+998 71 200 02 35

Ватан бизга меросми ёки қарз?

14.01.2021 2660

Алломаларнинг фараз қилишича, инсоният ўзининг тарихий тараққиёт босқичларида ҳали шундай камолот даражасига эришадики, унда Ватан деган тушунча улкан маъно ва беқиёс кўламга эга бўлади.

Бутун бир она сайёра – Eр шари ҳар бир инсоннинг туғилиб ўсган макони, киндик қони томган жой сифатида қадриятга айланади. 

Дини, миллати ва ирқидан қатъи назар, одам боласи ўзини ғурур билан ерлик атаб, ўзга сайёраликлар билан бўлиб ўтадиган спорт мусобақаларида, санъат анжуманларида Замин шаъни ва нуфузини ҳимоя қилиб майдонга чиқади, саҳнага кўтарилади... 

Тўғри, бу бир фараздир, бироқ доим яхши ниятга тилакдош бўлган маъқул. 

Биз бугун Ватан деганда курраи заминнинг бир парчасини, жаҳон харитасининг муайян жўғрофий кенгликда жойлашган бир нуқтасини назарда тутамиз. Ўзимиз туғилиб ўсган ҳудуд, аждодларимизнинг хоки мангу қўним топган жойни ота макон, она Ватан деб ардоқлашга одатланганмиз.

Унинг гўзалликларини, имкониятларини таърифу тавсиф этганда,  ер шаридаги ўзга иқлим, ўзга манзаралар билан қиёслаймиз, улуғлаймиз. Унга бўлган адоқсиз муҳаббатимиз, чексиз садоқатимизни ифода этамиз. 

Аммо... Ота-боболаримиздан мерос бу маконни оғизни тўлдириб, овозни баралла қўйиб, “Шу азиз юрт бизнинг Ватан”, дея баралла айта бошлаганимизга кўп бўлгани йўқ. 

Мустабид тузумнинг тарғибот машинаси шу қадар онгимизни заҳарлаган эдики, кимлардир биз учун сохта тарихлар тўқир, ўта бузиб талқин қилинган ўтмишимиздан уялиб, биз ўз улуғларимизга ҳукм-хулосалар чиқарар эдик. 

Тилимиз, тарихимиз, маданиятимиз шу қадар сохталаштирилган, ўзлигимиздан шу қадар узоқлаштирилган эдикки, баъзи бировлар ўзбекман дейиш тугул, шу тилда гапиришни ор биларди.

Салкам бир ярим аср давом этган истибдод заҳматлари, қуллик исканжасидан халослик – рўшнолик ўз-ўзидан содир бўлмади. 

Билъакс, истиқлол узоқни кўзлаган улкан зиёлиларнинг шижоати, юртимизда шаклланган қадим давлатчилик тажрибаси, истиқлолга интилишнинг қудрати билан қўлга киритилди. 

Ёш мустақил давлатимизни оёққа қўйгунгача кечган жараёнлар ҳам осон бўлгани йўқ. Ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишлар кўламини кўз олдингизга келтирсангиз, шу оз фурсатнинг маъно ва мазмуни асрларга татигулик эканига амин бўласиз. 

Сўнгги тўрт йилда муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида армиямиз салоҳияти ва жанговар қобилиятини ошириш, уни замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшинлар тузилмалари ўртасидаги яқин ҳамкорликни ўрнатиш, аскар ва офицерларни маънавий ва руҳий жиҳатдан кучайтириш бўйича комплекс ишлар бажарилди. 

Ўтган қисқа даврда ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

         Мамлакатимиз тарихида муқаддам бўлмаган, мутлақо янги тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Илгари армия ишларига аралаштирилмаган ва айро-айро фаолият кўрсатган жойлардаги давлат ҳокимияти органлари эндиликда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашда фаол иштирок этишмоқда. 

Ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори яратилди, Қуролли Кучларимизнинг ҳуқуқий мақоми ҳам аниқ белгилаб берилди.

Бош қомусимизнинг тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи нормалари билан бирга,  “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунларда меъёрий асослар тўлиқ қамраб олинди. 

         Янги таҳрирдаги “Мудофаа  доктринаси тўғрисида”ги, шунингдек,  “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги,  “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўрисида”ги, “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар билан бу муҳим база мустаҳкамланди. 

Буларнинг барчаси миллий манфаатларимизга нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб жавоб бериш зарурати билан чамбарчас боғлиқдир.

Дарҳақиқат жуда тез ўзгараётган, жаҳоннинг турли нуқталарида можаролар тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб шароитда юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш долзарб ва бирламчи вазифа бўлиб қолади. 

Бу замонда кўкдан эҳсон ёмғири кутиб бўлмаганидек, чегараларимиз ортидан ҳам нуқул хушхабар келади, деб кўз тикиш соддаликдан бошқа нарса эмас. Зотан, талаш-талаш бўлавериб, титиғи чиқиб кетган дунёни қайта тақсимлаш, унинг ресурсларига эгалик қилиш, ўз ҳузур-ҳаловати учун ўзгалар мулкини ўзлаштириш сиёсати давом этар экан, сарҳадларимиз дахлсизлигига нисбатан хавф ва таҳдидлар доим сақланиб қолаверади. 

Тан олиб айтиш керакки, ютуқ ва имкониятларимиз ҳамманинг ҳам истагидаги иш бўлаётгани йўқ. Зафар қучган дамларимиз ҳамма ҳам шодлигимизга шериклик қилишга шошилмаяпти. Аксинча, аламини ичига ютиб, тиғ санчишга пайт пойлаб юрганлар ҳам бор. Айримлар, нафақат сиёсат, иқтисодиёт, балки маънавият бобида ҳам бизга ақл ўргатмоқчи бўладилар. Шу йўл билан ғаразли ниятларини сингдириш, азалий ҳаёт тарзимиз, руҳий дунёмиз, шарқона одоб билан йўғрилган миллий менталитетимизга ёт ғоя ва қарашларини жорий этиш илинжида ўзларини бизга яқин олишга тиришадилар. 

Ваҳоланки, бунинг каби сиёсий кучлар учун дўстона такаллуф бор-йўғи – сиёсий найранг. Ватанга беқиёс муҳаббат, унинг бугунига тақдирдошлик, ўтмишидан бохабарлик – чин ватанпарварлик намунаси аслида. Шунинг учун ҳам Ватан тақдирига бефарқ бўлмаслик, огоҳликни бир дақиқа бўлсин қўлдан бермаслик, маънавий иммунитетга эга бўлиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши лозим.

Зотан "Киши қийинчилик билан қўлга киритган нарсасини осонлик билан бериб қўймайди!" Бинобарин, халқ ягона ва муқаддас мулки – Ватанга боболардан мерос мулк деб эмас, келажак авлодга қайтариш шарти билан ўтмишдан олинган қарз деб қарайди. Қарзни бус-бутун қайтариш эса – фарз!   

Худоёр МАМАТОВ,

юридик фанлари доктори, 

профессор.

манбаа ЎзА