+998 71 200 02 35

“Банк соҳасини ҳуқуқий таъминлаш: банк-молия тизимида юридик хизматнинг роли”

21.05.2024 416

Юристлар малакасини ошириш марказида юридик хизмат ходимлари учун тегишли соҳалар бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш йўлга қўйилган.

Барчамизга маълум, мамлакатимизда кучли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашда юридик хизмат муҳим рол ўйнайди.

   Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эркин бозор муносабатларининг шакллантирилганлиги юридик хизмат фаолият кўрсатадиган соҳалар ҳамда субъектлар сонининг кундан кунга кўпайиб боришига туртки бермоқда. Бу эса албатта юридик хизмат соҳасида фаолият юритаётган барча ходимларнинг билим ва малакасини доимий равишда ошириб боришини ҳамда уларда ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларнинг ечимларини топишда ҳуқуқий воситалардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришини талаб қилади.

  Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан жорий йилнинг 22 май куни “Банк соҳасини ҳуқуқий таъминлаш: банк-молия тизимида юридик хизматнинг роли” мавзусида соҳа мутахассислари иштирокида илмий-амалий конференция ташкил этилди.  Мазкур тадбирда Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг биринчи ўринбосари Ш.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва Ҳуқуқий хизматлар бошқармаси бўлим бошлиғи И.Жўраев, Марказ профессор-ўқитувчилари ҳамда тижорат банкларининг юридик хизмати рахбар ва ходимлари иштирок этишди.

  Илмий-амалий конференцияда фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда айнан банк-молия соҳасида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда Юридик департаментнинг ролини яхшилаш, юридик хизматнинг банк норма ижодкорлиги фаолиятида иштироки, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлиги устидан юридик хизматнинг назорат фаолияти ҳақида маърузалар тингланди.

 

  Тадбир якунида банклар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда амалиётдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, юридик хизмати ходимларининг малакасини ошириш тизимини яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.