+998 71 200 02 35

ОАВда нашр этилган мақолалар


БУГУН – УМУМЖАҲОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ КУНИ

Манбаа hudud24.uz

1950 йил 7 апрелдан бери ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш куни сифатида нишонлаб келмоқда. Маълумки, 1948 йил 7 апрель Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг Биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган кун. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига ҳозирда 194 та аъзо давлатлар киради.

ЖССТ Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бош идораси ҳамда 6 та минтақавий ва 150 та мамлакатдаги ваколатхоналарига эга. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашли. Ўзбекистон 1992 йилнинг 25 майда ЖССТга аъзо бўлган. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Ваколатхона соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни қамраб олади.

Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятида халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш йўналиши жадал ривожланиб бормоқда ва уни тартибга солишга қаратилган давлат сиёсати ҳам эволюцион ривожланиш йулидан кетмоқда. Хусусан, ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб қилиб келяпти. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга БМТнинг юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи (ЮНИАТФ) мукофоти топширилди. “Yuksalish” умуммиллий ҳаракати хабарига кўра, ЮНИАТФнинг 11-йиғилишида (2018 йил 8-9 ноябрь, Женева) юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган шахслар ютуқларини тан олиш ва оммалаштириш мақсадида ҳар йили махсус мукофот таъсис этишга қарор қилинган.

2019 йил 20 май куни Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси (ЖССА)нинг 72-сессиясида ЖССАнинг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сайланди. Таъкидланганидек, бу Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини сақлаш ва янада яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантириш ва профилактика тиббиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилаётганидан далолатдир. Бу Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлари ЖССА тадбири очилиш маросимида ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг чиқишида ҳам ўз аксини топди. Ўзбекистон дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини эътироф этгани катта ютуқдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси яратишда ЖССТ экспертларининг улкан ёрдамини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга карши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда.

БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни – бу инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлиги муҳофазаси йўлида биргаликда чора-тадбирлар ўтказиш мақсадида сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир аҳолининг эътиборини саломатлик ва соғлиқни сақлаш муаммоларига жалб қилишга қаратилган глобал кампаниядир.

Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш кунини нишонлаш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ЖССТнинг бошчилигида ташкиллаштирилади. Ушбу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади. Бундай мавзу ёки шиор остида турли-туман тадбирлар, ташаббус ва танловлар уюштириш орқали, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалалар ечимини топишдаги жамоатчилик иштироки рағбатлантирилади.

2018 ва 2019 йиллари ЖССТ Умумжаҳон соғлиқни сақлаш кунини инсонларга қандай ёрдам ва қандай хизматлар олиш имконияти борлиги ва уларни қандай олиш мумкинлиги тўғрисида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш хизматлари билан ёппасига қамраб олиш мавзусига бағишлади. Соғлиқни сақлаш хизматлари билан ёппасига қамраб олиш ғояси барча инсонларни зарур жойда ва зарур вақтда ҳеч қандай молиявий қийинчиликларсиз таъминлашдан иборатдир.

2020 йил “Халқаро ҳамширалик ва акушерлик хизмати ходимлари” йили деб эълон қилинган, шу сабабли ушбу кун тадбирлари ҳамширалар ва акушерлик хизмати ходимларининг бутун дунёда одамларнинг соғлиғини ҳимоя қилишдаги муҳим ўрни ва ҳамширалар ва акушерлик хизматларини кучайтириш зарурлигига бағишланди. Афсуски, дунё илк бор коронавирус инфекцияси пандемиясига дуч келиши ўз таъсирини кўрсатди ҳамда “Умумжаҳон саломатлик куни”ни нишонлаш ўзига хос, яъни ташвишли шароитда ўтмоқда.

Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. Вирусга қарши кураш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш масъулияти эса, табиийки, шифокорлар гарданига тушган. Пандемия шифокорлар қанчалик муҳим касб эгалари ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга эканини кўрсатиб берди. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонликдир.

Биз тиббиёт ходимлари тимсолида халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Ҳозирги кунда юзага келган вазият юртимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг елкасидаги юкнинг залвори оғирдир. Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқаси қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Лекин бу оғир таҳликалар вақтинчалик ҳолатдир ва биз барчамиз ҳамжиҳатликда айтилаётган тавсиялар ва талабларга оғишмай риоя қилиб, ушбу оғир синовдан ўта олишимизга шубҳа йўқ.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари учун, уларга ЖССТ тавсиялари асосида ва халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бугун Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни санасида сиз, фидойи тиббиёт ходимларига, айниқса, бутун жаҳонни таҳликага солган пандемия шароитида инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишдек шарафли касб эгаларига юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Шухрат РАХМАНОВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази доценти, юридик фанлар номзоди

__________________________________________________________________________________________________________________________

Биздан фақатгина сабр-тоқат ва ўзимизни асраш талаб қилинаяпти

Манбаа hudud24.uz

Эл қайғуси-юрт қайғуси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат қилди.

Президентимиз бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемиясининг салбий таъсири, юзага келаётган инқирозлар ва глобал муаммолар ҳақида тўхталиши билан бирга мамлакатимизда юзага келган вазият, айрим фуқароларнинг вафоти муносабати билан уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди. Давлатимиз раҳбари хориждан олиб келинган фуқароларимизнинг карантинга олингани, келгусида пандемия оқибатларини камайтириш ва унинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

Тарихда, юрт раҳбарлари турли талофатлар, урушлар ва глобал бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатганликларини яхши биламиз. Лекин 34 миллион аҳолига эга бўлган катта давлатнинг раҳбари бугунги ташвишли кунларнинг барча юкини ўз зиммасига олди.

“Тарихни шахслар яратади”, деган ибора бежизга айтилмаган. Бугун давлатлар қанчалик қудратли, аҳолиси қанчалик кўп бўлмасин, пандемия олдида шошиб қолди. Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, халқни талофатсиз бу балодан олиб чиқиш, далат бошқаруви ва иқтисодиётида ўйлаб кўрилмаган тезкор тадбирларни ўтказиш, яъни мобил шифохона, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни аниқлаб, уларга манзилли амалий ёрдам кўрсатиш, мамлакатни тоза, озода тутиш, жамиятни етаклаш, таътилда бўлинганда ҳам ойлик иш ҳақини тўлаб туриш, пенсия, нафақаларни эгалари қўлига ўз вақтида етказиш, иқтисодиётнинг энг муҳим йўналишлари, айниқса, қишлоқ хўжалигини юритиш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш орқали уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш каби масалаларни фақат ўз халқи ва юртини қалбдан севган одамгина ҳал эта олади. Ана шундай муҳим ва оғир юк бугун Президентимизнинг зиммасига тушди.

Халққа мурожаат қилар экан, Президентимиз ҳам давлат раҳбари, ҳам оддий инсон сифатида пандемиянинг мисли кўрилмаган таъсирини бошқалардан кўра чуқур англайди, инсонни бой бериб қўймаслик, оила боқувчисини асраб қолиш, келажак авлодларга обод ва бой давлатни мерос қилиб қолдириш ҳар қачонгидан кўра кун тартибига чиқди.

Президентимиз юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, олиб борилаётган сиёсатимизни фаол қўллаб-қувватлаётган халқимизга раҳмат айтиш билан бирга, жонини гаровга қўйиб пандемия билан курашда олдинги сафларда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Шубҳасиз, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Далатимиз раҳбари ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва саломатлигимиз учун оталарча қайғурар экан, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганлиги, айрим шахслар пандемия балосининг кўлами, унинг аянчли оқибатлари, давлат ва жамият инқирози кўлами ҳақида тор ўйлаётгани, карантин қоидаларини очиқдан очиқ бузаётгани каби ҳолатларни изтироб ва афсус билан қайд этиб ўтди.

Мурожаатда Президентимиз қадимий урф-одатларимизга қатъий риоя этишимиз, хусусан, азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлаш лозимлигин ҳам эсга олди. Бундан ташқари, ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётганларга миннатдорлик билдирар экан, аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозимлиги ҳам эслатиб ўтилди. Бундай бало хонадонларимиз тоза, озода, ўзимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан пок, сабр-тоқат билан оила бағрида бўлгандагина даф бўлиши мумкин. Шу ўринда кўпни кўрган, ҳар қандай қийичинликларни мардонавор енгиб ўтган нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар, деб ишонч билдирди, давлат раҳбари.

Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимиз таъкидланар экан, бунинг учун инсонга катта ақл ёки билим керак эмас, ахир. Шу ўринда “эй инсон жонинг сенга керак, нега унинг қадрига етмаяпсан, оила аъзоларингда қасдинг борми”, дегинг келади.

Бугун мамлакатимизда қарийб 8 миллиондан ортиқ мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва талабалар ўйда ўтиришибди. Улар ўз вақтида билим олишлари учун барча имкониятлар қидирилаяпти. Шунга кўра, Президентимиз “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”, деб оталарча ғамхўрлик ва ишонч билан фарзандларимизга алоҳида мурожаат қилди. Бежизга, Қуръони Каримнинг 7-Аъроф сурасининг 52-оятида “…Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик”, 17-Исро сурасининг 14-оятида “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”, деб айтилмаган. Бугун ҳар биримиз уйда қолиб мустақил илм олиш орқали ибодат қилаяпмиз.

Мурожаатда пандемияни тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори биз ҳам жиддий изланишдамиз. Одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун барча режаларни кўраяпмиз, деб алоҳида урғу берилди.

Президентимиз жорий йилнинг 19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида қабул қилинган фармон ҳақида эслар экан, шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш, қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилганини таъкидлаб ўтди.

Президентимиз фермер ва деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз олдида ўта муҳим вазифалар тургани, кундалик юмушларни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз, бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлиши, вақтни эса орқага қайтариб бўлмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари катта ишонч ва самимият билан кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунларнинг ўтиб кетиши, буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтгани, ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтишимизга ишонч билдирди.

Биздан бугунги оғир кунларда фақат сабр-тоқат қилиш, соғлигимизни сақлаш, илм олиш, ибодат қилиш, ўзлигимизни англаш, ўзимизни ва атрофимиздагиларни асраш, энг асосийси, ИНСОН деган номга муносиб бўлишимиз талаб этилади, холос.

Бобоқул Тошев,

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,

юридик фанлар доктори

__________________________________________________________________________________________________________________________

Бефарқликнинг бадали борми?

Манбаа hudud24.uz

2018 йил июнь ойида UZREPORT телеканали одамларни ўзига хос тарзда синовдан ўтказди. Актёрлардан иборат икки-уч нафар йигит бир ўсмирга дўқ-пўписа қилди ва гўёки уни калтаклади. Яширин камерада суратга олинган мазкур “саҳна”лар гавжум жойларда, бекатдан сал нарида, пиёдалар йўлакчасида уюштирилди. Ўтган-кетган уларнинг ажримига аралашмади, кўриб кўрмаганга олди. Бепарво ўтиб кетаверди. Айрим эркакларни эса хотини судрагудек қилиб ўз ортидан эргаштирди. Хуллас, ўткинчилар оч қорним – тинч қулоғим қабилида иш тутишди. Аслида эса бу шунчаки бефарқлик, лоқайдлик, қўрқоқлик бўлиб, жамиятни емирадиган иллатлардир.

 Атрофимизда юз бераётган воқеларга бефарқ бўлмасдан хушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай бефарқлик, эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай окибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини  топган.

Шундай бўлса-да, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз бефарқлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини афсус ила қайд этиш лозим.  Машҳур  адиблардан бири  “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!”, — деб ёзган эди.

2019  йил кузида Хитойда пандора  қутиси оғзи очилиб, ундан коронавирус деб номланмиш инсониятни емирувчи унинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи иблис чиқиб келди. Бу коронавирус қисқа муддатда ер юзининг 180 яқин мамлакатлари ҳудудини қамраб олиб юзлаб, минглаб инсонларни ёстиғини қуритиб келмоқда, унинг қаршисида дунёнинг энг қудратли давлатлари ҳам ожиз қолмоқда.

Хўш, нима учун бу коронавирус деб номланмиш хавф олдида дунёнинг барча мамлакатлари  чорасиз қолмоқда, нима учун бу хавфни бартараф этиш учун мамлакатлар ажратаётган  миллиардлаб доллар пуллар натижа бермаяпди, кўрилган чора тадбирлар  самарасиз кетмоқда, чунки ҳамма гап бу ерда инсонларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги ва бепорвалигидадир.  Шу ўринда бир ўхшатиш ёдимга тушди. Африкада  туяқуш деган  жонзот яшайди. Туяқушнинг ғалати одати бор: бирон хавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда ҳам шундай одат мавжуд: келаётган хавфдан қўрқиб, бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайдилар, атрофга қарамайдилар. Келажакни тасаввур қила олмайдилар. Энг ёмони яқинлашаётган хатарни сезмайдилар ва оқибатларини ҳис этмайдилар.

   Бугунги кунда кўзга кўринмайдиган инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган таҳдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Биргина мисол, юртимизда коронавирус сабаб ўрнатилган  карантин қоидаларини айрим кимсалар томонидан атайлаб бузилиши ва бу қоидаларни менсимаслик шу бефарқлик,  лоқайдлик ва  бепарволик оқибати эканлиги эмасми? Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?”. У киши айтдилар: “Одамларнинг ёмонликни кўра туриб, кўрмасликка олгани, бефарқ,  бепарво, лоқайд бўлганидир”.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, — деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар мамлакат хавфсизлигини, тинчлик-осойишталигини асраш  деганда қўлда курол билан мамлакат сарҳадларини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Тинчликни асраш фақат мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Тинчлик фаровон, осойишта ҳаётимиз, жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳамманинг ва ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур.

Беғамлик, бефарқлик эса лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: андиша – кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади, агар одамлар бефарқ ва бепарво бўлса унда ким уялиши керак? Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки мутаассиб  бўлади, бефарқ ва бепарво одамлар кўп бўлса бу мамлакатни келажаги ҳам ўлади.

Ҳозирги оғир дамларда мамлакат Президенти, ҳукумати коронавирус оқибатларига қарши кескин чоралар кўриб бир қатор Фармонлар ва қарорлар қабул қилинди,  фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда, коронавирусга қарши республика комиссияси фаолият юритмоқда, умумий миқдори 10 триллион сўмлик махсус фонд ташкил этилди, рекорд, қисқа муддатларда шифохоналар барпо этилмоқда, хорижий мамлакатлар ҳудудида қолиб кетган фуқароларимизни олиб келиш учун чартер рейслари ташкил этилмоқда, барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти бу балони бартараф этиш учун сафарбар этилмоқда,  юзлаб, минглаб тиббиёт ходимлари, ички ишлар, мудофаа, миллий гвардия хизматчилари куну тун тиним билмай хизмат жойларида қолиб фаолият юритмоқда. Шундай шароитда биздан фақат бир нарса талаб этилмоқда:  карантин талабларига оғишмай амал қилиш, уйимизда қолиб, мулоқат доирамизни кескин чеклаш, бефарқ ва бепарво бўлмасдан бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб қилиш. Бу коронавирусдан халқимизни асрашнинг ягона тўғри йўли ва бу йўлни қанчалик тўғри эканлигини Хитойни вирус тарқаган Ухань шаҳри исботлади ва у ерда вирус, ўрнатилган карантин ва темир интизом олдида чекинишга мажбур бўлди.

Дунё миқёсида бефарқлик ва бепарволикни баҳоси қандай?

АҚШдаги Жон Хопкинс университети томонидан 02 апрель 2020 йилгача бўлган коронавирус пандемияси маълумотлари:

1) дунё мамлакатларида коронавирус  билан касалланганлар сони — 857 927 нафар;

2) ушбу касалликдан вафот этганлар сони — 42 115нафар;

3) коронавирусдан тузалганлар сони — 178 103 нафар.

Ўзбекистондаги ҳолат: 187 нафар.

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузган шахслар сони — 17 668 нафар; шундан – 314 нафари карантин ҳудудини тарк этган,  23 нафари тўй, марака ўтказиш тартибини бузган, 4 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган, қолганлари ниқоб тақмаган.

Хулоса ўзингиздан……….

Ғайбулла Алимов,

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедраси мудири

__________________________________________________________________________________________________________________________

Инсонлар ўз интеллекти устида ишламай қўйди

Манбаа hudud24.uz

Қиссадан бир сабоқ: Пандемияга қарши руҳий қувват зарур!

Бугун бутун дунёда пaндемия инсоният аҳлини таҳликага солмоқда. Бу эса ўз навбатида дунё давлатларида ва республикамизда ҳам карантин эълон қилишга олиб келди. Хўш, биз бундай вазиятдан қандай хулосалар чиқариб яшаяпмиз? Мен юзага келган бу вазиятдан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги хусусида баъзи бир фикрларимни баён қилмоқчиман.

Яъни бу вазият одамларнинг ўз инсоний потенциалини кучлироқ ишга солиш ва ривожлантириши учун муҳим бўлган шарт-шароитни яратди десам, адашмайман. Мен ўйлайманки, бундай шароитда биринчи навбатда, иш кунимизни яхшилаб режалаштириб, тўғридан – тўғри ўзимиз устимизда ишлашимиз керак. Кимдир китоб мутолаа қилиши, кимдир ижод қилиб асарлар ёзиши, яна кимлардир каштачилик, рассомчилик билан шуғулланиши натижасида яхши самарага эришади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Биз мустақил ишлаш деган тушунчани анча вақтдан буён эсимиздан чиқариб қўйганмиз. Инсонлар ўз интеллекти устида, мустақил ишламай қўйди. Оқибатда эса биз бир қолипда яъни, бир хил фикрлайдиган, шу қолипдан ўзгача фикрламайдиган одамларга кўпроқ дуч кела бошладик. Бундай ҳолат эса ўз-ўзидан ҳаёт тарзимизда муаммолар келтириб чиқара бошлади. Кўплаб муаммоларнинг таг замирида, қолип фикрлаш, профессионалликнинг йўқлиги, ҳамда инсон ўзининг потенциалини ишга сола олмаслиги ётади. Айни дамда, шу коронавирус даврида ўзимизнинг потенциалимизни, ўз ақлий салоҳиятимизни ишга солиш имкониятига вақт нуқтаи назаридан эга бўлишимиз мумкин. “Бир ёмоннинг, яхшиси ҳам бор” деганларидек, бу ҳолат бизларни янада ўзимизнинг ақлий салоҳиятимизни ошириш, профессионал даражамизни кўтариш имконини яратмоқда. Шахсан мен сўнгги кунларда 4 та китобни мутолаа қилдим. Турмуш тарзимга кўра, ишлаётган давримда ҳам мен ҳар куни китоб ўқийман. Шундай экан, сўнгги ўқиган китобларим ҳақида батафсилроқ маълумот берсам.

Улар ўзимнинг қизиқишларим бўйича қуйидаги кетма-кетликда:

Инсон қалби ҳам катта бир китоб!

ХХ асрнинг энг кўзга кўринган файласуфи Эрих Фроммнинг «Инсон қалби» номли асари. Бу асар инсон қалбининг яхшиликка ва ёвузликка бўлган ҳаддини, зўравонликнинг туб замири, севги ва меҳр санъати, рамзлар психоанализи, Фрейд ва инсон онги эволюцияси каби масалаларни таҳлил қилади. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, инсон қалбининг ривожланиши нималарга боғлиқлиги, инсоннинг ҳаётда яшаш мазмуни каби бир қанча глобал муаммоларга жавоб топгандек бўласиз. Буни албатта ўзини идрок қила оладиган ва идрок қилмоқчи бўлган инсонларга ўқиши учун тавсия қиламан.

     Биринчи Хоним бестселлери

Кейт Андерсен Брауэрнинг «Биринчи Хоним» номли китобини буюртма орқали Россиядан келтириб ўқиб чиқдим. Унда АҚШ сиёсатида муҳим ўрин тутган машҳур президентларнинг аёллари олиб борган фаолияти ва уларнинг кундалик ҳаёти тўғрисида, АҚШ президентлари рафиқаларининг жамият ривожи учун қилган фойдали ва хайрли ишлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Жаҳон сиёсатида етакчи давлат бўлмиш АҚШнинг сиёсий ҳаётида «Биринчи Хоним»ларнинг тан олинмаган ўрни беқиёслиги аниқ фактлар, хронологик воқеалар асосида ёритилган. Албатта, аниқ фактларга асосланиб ёзилган бу китобни сизга ҳам тавсия қиламан.

Эммануэл Макроннинг “Революция” асари

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг «Революция» номли бестселлери 2016 йили Францияда чоп этилган. 2018 йилда эса бу китоб ўзбек тилига таржима қилинди. Китобда Франция буюк ўзгаришлар даврида яшаётгани, Франциядаги сиёсий жараёнларнинг бугунги ҳолати, мамлакатда турмуш тарзини яхшилаш, келажак авлод таълими, кам таъминланганларга ёрдам бериш тактика ва стратегияси амалдаги Президент назаридан баён қилинган. Бу китобни давлатшунослар, сиёсатшуносларга ва касбдошларимга тавсия қилган бўлар эдим.

Фикрлар стратегияси ҳам мавжуд!

Яна бир яхши китоб – бу “Ўйинлар назарияси” деб номланган Авинаш Диксит ва Барри Нейлбаффларнинг ҳаётда ва бизнесда стратегик фикрлаш санъати тўғрисидаги китобдир . Бу китобда стратегик фикрлаш санъати ҳақидаги назарий таҳлиллар жуда кўп мисоллар орқали баён қилинган. Умуман олганда, китобни ўқиб ҳаётда ва бизнесда қандай стратегик фикрлаб муваффақиятга эришиш мумкинлиги, инсон онгини қандай стратегик фикрлашга қаратиш лозим каби саволларга жавоб олишингиз мумкин.

Китоб ўқиш инсоннинг ўз устида ишлашида илк ва муҳим босқич ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида инсоннинг билиш, англаш, тафаккур қилиш ҳамда унинг ақлий потенциалини кучайтириб боради. Ва ўз навбатида инсонга билимлар мажмуи руҳий хотиржамликни ҳам беради. Муқаддас динимизда ҳам, бошқа фалсафий қарашларда ҳам инсоннинг руҳий хотиржамлиги жисмоний ва маънавий кучнинг пойдевори айтилган. Шубҳасизки, бу хотиржамлик билим орқали пайдо бўлади. Билим эса китобларда мужассам. Ҳозирги юртимизда бўлиб турган вазиятдан келиб чиқиб ватандошларимизга оз бўлса-да руҳан қувватланиб олинг, деган бўлардим. Чунки руҳан кучли бўлган ҳар қандай инсон офатларни енга олади.

Лола САИДОВА,

Юридик фанлар доктори

__________________________________________________________________________________________________________________________

Дунёда энг катта бойлик – инсоннинг ўзи

манбаа УзА

Инсон борлиқнинг энг олий мавжудоти сифатида яратилган экан, у катта бир оила – башарият бўлиб замон ва макон оралиғида яшаб келаяпти. Инсон яралибдики, у борлиқнинг бошқа иштирокчилари, айниқса, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан ёнма-ён яшаб келмоқда. 

Борлиқнинг гултожи сифатида Ҳазрати инсонга табиатнинг барча бойликлари – нозу-неъматлар, сув ва ҳаво тортиқ қилинган. Замонлар оша инсоният тафаккури ҳам ривожланди, унинг табиат ва жамиятга нисбатан қарашлари ҳам ўзгариб борди. 

Башарият ривожида давлатлар пайдо бўлди, турли қарашларга асосланган жамиятлар шаклланди, шунга кўра инсоннинг табиат ресурсларига эгалик қилиш ҳисси ҳам оша борди. Бойлик, табиий ресурсларга эгалик қилиш, дунёни бўлиб олишга қаратилган завқ ва янги ғоялар пайдо бўлди. Катта ресурсларга эга бўлган давлатларда дунёга ҳукмронлик қилиш, кучсиз давлатларни ўзига бўйсундириш, қолаверса табиат бойликларига мутлақ эга бўлиш кайфияти оқибатда турли урушларни келтириб чиқарди. Урушлар туфайли инсониятнинг яна тафаккури ўзгарди. 

Инсоният бугунга қадар неча марта уруш қилгани, унда қанча одам ҳалок бўлгани ҳақида аниқ рақамлар мавжуд бўлмаса-да, лекин унинг оқибатлари ҳам жамиятга, ҳам табиатга катта салбий таъсир ўтказди. Урушлар туфайли бир томондан вайронагарчилик, қашшоқлик, касалликлар келиб чиққан, табиат мувозанати издан чиққан бўлса, иккинчи томондан инсоният янги урушларни бошлаш учун қуролланиш пайига ўтиб олди. 

Инсониятнинг табиат ва атроф-муҳитга нисбатан бешафқат муносабатда бўлиши, қолаверса она-замин қиёфасининг мажбуран ўзгартирилиши қачондир ўзининг акс-садосини бериши турган гап эди. Мана ўша акс-садонинг битта кўринмас шакли “коронавирус” эпидемияси! 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотнинг 2020 йил 31 март ҳолатидаги ахборотида дунё бўйича 693,8 минг киши ушбу вирус билан касаллангани, шундан 160 минг шахс тузалгани эълон қилинди. Жон Хопкинс университетининг маълумотларига кўра АҚШда 159,9 минг, Италияда 101,7 минг, Испанияда 85,1 минг, Хитойда 82,1 минг, Германияда 63,9 минг, Францияда 45,1 минг, Эронда 41495, Буюк Британияда 22141, Швейцарияда 15 922, Бельгияда 11 899, Нидерландияда 11750 шахс ушбу вирус билан касалланган. Бугунга қадар эса дунёда 36946 шахс касаллик туфайли оламдан ўтган. 

Бугун одамзод кўринмас душман – эпидемия билан рўбару келди. Биз бу душманни кўрмаймиз, унинг овозини эшитмаймиз, у билан юзма-юз тўқнашмаймиз. У қандай кучки, нега биз унинг олдида шошиб қолдик? Чунки, у кўринмас, унинг жойлашган манзили номаълум, илм-фанда бугунгача ўрганилмаган. У бизнинг тафаккуримиздан ташқарида, у бизнинг Борлиқ ва Табиатга нисбатан шаклланган қарашларимиз доирасига кирмаган. 

Балки, унинг ҳам борлиқда яшаш ҳуқуқи бордир. Унинг ҳуқуқи биз ўйлаб топган қонунларда белгиланмаган. У Яратганнинг инсониятга синови сифатида юборилган ёки табиатнинг одам зотига юборган қаҳридир. Нима бўлса ҳам одамзод Яратган ва табиат олдида ожиз эканлигини билиб қолди. 

Тўғри, инсоният урушлар билан бирга турли катаклизмлар, табиат ҳодисалари, эпидемиялар, касалликларга мардонавор турган, уларга қарши курашган, унинг таъсирини камайтирган, оқибатларини бартараф этган. Шу орқали инсон насли давом этиб келмоқда. Лекин, юксак илм-фан ютуқлари, техника ва технологияларга эга бўлган мана-ман деган катта ва бой давлатлар ҳам бу коронавирус балоси олдида шошиб қолди. Нима қилиш керак? 

Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб қатъий белгиланган. Бу дегани, халқ бор бор экан, давлат ҳам бўлади. Шундай экан, “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” (Конституциянинг 13-моддаси), “яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир” (Конституциянинг 24-моддаси). Ана шу қоидаларга кўра давлат ўзи фуқароларини ҳимоя қила олсагина, давлат сифатида намоён бўлади. Ҳеч бир инсон бундай балоларни бир ўзи ёки ўзи хоҳлагандай бартараф эта олмайди. Давлат ҳокимиятининг кучи ҳам шунда! 

Дунёда коронавирус пандемияси юзага келгани эълон қилинган кундан бошлаб, мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қатъий чоралар кўришга киришди. Президентимиз томонидан 2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармонда халқимизни сақлаш ва эпидемия таъсирини камайтириш билан боғлиқ қатор чоралар белгиланди. Мазкур фармон билан Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси таркиби ҳам тасдиқланди. Комиссия бугун туну-кун ишламоқда. 

2020 йил 23 март куни эса Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ҳам қабул қилинди. Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишини олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. 

Давлатимизнинг бундай кескин ва қатъий чоралар кўриши, аввало Конституциямизнинг 22-моддасида белгиланган “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деган қоидадан келиб чиқади. Бу “инсон – энг катта бойлик” эканини англатади. Шунга кўра махсус комиссия қарори билан сўнгги ўн кун ичида қатор чартер авиарейслар ташкил этилиб, хорижий мамлакатларда турли сабаблар билан бўлиб турган фуқароларимиз давлат ҳисобидан олиб келинди, карантин ҳолатида уларнинг саломатлиги назоратга олинди. 

“Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” деган тамойил (Конституциянинг 4-моддаси)га риоя этиб ва юқори инсонпарварлик ғояларини намоён этиб, давлатимиз барча қийинчиликларни ўз зиммасига олди. Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. 

Биргина мисол, фармон билан тадбиркорлик субъектларига катта молиявий-иқтисодий имтиёзлар берилди, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳақ тўланадиган вақтинчалик меҳнат таътилига чиқарилди. 

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш катта маблағлар талаб этади. Инсон қадр-қиммати улуғланган, инсон ва унинг ҳаётини бебаҳо бойлик деб эътироф этган, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларга хизмат қилишига амал қилинган, давлат ҳокимияти ва бошқаруви инсонпарварлик ғояларига йўналтирилган мамлакат амалга оширилиши мумкинлигини кўриб турибмиз. 

Бугун мамлакатимизда карантин эълон қилинди. Карантин касаллик тарқалиши олдини олишнинг энг қатъий чораси, жамиятнинг ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя этган ҳолда, фуқароларнинг ҳаракатларини мумкин қадар камайтириш, жамоа бўлиб туришнинг олдини олиш, давлат ва жамиятнинг мувозанатда бўлишини англатади. Карантин қоидаларига риоя этмаслик қандай хунук оқибатлар келтириб чиқаётганини вирус энг кўп тарқалган давлатлар мисолида кўриб турибмиз. 

Карантин-бу чиллада ўтириш дегани. Қадимда ҳам аждодларимиз кенг тарқалган юқумли касалликлардан ҳимояланиш учун чилла сақлаган, уйлар дарвозалари ва деворларига белгилар қўйилган. Белгиларни кўрганлар касаллари бор хонадонлардан узоқ юришган, хонадон аъзолари билан мулоқотга киришмай турган. 

Ташвишли кунларда бизнинг давлатимизга кўрсатадиган шахсий ёрдамимиз – бу оила аъзоларимиз билан уйда қолиш, куннинг маълум кунларида оила аъзоларидан фақат бир кишининг озиқ-овқат ва рўзғор учун бошқа зарур маҳсулотлар олиш учун кўчага чиқишини таъминлаш, уйга қайтгандан сўнг эса санитария қоидалари асосида кийим-кечакларни иложи борича ташқи таъсирдан зарарсизлантириш талаб этилади. 

Бугун даврнинг ўзи биздан сабр-тоқат қилиш, бозор қонуниятлари асосида шаклланган замонавий қарашлар ва тафаккуримизни ислоҳ қилиш, мурувватли ва меҳрли бўлиш, ўзимиз шакллантирган давлат ҳокимияти ва сайлаб қўйган раҳбарларимиз талабларига бўйсуниш, жипслашиш, бир-биримизга бўлган муносабатимизни ўзгартириш, инсониятнинг келгуси тақдири ҳақида қайғуриш, энг асосийси, ўз жонимизни асрашимизни талаб этмоқда. Бу дунёда энг катта бойлик инсоннинг ўзи эканлигини чуқур англасак, бу ташвишли кунларни албатта енгиб ўтамиз. 

Бобоқул ТОШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири,

юридик фанлари доктори

__________________________________________________________________________________________________________________________

Пандемия нафақат инсон учун, балки иқтисодиётга ҳам зарарли 

манбаа  zarnews.uz

Ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекциясининг инсоният бошига бундай оғир синовларни келтириши кутилмаган эди. Жуда тез суратда ушбу эпидемия дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалиб, пандемия даражасига етди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тарқатилаётган хабарларга кўра, 2020 йил 28 март ҳолатига ушбу инфекцияга чалинган одамлар сони 593291 кишини, бир кунда аниқланган ҳолатлар эса 63700 тани ташкил этмоқда. Инфекциянинг тезлик билан тарқалиш суръати юқорилигини бартараф этишга оид кескин чоралар кўришни талаб этмоқда.

Шу сабабли дунёнинг барча давлатлари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритиб, барча оммавий тадбирларни номаълум муддатга кечиктириш чораларини кўрмоқда. Ҳаттоки, Халқаро олимпия қўмитаси жорий йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларини 2021йилнинг ёзига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жамиятдаги инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва барча оммавий тадбирлар ўтказишни номаълум муддатга кечиктириш тўғрисида чоралар мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига таъсирини ўтказиши барчамизга маълум.

Давлатлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар оқибатида йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг кескин ўзгариши ва конъюнктуранинг ёмонлашувига сабаб бўлади.

Жаҳон глобал иқтисодиётининг бир қисми Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этувчи салбий оқибатларни юмшатиш ҳамда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” махсус Фармон қабул қилинди. Фармонда коронавирус пандемиясининг кенг тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Коронавирус сабабли барча давлатларда бўлганидек, мамлакат чегараларининг ёпилиши, ички қатновларнинг вақтинчалик чекланиши туризм, транспорт, умумий овқатланиш каби соҳалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича фармонда белгиланган чора-тадбирларни қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:

►  аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини

қўллаб-қувватлашнинг ташкилий механизмлар;

►  аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг солиқ механизмлари;

►  тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг кредит механизмлари.

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича белгиланган ташкилий-иқтисодий механизмлар кенг кўламлилигини қайд этиш зарур. Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг ташкилий механизмлари нафақат иқтисодиёт субъектларини, балки аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳам ҳимоялашга йўналтирилганлиги сабабли ҳам аҳамиятли.

Иқтисодиёт субъектлари, аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳимоялашга йўналтирилган ташкилий механизмлари таркибига фармонда белгиланган қуйидаги вазифаларни киритиш мумкин:

►  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши;

►  ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва сотиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик ҳамда компенсация тақдим этишга;

►  республика ҳудудларида иқтисодий фаолликни ва бандликни кенгайтиришга қаратилган қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга;

►  кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга;

►  форс-мажор ҳолатни эътироф этиш ва хўжалик юритувчи субъектларга бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар бериш;

►  истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ресурслари ҳажмларини мониторинг қилиш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш учун уларнинг биржага қўйиш ҳажмини ошириш чораларини кўриш;

►  импортга харид қилинадиган ва интервенция амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати ҳамда зарур ҳажмларини аниқлаш;

►  ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказиш ва нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва ажиотажларга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатиш;

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича фармонда белгиланган солиқ механизмлари юқорида қайд этилган ташкилий механизмларнинг узвий давоми ҳисобланади.

Фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини солиқ механизми воситасида қўллаб-қувватлаш бўйича назарда тутилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

►  якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтириш;

►  2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлашни тўхтатиш;

►   қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтириш;

►   2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш;

►   жисмоний шахсларнинг мол-мулк  ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш;

►2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш.

Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш ва солиқ тўловчиларнинг аризасига кўра, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосаларига асосан хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш вазифалари юклатилди.

Иқтисодий инқироз хўжалик юритувчилар тўлов қобилиятининг йўқотилиши ва банкротлигига сабаб бўлади. Тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида фармонда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирининг салбий оқибатларини бартараф этишда кредит механизмидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда кенг фойдаланиш  режалаштирилган. Жумладан,

►  биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

►  ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш;

►  коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш;

►  уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдириш;

►  банк ва тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор фаолиятини таъминлаш учун пул бозорига ҳар ойда умумий суммаси 1 триллион сўмгача ликвидлик тақдим этиш;

►  банкоматларнинг етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланиши, шунингдек, масофавий банк хизматларини ривожлантиришни рағбатлантириш;

►  туризм-меҳмонхона соҳаси субъектлари ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 триллион сўмлик қарздорликларни тўлаш муддатларини 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш;

►  хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлари ажратиш;

►  2020 йил 1 июнга қадар кредит портфелини стресс-тестдан ўтказиш, шунингдек, муаммоли кредитларнинг ортиш хавфи мавжуд бўлган банкларда активлар сифатини баҳолаб бориш натижаларини тақдим этишчора-тадбирлари белгиланди.

Қайд этиш лозимки, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар 2008 йилдаги жаҳон молиявий иқтисодий инқирозидаги чоралардан ҳам кенг кўламли ҳисобланади. Ушбу чора-тадбирлар коронавирус пандемиясини аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича ҳукумат томонидан белгиланган талабларга оғишмай риоя этиш аҳолининг нафақат ўз соғлиғини сақлаш учун хизмат қилади, балки ҳар биримизнинг мамлакатдаги иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга қўшган ҳиссамиз ҳам ҳисобланади.

Баҳодир ИСРОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, профессор

__________________________________________________________________________________________________________________________

Қай даражада ижтимоийлашганмиз?

манбаа  кун.уз

Бугун биз, ҳаммамиз мисли кўрилмаган, ноёб вазиятдамиз. Яқин тарихда биринчи маротаба инсоният глобал касаллик билан юзлашмоқда. Ишонч билан айта оламизки, коронавируснинг янги тури дунёнинг бирон бир мамлакатини четлаб ўтмайди. Бу, шубҳасиз, инсоният учун узоқ қатга ҳатто ўнлаб йилларга татийдиган энг қийин синовлардан биридир.

Шунингдек, ушбу касалликнинг тарқалиши бизнинг қай даражад ижтимоийлашганимизни ва масъулиятлилигимизни аниқ кўрсатиб бермоқд.

Инсоният ўз тарихи давомида турли хил эпидемияларга дуч келган. Мактаб дарслигидан вабо, тиф каби кўплаб эпидемияларнинг даҳшатли оқибатлари ҳақида биламиз. Бугунги кунда дунёда транспорт тизимининг ривожланиши ва транспортнинг арзонлашиши миллионлаб одамлар ҳар куни узоқ масофаларга саёҳат қилишларига, мамлакатлар ва қитъалар ўртасида ўн минглаб кемалар ва самолётлар қатновига олиб келди. Бундан ташқари, дунё аҳолисининг зичлиги мисли кўрилмаган кўрсаткичларга етди. Йигирма биринчи асрнинг бошларига келиб, кўплаб мамлакатлар аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиш инқирозига олиб келди.

Буларнинг барчаси, афсуски, юқумли касалликларнинг тез ва оммавий тарқалиши учун идеал шароитларни яратади. Бунинг учун 20 ёки 30 миллион аҳолига эга бўлган мегаполисларда кўплаб савдо-сотиқ ёки кўнгилочар жойларга қанча одам ташриф буюришини тасаввур қилиш кифоя.

Биринчи маротаба инсоният 1918 йилда бутун сайёрага тарқаладиган оғир эпидемияга дуч келди. Бу "Испанканомини олган таниқли грипп эпидемияси бўлиб, биринчи жаҳон уруши авж олган пайтда мазкур грипп дунё бўйлаб ярим миллиарддан ортиқ одамни ёки дунё аҳолисининг қарийб 30 фоизини қамраб олганЎша пайтларда гриппнинг ушбу туридан ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини ҳисоблаш қийин эди, аммо бу рақам таҳминан 20 дан 100 миллионгачани ташкил этган. Бундай даҳшатли оқибатларга уруш туфайли вужудга келган антитсанитар шароитлар ва вайронагарчиликлар, шунингдек, кенг кўламли халқаро ва қитъалараро ҳаракатлар сабаб бўлган.

Қувонарлиси, сўнгги 100 йил ичида кўплаб жиҳатдан яхши тарафга ўзгарганмизХусусан, тиббиёт ва фармацевтиканинг ривожланиши юқори даражага етди. Грипп биз учун оддий ҳолатга айланди. Ҳатто парранда, чўчқа ва H5N1 грипплари ҳам шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўпчиликда кескин асоратларсиз ўтишига эришилди. Баъзиларимиз эсашифокорлар инфекциянинг ўчоқларини қандай аниқлаганлигини фақат четда туриб кўрдик ёки эшитдик.

Бугун биз барча масъулиятни давлат ва соғлиқни сақлаш тизимига юклашга одатланганмиз. Ахир, Биз ижтимоий мавжудотмиз! Биз ўзимизнинг ижтимоий алоқалар тизимимизга эга бўлган жамиятмиз. Биз, ҳатто кимдир биз учун нон пиширишига, бизни ишга олиб бориб қўйишига ва гриппдан даволашига ишонамизАлбатта буларнинг барчаси жамиятимиз учун яратилган қулайликлардир.

Аммо биз ушбу қулайликларни шунчаки кимдир шундай қилиб беришга мажбурдек қабул қилдик ва ижтимоийлашув -
бу жамиятнинг ҳар бир аъзосининг алоҳида жавобгарлигини англатишини бутунлай унутдик. Маданиятли одам кенг фикр юритиши ва бошқа одамлар манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилиши шартлигини унутдик. Индивидуаллик нафақат ўз қобиғига ўралиб қолишга, балки бефарқлик ва ижтимоий шафқатсизликка олиб келишини унутдик.

“Агар мендан кейин ахлатни олиб кетишса, нимага ахлат идишни
қидиришим керак?”

“Нега соғлиғингизни кузатишингиз керак, ахир шифокор ва дори-дармонларингиз борку?”

“Нега мен тақиқларга риоя қилишим керак, бошқалар буни қилсин, менсиз ҳам калласи катталар кўпку?!”

Бу сўзлар танишми?

Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик. Тиббий ниқобларни жамоат жойларида тақиш мажбурияти юклангунга қадар қанча одам кийган? Бир йил аввалги ҳолатни эслаб кўринг. Ниқоб таққан одамни камдан-кам ҳолларда учратар эдик. Лекин, кўплаб хорижий мамлакатларда респиратор инфекция чалинганлик ҳолати юзасидан шубҳа туғилса ҳам, ниқоб тақишни бошлашарди. Улар кўпроқ бошқаларга юқтирмаслик ҳақида ўйлашади. Ва бундай мисоллар жуда кўп. Ўтган дам олиш кунлари, бизнинг фуқароларимиз тушкунликка тушиб, озиқ-овқат сотиб олишга шошилишганда, ҳеч ким 2 метрлик масофани сақлашни ҳатто хаёлига ҳам келтирмади. Аммо кўплаб Европа мамлакатларида одамлар бундай ҳолатда дўкон ташқарисида навбатда туришди. Ҳеч нарсага қарамай, баъзи масъулиятсиз фуқаролар, ҳатто карантин ва ўзини изоляция қилиш даврида ҳам тўй ва тантаналарни, оммавий оилавий тадбирларни ва хўроз уруштириш тадбирларни ўтказишдан воз кеча олмаяптилар! Бу эса, уларнинг онгининг нақадар паст эканлигини кўрсатади. Улар фақат ўзлари, ўзларининг хоҳиш-истаклари ҳақида ўйлашга қодирлар, лекин яқинлари, ватандошлари ва умуман инсоният ҳақида эмас ...

Юз йил олдин, "чўчқа гриппи"га ўхшаш белгиларга эга бўлган "Испания гриппи" авж олган вақтда, онгли ва аниқ интизомли ҳаракат туфайлигина хавфли касалликнинг тарқалиб кетмаслигига ва деярли тўхтатишга эришилган. Масалан, ўша вақтда Сиетлда йўловчиларга тиббий ниқобсиз жамоат транспортига кириш тақиқланган ва ҳеч қандай таҳдидларсиз одамлар ушбу талабларга риоя қилишган.

Бундай ўхшашликлар жуда кўп келтириш мумкин.

Жорий йилнинг 29 март куни, Хитой коронавирус эпидемияси устидан ғалаба қозонганлигини эълон қилди. Ҳа, инфекция ҳали тўлиқ бартараф этилмади, аммо унинг тарқалиши тўлиқ назоратга олинди. Биринчи навбатда, бунга хитойликларнинг ажойиб интизоми ва масъулияти туфайли эришилди. Шунчакибунда уларнинг ҳар бирининг коронавирус пандемиясига қарши курашда шахсий жавобгарлиги ва шиддатли ғайратидан ҳайратга тушишмасликнинг иложи йўқ. Улар инфекциянинг тарқалишига фақат биргаликда курашиш мумкинлигини аниқ тушунишди. Ва бу дарҳол ўз натижаларини кўрсатди. Бу фақат шифокорлар ёки давлатнинг мажбурияти эмас, бу ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Бу ижтимоийлик даражасидар!

Аксинча, вирусга аҳамият бермаган баъзи мамлакатларда инфекциянинг назоратсиз тарқалиши ва инфекцияланганлар орасида ўлимнинг кескин ошиб кетиш ҳолатлари мавжуд.

Шубҳасиз, коронавирус пандемияси жамиятнинг ижтимоийлашув кўрсаткичидир, бу бизнинг масъулиятли эканлигимизни, инсонпарвар ва меҳрибон эканлигимизни аниқлаб беради.

Биз оиламизни боқишга, Бизнинг қўллаб-қувватлашимизга муҳтож ёлғиз инсонлар, касаллик айниқса хавфли бўлган кекса фуқаролар тўғрисида қайғуришга тайёрмизми?

Бизнинг республикамиз ҳақида, бу ёки бошқа даражада бу пандемия жиддий синовдир, чунки у иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига таъсир қилади.

Албатта, каракавирус пандемияси сабаб инсонлар ўртасидаги бирлик, меҳр-шавқатнинг нақадар кучайганлигини ўрнак сифатида кўрсатилаётганини кўриб турибмиз. Аммо, тан олиш керак, бу бизнинг Ҳукуматимиз ва бошқа давлат, жамоат  тузилмаларининг хизмати эвазига шакллантирилмоқда. Афсуски, ҳар куни бу касалликка чалинганлар сони кўпайиб бораётган бир пайтда, вазият тўлиқ назорат остида деб айта олмаймиз. Бу эса, қўшимча чоралар кераклигини англатади ва биринчи навбатда, ҳар биримиздан масъулият талаб этилади. Мамлакатимизда аллақачон 10 мингдан ортиқ карантин қоидабузарликлари мавжуд!

Асосий гигиена ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш қийинми?

Иш берувчилар масофавий иш учун шароит яратдилар ва пуллик таътилларни таъминладилар. Мактаб ўқувчилари учун масофадан ўқитиш тизими жорий этилди. Бу эса аҳолини ўзларини изоляция қилишлари ва карантин қоидаларига амал қилишлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилди.

Аммо, нега кўпчилик умумий манфаатлар учун минимал қурбонликлар қилишга тайёр эмас?

Ўйлаб кўринг, бугун уйдан чиқиб кетиш керакми?

Жамоат жойларида тиббий ниқоблар тақмасдан ва гигиена қоидаларига риоя қилмасдан яқинларингиз ва уларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф солишга тайёрмисиз?

Энди ҳар бир инсон касалликнинг олдини олиш чоралари ҳақида билади, лекин ўзингиздан сўраб кўринг, наҳотки қоидаларни тўлиқ амалга оширишга қодир эмасмиз?

Умид қиламизки, бизнинг халқимиз ўзига хос бўлган бирдамлик ва садоқатни намойиш этади ва биз яқинда коронавирус устидан тўлиқ ғалабани эълон қиламиз!

 

Артём Горохов

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази бўлим бошлиғи

__________________________________________________________________________________________________________________________

Кадрлар малакаси масофавий таълим орқали ҳам оширилади

манбаа ЎзА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида замонавий, етук кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Бунинг учун хорижий малака ошириш муассасалари фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тизимдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда Юристлар малакасини ошириш марказида илғор тажрибаларни ўрганиб, уларни амалиётга жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Жойларда сайёр ўқув йиғинлари ва онлайн масофавий таълим жараёнларини ташкил этиш мақсадида марказнинг филиалларида аудиториялар ташкил этиш ва уларни моддий-техник жиҳатдан таъмирлаш устида иш олиб борилмоқда. Жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган бу усул вақт ва маблағни тежашда қўл келади.

Марказда 7 та ихтисослик йўналиши бўйича кадрлар доимий равишда ва 10 га яқин турли соҳалардаги ихтисослик йўналишлари бўйича кадрлар талаб ва таклифлар асосида малака ошириш курсларида ўқитилмоқда. Шу кунларда марказда ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистлар ҳам малака оширмоқда.

Малака оширишнинг замонавий, тезкор ва таъсирчан шакли ҳисобланган қисқа муддатли ва мавзули ўқув курслари жорий этилди. Таълим жараёнига етакчи олимлар ва мутахассислар, шунингдек, парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг тажрибали амалиётчи ходимлари ҳам жалб этилмоқда.

Ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳам ўрнатилган. Халқаро ҳамкорлар кўмагида профессор-ўқитувчиларимиз учун семинарлар, қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Марказ АҚШ, Хитой, Германия, Франция, Венгрия, Словакия, Швеция, Польша, Испания, Португалия, Руминия ва бошқа давлатлардаги турдош ўқув муассасалари билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари олиб борилаётир.

Марказда ноширлик фаолияти яхши йўлга қўйилган. Кейинги уч йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан “Инсон ҳуқуқлари”, “Одам савдосига қарши кураш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари”, “Инсон ҳуқуқлари таълимига оид БМТ ҳужжатлари”, “Адвокатлик фаолиятининг халқаро стандартлари” каби ўнлаб китоблар чоп этилди.

Келгусида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини назарда тутадиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуалар, шу жумладан, электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуаларни яратиш устида иш олиб борилмоқда.

__________________________________________________________________________________________________________________________

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи кўлами ва долзарб вазифаларнинг белгилаб берилганлиги, айни вақтда уларнинг ечимлари кўрсатиб берилгани билан ажралиб туради.

Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, мамлакатни дунёга танитадиган сиёсий харита, мустақилликни таъминлаб берган давлатнинг паспорти сифатида тан олинар экан, у доим ўзлигимизни кўрсатиб турадиган олий қонундир. Бу қонун давлат ва жамият учун ҳар доим устувор ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида “Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деган пурмаъно сўзларини бежизга эсламади.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони эканлиги алоҳида таъкидланишида катта маъно бор. Ҳақиқатан ҳам қонун устуворлиги таъминланган давлатда демократик қадриятлар қарор топади вамустаҳкам бошқарув амалда бўлади. Президентимиз ушбу тушунчаларга чуқур таъриф берар экан, “Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир”, деб тўғри таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ушбу ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш, давлат ва жамият ўртасида мувозанатни таъминлаш, бунча қонунчиликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида алоҳида қайд этиб ўтди. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам, Мурожаатномада ҳам Конституция ва қонун устворлигини таъминлашга эришиш давлатимиз келажаги ва халқимизнинг келгуси истиқболини белгилаб беришини рўй-рост айтиб ўтди.

Бизнингча, қонун устуворлигини таъминлашга бир қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш орқали эришиш мумкин.

Биринчидан, ҳар қандай қонун ҳужжати яратилишидан олдин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари чуқур англаб олиниши, давлат ва жамият тараққиёти ривожланиши йўлида қўйилган вазифалар идрок қилиниши ва мақсадлар аниқлаб олиниши лозим.

Иккинчидан, жамиятда тартибга солинмаган ижтимоий муносабатлар аниқланиши, фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши, муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли қарашлар инобатга олиниши ҳамда илмий асосланиши керак.

Учинчидан, қонун ҳужжатлари фақат Конституцияда белгиланган нормалар, қоидалар, принциплар доирасида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, имкон қадар идоравий характердаги, ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни кескин камайтириш, қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини турлича талқин қилишга олиб келадаган ҳаволаки нормалар кириб қолишини олдини олиш,тўғридан-тўғри қўлланадиган қоидаларнинг яратилиши муҳим омиллардан саналади.

Тўртинчидан, яратилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва мутахассисларнинг экспертлик кўригидан ўтказилиши, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши лозим.

Бешинчидан, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мақомини янада ойдинлаштириш, уларнинг фақат қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилишга эришиш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, ҳар бир кишида норма ижодкорлиги қобилиятини ривожлантириш, фикрларни эркин баён қилиш муҳитини шакллантириш, ҳар қандай ғоя ва қарашларни ҳурмат қилиш, уни рағбатлантириш, илм-фан натижалари, олимларнинг илмий хулоса ва таклифларидан ўринли фойдаланиш, қонун ҳужжатларини яратишнинг институционал тизимини йўлга қўйиш лозим.

Еттинчидан, амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, умумлаштириш, кодекслаштириштиришга кенг йўл бериш, қонунчилик жараёнини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказишда ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини шарҳлаш ва талқин қилиш қобилияти ва кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш самара бериши мумкин.

Жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг энг асосий шартларидан бири бу мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билимли бўлишидир. Уларнинг ҳуқуқий билими даражаси бир томондан қабул қилинадиган қонун ҳужжатларининг сифатига таъсир кўрсатса, иккинчи томондан қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва ишончли ижросини таъминлашга олиб келади.

Давлат органларида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараёнларда очиқликни таъминлаш, лойиҳаларни кенг муҳокама қилиш, уни тегишли ҳуқуқий экспертизаларини ташкил этиш муҳим омиллардан саналади.

Президентимиз томонидан сўнгги пайтларда қабул қилинган қатор фармон ва қарорларда қонун устуворлигига эришишда мансабдор шахсларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, қўл остида ишлаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этишлари, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслик, ходимларнинг ишчанлик қобилиятини ривожлантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш ҳақида раҳбарларнинг огоҳлантирилаётгани кактта самара бериши мумкин.

Бугунги кунда “давлат органлари ва мансабдор шахслар халқққа хизмат қилиши” асосий бошқарув принципига айлантирилаётган экан, қонун устворлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири - бу фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш бўлса, иккинчи томонидан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибларини такомиллаштиришга ҳам боғлиқ. Мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифааларини нотўғри бажараши, ваколатидан четга чиқиши, масъулиятсизлиги, бюрократияга асосланиш, қоғозбозлик, мажлисбозлик каби замондан орқада қолган бошқарув принциплари қонун устворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатадиган жиҳатлар ҳисобланади.

Президентимизнинг маърузасида кўтарилган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш” ғояси нафақат давлат бошқарувини тўғри ташкил этишга хизммат қилади, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, одамларда келажакка ишонч ҳиссини кучайтириш, демократик қадриятларни кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошварувида ҳар бир кишининг иштирокини таъминлаш, муаммолар ечимини кўрсатиб берадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, мамлакатимиз зиммасига олган халқаро ҳуқуқий мажбариятларини виждонан бажариш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Инсон бахтли бўлиши, ўзини эркин ва озод ҳис қилиши, ҳаётидан рози бўлиши, ўзи ва фарзандларининг хавфсиз жамиятда яшаши кафолати айнан қонун устувор бўлган жойдагина таъминланишига шубҳа йўқ.

 

 

Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази
кафдераси мудири, юридик фанлар доктори.

__________________________________________________________________________________________________________________________

Маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаётий эҳтиёжимизга айланиши зарур

манбаа ЎзА

 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномасида 2020 йилга яхши ниятлар билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этилди. Бу халқимизнинг дилидаги таклиф бўлганлиги боис ҳам қўллаб-қувватланди.
 
Мурожаатномада Президентимиз “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”, деган пурмаъно фикрни қайд этди.
 
Дарҳақиқат, қайсики миллат, қайсики халқ ўз озодлигини, эркинлигини қўлдан берган бўлса – бунга, энг аввало, илм-маърифатга, юксак маънавиятга эътиборсизлик сабаб бўлган.
 
Инсонлар онгидаги бойликка ҳирс қўйиш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва миллатчилик кайфиятининг ўсиб бориши, давлат-жамият ва халқ тараққиёти, фаровонлигидан кўра шахсий манфаатларини устун қўйилиши ҳам пировард натижада таназзулга сабаб бўлган. Бундай кайфиятнинг шаклланишига эса, энг аввало, илмсизлик ва маърифатсизлик, маънавий бузуқлик йўл очади.
 
Шу нуқтаи назардан қараганда, Юртбошимизнинг юқорида билдирилган фикрлари ривожланган ҳуқуқий-демократик давлат, маърифатли жамият барпо этиш мақсадини кўзлаган давлатимиз, фаровон турмуш барпо этиб, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш ниятини мақсад этган халқимиз учун нақадар юксак аҳамиятга эга.
 
Юртбошимиз шарқ донишмандларининг ғояларига таяниб қайд этганларидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм.Энг катта мерос – бу яхши тарбия.Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”.
 
Ҳақиқатдан, инсон тинимсиз ўқиш, изланиш амалий тажриба орттириш орқали юксалиб боради. Буюк ишларга, ихтироларга илм ва ақл-заковат орқали эришади.
 
Бунинг илдизи оилада бўлиб, яхши тарбия олган фарзанд улғаяр экан, одоб-аҳлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлади. Натижада тарбия берган ота-онасига раҳмат олиб келади. Тарбияли инсон жамият ва давлат тараққиётига хизмат қилади.
 
Билимсизликнинг оқибати эса аянчли. Билимсиз кишининг нафақат ўзгаларга, балки ўзига ҳам фойдаси тегмайди. Бир ишни уддалай олмагач, жамиятнинг янгиланиш ва бунёдкорлик ишларига соя солади, тўсиқ бўлади. Билимсизлик оқибатида эътиборсизлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик каби иллатлар урчийди. Шу боис, билимсизлик ўта қашшоқликдир.
 
Президентимиз таъбири билан айтганда, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаммамиз учун узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.
 
Худоёр Маматов,
юридик фанлари доктори, профессор

__________________________________________________________________________________________________________________________

Қонун устуворлиги ва адолат бош мезонимизга айланиши керак

манбаа ЎзА

Мурожаатнома Парламент олдида ўтган йилни сарҳисоб қилиб, босиб ўтилган йўлга сиёсий баҳо бериб, келаётган йилда давлатнинг олий ҳокимият органлари – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этиш мақсадида устувор йўналишларни белгилайди ҳамда ислоҳотларга туртки бериш мақсадида ўзининг назарий, сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини баён этади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Мурожаатномасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бошқа омиллар билан бир қаторда қонун устуворлигини таъминлашга ҳам бевосита боғлиқ эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, қонун устуворлигини таъминлаш давлатчилик асосларини ривожлантириш ва ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлашнинг энг асосий принципларидан ҳам ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилда ушбу соҳада қандай муҳим вазифалар олдимизда турганини давлат раҳбари бирма-бир кўрсатиб ўтди. Хусусан, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш.

Маълумки, суднинг мустақиллиги бевосита қатъий, шижоатли, мустақил қарорлар қабул қила оладиган, қонунларни бир хилда қўллайдиган, инсонпарвар судьяларга боғлиқ. Ана шу мақсадда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг янги тизими яратилгани катта воқеа бўлди. Президентимизнинг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4096-сон қарорининг қабул қилиниши муҳим роль ўйнади. Бундай ҳаракатлар суд мустақиллигини таъминлаш учун қўйилган дастлабки қадамлардан биридир.

Суд ўз моҳиятига кўра суриштирув ва дастлабки терговда йўл қўйилган ёки процессуал ҳужжатларда қонунсиз мустаҳкамлаб қўйилган ҳар қандай ҳаракатга ҳуқуқий баҳо беради. Президентимиз шунинг учун ҳам “дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин”лигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Суднинг қонунда ва амалда мустақиллигининг таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳар қандай бузилишининг олдини олиши, тергов ҳаракатлари устидан суд назоратини ўрнатиш, тергов ҳаракатларининг ҳар қандай босқичида ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқларига риоя этиш, унга нисбатан ҳар қандай тазйиқларнинг олдини олиш, судда қонун билан белгилаб қўйилган ҳимоя воситаларидан эркин фойдаланиш имконини беради. Ана шундай саъйи-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда судлар томонидан фуқароларга нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилаётгани,ўзгартирилаётгани, ҳатто кўплаб оқлов ҳукмининг қўлланаётгани ислоҳотларимизнинг тўғри танланганидан далолат беради.

Хусусан, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай ижобий ишларни дунё ҳамжамияти, халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Давлат раҳбарининг бундай натижаларга эришаётганимиз бевосита судьяларга ҳам боғлиқ бўйлаётгани, шунинг учун ҳам судьяларнинг жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам доим қўллаб-қувватлашини очиқ баён этди.

Мурожаатномада Президент инсонларнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланиши амалиётини ривожлантириш билан бирга, дастлабки терговда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши сабаблари ва оқибатларига жавоб бериш механизмларини ҳам жорий этиш вазифасини қўйди.

Яна бир муҳим масалага давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шўро замонидан қолган, суд алоҳида, мустақил ҳокимият бўлсада, лекин унинг қабул қилган қарори прокуратура органи томонидан чақириб олиниб, унга протест шаклида эътироз билдириш амалиётига чек қўйишнинг вақти келганини айтиб ўтди. Айни вақтда ривожланган давлатларда бундай, яъни мустақил суд ҳокимияти ишига ташқаридан бошқа органларнинг аралашуви амалиёти мавжуд эмас.

Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим, деб таъкидлади давлат раҳбари ўз чиқишида. Шунга кўра, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Адлия вазирлигига юқорида билдирилган таклифларни амалиётга жорий этишни назарда тутадиган, қонун лойиҳасини киритиш вазифаси ҳам юклатилди.

Яна бир муҳим устувор вазифа – бу амалдаги процессуал қонунчиликни янгилашдан иборат. Бунда тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини алоҳида таъкидлади, давлатимиз раҳбари.

Юқоридагиларга кўра, судлар мустақиллигини ҳар томонлама таъминлаш бундан кейин ҳам шахсан Президентнинг назоратида бўлиши очиқ баён қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, “суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”. Зеро, қонун устувор бўлган ва адолат қарор топган давлатда барқарорлик ва тараққиёт бўлади.

 

Бобоқул ТОШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири,

юридик фанлар доктори

__________________________________________________________________________________________________________________________

Қонунларни ҳурмат қилган халқ қонунийликка эришади 

 

Қутбиддин БУРҲОНОВ,
Юристлар малакасини
ошириш маркази директори
 
 
__________________________________________________________________________________________________________________________

Правовое регулирование и перспективы развития семейной медиации

 
Севархон МАРИПОВА, доктор юридических наук,
заведующая кафедрой гражданско-правовых наук 
Центра повышения квалификации юристов 
при Министерстве юстиции Республики Узбекистан.