+998 71 234 56 02

Навбатдаги “Ҳуқуқий таълим” тадбирида нотариат фаолиятидаги ислоҳотлар ўрганилди

12.02.2020 483

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш борасидаги ишлар Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида кенг йўлга қўйилган. 2020 йил 12 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳуқуқий таълим” ўқув машғулоти “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Нотариал палатаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорининг мазмун ва моҳиятини ўрганишга бағишланди. Тадбирда Марказнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда маъруза қилган Марказнинг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси профессори, юридик фанлари номзоди Шухрат Рахманов соҳага оид қонун ва қарорда берилган устувор йўналишлар ва вазифаларга тўхталиб ўтди.

Нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5816-сон фармони аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва қулайликлар яратишга хизмат қилади. Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бу эса ўз навбатида аҳолига тезкор хизмат кўрсатилишига ҳамда хизматлар сифатининг ошишига олиб келади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Нотариал палатаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланганди. Ўзбекистон Нотариал палатасига нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, ягона амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш каби ваколатлар берилган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда катта қулайликлар яратилиши белгиланган бўлиб, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нотариат институтини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Тадбир савол-жавоб ва ўзаро мулоқот тарзида ўтди.