Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат бозорида ёшлар ҳамда аёллар энг фаол ва истиқболли қатламлардан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган эътибор даражаси янада юксалиб, ҳар икки қатлам ҳам замонавий билим, технология ва ташаббускорлик билан жамият тараққиётига катта ҳисса қўшишмоқда. Шу билан бирга, бу гуруҳлар учун бандлик ва меҳнат муносабатларида тенг имкониятлар яратиш – долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Улар ҳозирда инновациялар, ижтимоий ислоҳотлар ва маданий юксалишнинг бош ҳаракатлантирувчи кучларидандир. Шунинг учун ҳам ёшлар ва аёллар учун кенг имкониятлар яратиш – бу нафақат тенглик масаласи, балки умумий ижтимоий тараққиётнинг зарур шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон аҳолиси орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 60 фоиздан ортиқ. Бу эса, ёшлар мамлакатнинг меҳнат салоҳияти ва иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнашини англатади. Ҳозирда давлат томонидан ёшларга кўплаб имтиёзлар, грантлар, касб-ҳунар ўрганиш имкониятлари, стартаплар ва фрееланcинг орқали даромад топиш йўллари таклиф этилмоқда. Таълим соҳасида ҳам бир қанча қулайликлар яратилиб ёшларни илм фанга бўлган иштиёқини янада ошириш ва юксак салоҳиятли кадрлар етишиб чиқиқши учун барча имкониятлар яратилаётганлиги сўзимизнинг яққол исботидир. Ёшларнинг ишлаши ва янги ғояларни жалб қилиши учун қуйида энг долзарб касблар рўйхати келтириб ўтсак:
- ИТ ва рақамли хизматлар;
- Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати;
- Яшил иқтисодиёт ва агротехнологиялар;
- Интернет орқали масофавий иш (фрееланcе);
- Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси;
ва бошқа бир қанча касблар ҳозирда ўзининг муҳимлиги ва бозор бардошлиги билан ажралиб турибди.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари орқали ўқиш, ишлаш ва бизнес бошлашда давлат кўмаги янада кучайтирилмоқда. Буларнинг барчасини ёш авлоддан янги Авлонию-Беҳбудийлар чиқиши ва ёш авлод ақлий фаолиятининг янада самарали фаолияти учун хизмат қилади.
Жамиятимизда ёшлар билан бир фурсатда аёлларга ҳам эътибор кучайтирилган. Аёлларни ҳар бир соҳада тенг улушга эгалиги сўнги 5 йил мобайнида раҳбар аёлларнинг жамиятдаги улуши янада ошгани қувонарли ҳолатдир. Статистик маълумотларни қарайдиган бўлсак олима аёллар улуши сўнги 5 йил мобайнида бир неча бараварга ошганини кўришимиз мумкин. Буларнинг барчаси албатта аёллар мавқейини тиклаш уларни илмли қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар давлат сиёсати даражасида эканлигининг мукофотидир.
Аёллар бандлигини таъминлаш нафақат ижтимоий тенглик масаласи, балки иқтисодий барқарорлик учун ҳам муҳим. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини ошириш мақсадида бир қатор ташаббуслар йўлга қўйилди. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш марказлари ташкил этилди. Аёллар учун яратилаётган имкониятлар тирлари янада кўпайтирилди.
- “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам ва грантлар
- Онлайн касб ўрганиш платформалари (масалан, ИТ, дизайн, тикувчилик)
- Уй шароитида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари
- Аёллар учун мўлжалланган кооперативлар ва кўргазмалар
Айниқса, пандемиядан кейинги даврда масофавий ишлаш имкониятлари аёллар учун янги уфқлар очиб берди. Энди улар фарзанд тарбияси билан бирга мустақил даромад топиш имкониятига эга бўлмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижобий ислоҳотлар ёшлар ва аёллар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса ўз навбатида жамиятдаги ижтимоий адолат, иқтисодий ўсиш ва оилавий барқарорликнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш – бу нафақат иқтисодий зарурат, балки инсон капиталига бўлган ҳурматдир. Улар учун яратилган ҳар бир имконият, аслида, бутун жамиятнинг равнақига хизмат қилади.
Инсон ресурслари бўйича бош мутахассис
Тоҳиров Отабек