+998 71 200 02 35

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ҚАЛБ НИДОСИ

31.01.2025 1463

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, коррупцияга қарши курашиш соҳасида сезиларли даражада натижаларга эришдик десак, муболаға бўлмайди.

Албатта, бу ютуқларимиз бизларни қувонтиради, чунки коррупцияни кескин камайтирган давлат ривожланади, моддий ресурлар тўғри тақсимланади, аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланади ва маошлари ошади.

Маълумки, давлат хизматчиларнинг маошлари, нафақахўрларнинг пенсиялари, ахолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва таьлим бериш, жамиятда тартибни сақлаш, кам таъминланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мудофаа ва хавфсизликка сарфланадиган маблағларнинг манбаи давлат бюджети ресурслари ҳисобланади.

Бироқ, оммавий ахборот маълумотларида, айнан давлат бюджетидан ажратилган моддий ресурслар талон-торож қилиниши ҳолатларининг кўпайганлиги ҳақида далолат беради.

Стастистик маълумотларда келтирилган рақамларга қараганда бир неча минглаб мансабдор шахсларнинг давлат маҳаллий бюджети пулларини ўзлаштирганлиги ёҳуд пора олгани учун жазога тортилганлигининг, ўзлаштирилган пуллар эса давлат бюджетига қайтарилганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Сўзсиз, бюджети талон-торож қилинган давлат ривожланмайди ва қарзга ботади, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги бузилишига олиб келади, давлат қарзларини тўлаш эса келажакда фарзандларимиз, набира ва эвараларимиз елкасига юк бўлади.

Қолаверса, наҳотки, давлат бюджетини талон-торож қилувчи мансабдор шахслар оила аьзолари билан хаётнинг завқларидан хурсанд бўлиб яшаш ўрнига, оиласи ва фарзандлари қандай кун кўраётганларини ўйлаб, виждонан қийналиб, бир неча йиллар давомида тўрт девор ичида қамалиб ўтиришни лозим деб топади?

Ваҳоланки, бугунги кунда давлат хизматчиларнинг маошлари сезиларли даражада оширилмоқда, ва бу фақат бошланишидир. Чунончи, мамлакатимизда яратилган шароитлар, қонуний тарзда катта миқдорда даромад топиш учун кенг имкониятлар беради.

Умид қиламанки, ноқонуний бойлик орттиришни қўзлаган айрим амалдаги мансабдорларга инсоф бериб, улар ўз фарзандларини келажакда ривожланган бой давлатда ҳалол меҳнат қилиб, қонуний равишда катта маошларга эга булиб, тинч хотиржамликда яшашларини истаб, давлат бюджетини талон-торож килишдан бош тортадилар. 

 

Рафик Шакуров
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
қошидаги Юристлар малакасини ошириш
маркази доценти, юридик фанлар номзоди