+998 71 200 02 35

ПАРАЛЕЛ ИМПОРТ ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ТУШУНЧАЛАР

15.12.2022 1412

АННОТАЦИЯ

Мақолада Параллел импорт тушунчаси, унинг афзалликлари ва салбий жиҳатлари унга бўлган эҳтиёжнинг туғулиши ҳамда миллий қонунчилигимизда мазкур масалага доир нормаларнинг мавжудлиги борасидаги масалалар ёритиб ўтилган. 

Калит сўзлар: Параллел импорт, контрафакт, кулранг товар, адаштириб юбориш даражасида бир хил, сўзли товар белгиси

Параллел импорт амалиёти товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг тугаши тамойилига асосланади, мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11071 –моддасида назарда тутилган унга кўра бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмаслиги белгилаб ўтилган.

Шу билан бирга таъкидлаш жоизки параллел импорт - бу чет эллик ишлаб чиқарувчининг асл товарини унинг розилигисиз мамлакатга олиб кириш ва сотиш. Контрафакт маҳсулот эса, аслида, товар белгили маҳсулотлар сифатида ниқобланган сохта нарсалардир. Параллел импортда эса биз ҳақиқий бренд товарлар ҳақида сўз юритамиз.

Параллел импорт талаб қилинадиган чет эл товарларига талаб пасаймаслиги ва уларнинг нархларини барқарорлаштириш учун жорий қилиниши таъкидланади.

Масалан, яқинда HONOR смартфонлари Россияга Ўзбекистон орқали олиб келиниши маълум бўлди – бу “параллел импорт”, чунки ишлаб чиқарувчи компания мамлакатга тўғридан-тўғри етказиб беришни тўхтатди.

Сотувчиларга ишлаб чиқарувчининг рухсати керак эмас, чунки юқорида кўрсатиб ўтилган Фуқаролик кодексининг нормасига асосан биринчи хариддан кейин мутлоқ ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз исталган жойда сотиш мумкинлиги англашиляпти. Шу тарзда етказиб бериладиган товарлар “кулранг” деб аталади, лекин “контрафакт” эмас – уларда барча лицензиялар, сифат сертификатлари бор, божхона декларациясидан ўтади.

“Паралел импорт” қуйидагича ишлайди:

–     ҳуқуқ эгаси қонуний равишда исталган давлатда компютер партиясини муомалага киритса, шу пайтдан бошлаб унинг маҳсулотга бўлган мутлоқ ҳуқуқлар тугаган деб ҳисобланади;

–     маҳаллий компания ушбу мамлакатга қонунчиликда белгиланган тартибда олиб кирилган товарларни сотиб олади ва уни бошқа мамлакатга экспорт қилади;

–     экспорт қилувчи компютерларни божхонада расмийлаштиради, сифати ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади, комплектда фақат ҳуқуқ эгаси томонидан олиб киришга рухсатнома бўлмайди;

–     Мамлакатда компютерлар қонуний равишда сотилади.

Шунингдек, “Паралел импорт”нинг ижобий жиҳатлари шундаки, маҳсулотлар арзонлашади, товарлар ассортименти кенгаяди, шунингдек, рақобат кучаяди ва бозор монополизациясидан ҳимояланади.

“Паралел импорт”нинг салбий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

–     маҳсулот сифати устидан назоратни сусайиши;

–     инсофсиз рақобатга имкониятлар яратилиши;

–     сотишдан кейинги хизмат кўрсатиш сифатининг пасайиши.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, параллел импорт амалиёти товар белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқнинг тугаши тамойилига асосланади: агар маҳсулот бир марта муомалага чиқарилган бўлса, ҳуқуқ эгаси кейинчалик у билан нима содир бўлишини назорат қилмайди.

Шунингдек, экспертларнинг сўзларига кўра, параллел норасмий жўнатмалар, масалан, ишлаб чиқарувчилар ва ҳуқуқ эгалари ўз товарларини фақат расмий дистрибюторлар ва дилерлар орқали тарқатган ҳолларда ноқонуний ҳисобланган. Аммо энди параллел импорт мажбурий заруратдир, чунки кўплаб компаниялар айрим мамлакатлар бозорини тарк этгани ва истеъиолчилар учун уларни ўрнини босувчи товарларнинг мавжуд эмаслиги муаммоларни келтириб чиқаради.

МУРОТОВ Журабек Сафарович

Хусусий-ҳуқуқий фанлар

кафедраси катта ўқитувчиси

E-mail: jmsafarovich@gmail.com