+998 71 200 02 35

Давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими

04.11.2020 3129

Давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётгани қайд этилган эди.

«Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди», деб алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай давлатнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади.

Мазкур муаммога қарши курашишда мамлакатимиз ҳам ўзига хос йўлдан кетмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик тўғридан-тўғри халқ сайлайдиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис олдида ҳисобдордир. Бу эса коррупцияга қарши кураш масалаларини сиёсий даражада ҳал этиш имконини беради.

Агентликка бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Маълумки, энг катта коррупция давлат харидлари соҳасида юзага келади.

Шунинг учун, аксарият давлатларда мазкур соҳа бўйича назоратга алоҳида эътибор қаратади.

Юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан олиб борилаётган соҳа фаолиятини ривожлантиришга доир ислоҳотлар, уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилнинг 9 апрелда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунининг қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур қонун давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашувини таъминлайди, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган, бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд бўлмаган, бунинг натижасида ҳуқуқий коллизиялар вужудга келган. Кўп босқичли келишишлар ва такрорловчи тартиб-таомиллар коррупцияга шароит яратган ва кўп вақт йўқотишга сабаб бўлган.

Қонун билан давлат хариди жараёни очиқ-ошкора бўлади, барча маълумотлар махсус порталда эълон қилинади. Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Молия вазирлиги томонидан харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг, давлат назорати ўрнатилди. Шунингдек фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва ОАВ томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Давлат харидларининг иқтисодиётдаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу тизимни жорий этишга мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида катта эътибор берилмоқда. Бу борада, аввало, тизимдаги муносабатларнинг қонунчилик негизи шакллантирилиб, давлат харидлари билан боғлиқ жараёнлар ҳуқуқий тартибга солинди.

Қонун соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларига тенг эркинлик яратиш, давлат секторини оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш жараёнини рағбатлантириб, халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилашга замин яратмоқда.

К. Исломов,

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш

марказининг директори ўринбосари