+998 71 200 02 35

Кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди

20.02.2020 3726

Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш мақсадига  жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкин. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш зарур. Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида билдирилган бу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўтказилган давра суҳбатининг асосини ташкил этди.  

“Ўзбекистонда янги авлод кадрлари малакасини ошириш тизимининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусидаги тадбирда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Робахон Махмудова, Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов, Сенат Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов иштирок этди. Таъкидланганидек,  бугунги кунда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда Юристлар малакасини ошириш маркази алоҳида ўринга эга. Хусусан,  2019 йилнинг ўзида Марказда 4000 нафардан ортиқ тингловчи малака оширди.

 2020 йилдан нотариусларнинг малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим шакли ҳам жорий этилди. Бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича қатор янги курслар ташкил этилди.  Тадбирда сўзга чиққанлар кенг қамровли ва жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш муҳим масала эканлигини қайд этишди. Шунингдек, бу жараёнда тегишли муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ўқитишнинг янги услуб ва шаклларини жорий этиш, замонавий адабиётлар ишлаб чиқиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг долзарб муаммоларини аниқлаш ва ечимини топишга қаратилган илмий анжуманларни мунтазам ўтказиб туриш самарали натижалар бериши мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.

Давра суҳбати якунида хулоса ва таклифлар муҳокама қилиниб, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манбаа  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати