давомида тингловчилар ўқув курсининг асосий қоидалари ҳақидаги назарий билимларга ва патент вакиллари фаолиятини амалга ошириш бўйича кўникмаларга эга бўладилар. 

Ўқув курсларини сифатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида мазкур соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган миллий ва халқаро экспертлар жалб этилади.

Маълумот учун, Патент вакили - юридик ёки жисмоний шахслар номидан Интеллектуал мулк департаменти ва бошқа ташкилотлар олдида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза олиш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича вакиллик қилиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс (департаментда аттестациядан ва рўйхатдан ўтгандан кейин).