+998 71 234 56 02

Марказ профессор-ўқитувчиларининг мақолалари


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЮРИДИК ШАХСЛАР ЖАВОБГАРЛИГИНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ  

Б. АХРАРОВ,
Юристлар малакасини ошириш
маркази профессори,

____________________________________________________________________________________________________________________________

ПРОПИСКА АСЛИ БИЗГА КИМДАН “МЕРОС”?

Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама қўйилди

Ушбу ҳужжатларга асосан прописка билан боғлиқ 10 дан ортиқ йўналишларда қонунчилигимиз ўзгаришга юз тутади. Бу  эса, фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради. 

Прописка қочондан бери амалда? Чор Россияси даврида ҳокимиятнинг, яъни феодалнинг рухсатисиз деҳқонларни ер участкасини тарк этишини тақиқлаш, агарда шундай ҳуқуқбузарлик вужудга келса уларни қайси ерга ва кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида ўзига хос пропискалик паспортлар бериш тартиби амалга оширилган. Кейинчалик собиқ иттифоқ даврида бу тартиб ижтимоийлашув ҳолатидаги антидемократик ҳолат дея бекор қилинган бўлсада, 1933-1935 йилларга келиб, турли ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида яна шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилди. Эндилика Совет давлатида паспорт ва пропискаси бор шахслар қатор имтиёзлларга эга бўла бошлади, айниқса, агар фуқаро марказ ва аҳоли зич бўлган пунктларда яшаган бўлса, унда қишлоқ ёки чекка ҳудудларда яшовчиларга нисбатан ҳуқуқлар кўпроқ бўлиши белгиланди. Паспорт ва прописка бериш биринчи навбатда Москва ва Питербург шаҳар аҳолиси учун қўлланилиб, Чор Россияси давридан қолган зодагон ва қулоқ бўлганлар ҳамда уларнинг оилаларига нисбатан умуман тадбиқ этилмасди ва уларни иложи борича чеккароқ ҳудудларга жойлаштиришга ҳаракат қилинарди. Паспортсиз ёки рўйхатдан ўтмаган шахс эса Совет давлати берган кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум бўлар эди.

Кейинчалик мазкур ҳолат жиноий жавобгарлик масаласигача олиб чиқилиб, ўз ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш учун селсоветнинг алоҳида рухсатномаси, иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат ёки ўша кўчиб ўтаётган жойида ўз ер мулкига эгалиги ҳақидаги ҳужжат ва ҳ.к.лар, қисқа қилиб айтганда бюрократик сарсонгарчиликлар керак бўлар эди.

Кўриб турганингиздек, мазкур масала собиқ иттифоқ давридан “мерос” бўлиб қолган яна бир қонунларга мустаҳкамланган “удум” ёки эскилик сарқити эди.

Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши билан фуқароларга қандай енгиллик берилади?

 Энг асосий янгилик,  Тошкентдан уй сотиб олаётганда пропискасиз шахсларга давлат божининг ўта қиммат ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилади.

Бу жараёнда яна бир муҳим норманинг бекор қиланаётганлиги сохта никоҳларни олдини олишга хизмат қилади. Жумладан, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқарилмоқда.

Вақтинча турган жойи бўйича рўйҳатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилаётгани ва Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилаётгани эса, шубҳасиз  фуқароларимиз учун енгиллик яратади.

Ривожланган хорижий мамлакатларда амалда бўлган давлат хизматлари кўрсатиш қоидалари асосида доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш фуқаронинг хоҳишига кўра алтернатив равишда ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, айрим бюракратик жараёнлар қисқартирилиб фуқароларнинг вақти ва ресурслари тежалишига имкон яратилмоқда. Жумладан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиб, бу жарёнларни  рақамлаштириш кўзда тутилмоқ.

Ўйлаймизки, олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида мазкур қонун ҳужжатлар лойиҳаси тегишли муҳокамалардан ўтган ҳолда қабул қилиниши ҳамда тўлақонли ижросини таъминлаши аҳолининг фаровонлигининг ўсишига, прописка масаласи бўйича муммоларни ўз ўзидан тез орада ижобий ҳал этилишига ҳамда мамлакатимизни барқарор ривожланишига етакловчи омил сифатида хизмат қилади.

 

Анвар Исломович Рахматов

Юристлар малакасини ошириш маркази директори,

 

Тошкент давлат юридик университетининг ўқитувчиси

____________________________________________________________________________________________________________________________

Каронавирус расмий равишда терроризмга тенглаштирилдими?

Жорий йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) каронавирус эпидемиясининг тарқалишини расман “пандемия” деб тан олди. Бугунги кунга қадар дунёнинг турли мамлакатларида 1 миллион 119 мингдан ортиқ одам мазкур вирус билан касалланган, 100 мингдан ортиғи даволанди, 59,2 мингдан кўпроқ одам вафот этди[1]. Бу рақамлар эса соат сайин ўзгармоқда.

Бугун, деярли барча давлатларда каронавирус касаллигининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ҳукуматлар томонидан COVID-19 вирусини тарқалиб кетишини бартараф этиш ва касалликка чалинган беморларни даволаш бўйича шошилинч чоралар мажмуини тезкор амалга ошириш учун барча ҳуқуқий асослар яратилиши белгиланди.

Россия Федирациясида карантин қоидалари бузилишини терроризм ва саботаж билан тенглаштирилмоқчи.

 Дунё ҳамжамиятини қатиқ карантин чораларини кўришга нима мажбур қилди?

 Каронавирус эпидемияси АҚШнинг йирик штатларига ҳам хавф солиб, вирус туфайли Нью-Ёркнинг сайёҳлик марказлари мутлақо бўшаб қолди. Бундай кимсасиз Таймс-скверни фақат офат филмларида кўриш мумкин эди. Энди эса, хатто, машҳур обрўга эга бўлган ҳудулар ҳам бўшаб қолганлиги кишини ҳайратга солади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда AҚШда каронавирус билан оғриган беморларнинг сони 277 мингга яқинлашмоқда, 1,3 мингтаси вирус сабабли вафот этганлар деб ҳисобланади[2]. Яқин кунларда “Westside”даги энг йирик кўргазма маркази АҚШ президенти Доналд Трампнинг буйруғи билан “барак”лардан ташкиллаштирилган касалхонага айлантирилади. У ерда каронавирусга чалинган беморлар учун 1000 дан ортиқ жойлар ташкил этиш ҳамда тиббиёт ускуналари билан таъминлаш режалаштирилган.

Англияда ҳозирга қадар 60 минг киши кассалик аниқлаш юзасидан тестдан ўтган бўлиб, 6 минг киши касалликка чалинган деб топилган, шундан 560 киши вафот этган.

 Бутун дунёда карантин: турли давлатлар вакиллари “уйда қолиш” чораси билан қандай курашмоқдалар?

 Италияда оммавий ўлимлар кўпайиб кетганлиги сабабли кимда ким ҳеч қандай сабабсиз уйидан чиққанлиги аниқланса 5000 евро жарима тўлашлиги белгиланди.

Россия ҳукумати минтақада мутлақо барча тунги клублар, кинотеатрлар ва кўнгилочар марказларни ёпишни буюрди, агар бирон бир жойда ишласа кескин чоралар кўрилиши билан огоҳлантирилди.

Шунингдек, Россия Федирациясининг янги қонун лойиҳасига кўра, қоидабузарларга, агар ҳеч ким жабрланмаган бўлса, 500 мингдан 2 миллион рублгача жарима солинади, агар касалланган фуқаро туфайли бошқалар ҳам касалланса жиноятнинг оғирлигига қараб 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳиндистоннинг бир ярим миллиард аҳолиси давлатнинг кучи билан ҳеч қандай истисноларсиз тўлиқ уйда ўтирибти, тартибга риоя қилмаётган фуқаролар эса политсия томонидан куч ва таёқ билан уйга ҳайдаб киритилмоқда ҳамда қонунбузарларга нисбатан уларни ўзларини жамиятнинг душмани деб аташга мажбур қилинмоқда.

“Агар биз йигирма бир кунлик карантинда ўтира олмасак, сиз, сизнинг оилангиз ва бутун мамлакат 21 йил орқага қайтиб колишимиз мумкин...” дейди Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди.

Каранавирус туфайли 50 дан ортиқ инсонни ҳалок бўлганига қарамай иссиқ Бразилия пляжларида одамларни ҳайдаш янада қийинлашмоқда, давлат политсияси шафқатсиз жазо чоралари ва вертолётдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Италияда эса ҳалиҳам кескин ҳолат, одамлар уйда қолишни рад этишмоқда, бу ерда ўлим даражаси икки кунга камайганидан сўнг, ҳалок бўлганлар сони бир кунда 743 кишидан ошди, қурбонларнинг умумий сони эса аллақачон 766 тадан ўтиб кетди, бундан ўн ёки йигирма баравар кўпроқ одамлар (119 827) вирусдан зарарланганлардир[3].

БААнинг марказий мегаполисларидан бири бўлган Дубайда полициячилар одамларни дронлар ёрдамида уйга ҳайдашмоқда ва тўпланиб туришларни йиғиштиришни даъво қилишмоқда.

Германияда карантин қоидаларини бузганларни тўғридан тўғри қамоққа олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Кўплаб халқаро ташкилотлар каби БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз йиғилишларини видео алоқа шаклида ўтказишга ўтди.

 ЖССТ тахминлари қаерни кўзламоқда?

 ЖССТнинг таҳминларига кўра инқироз охирига қадар энг юқори ўлим кўрсаткичи АҚШда бўлади, чунки бу ерда касалланганлар сони 277 минга етди. Каронавирус туфайли 18 ёшгача бўлган беморнинг биринчи ўлими ҳам айнан АҚШда юз берганлиги сабабли эндиликда шифокорларни ёшларни соғлиғи ташвишга солмоқда.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг айтишича, ҳозирда штатда Каронавирус мавжудлиги бўйича ижобий натижага эга бўлган
2110 кишининг 50 фоизи 18 дан 49 ёшгача бўлган одамлардир...

Лос Анджелес ҳудуди аллақачон карантинга ёпилган бўлиб, у ерда вирус сабабли ҳалок бўлганлар сони олти юзтадан ошиб кетди, аммо бизнес ишлари давом этмоқда. Штат мэри (ҳокими) Эрик Гарcеди тадбиркорларнинг барча алоқа воситаларини узиб қўйишни ваъда қилган ҳолда қуйдагича мурожаат билан чиқиш қилди: “Агарда ўрнатилган карантин тартибларига амал қилмаслик ҳолатлари давом этса, маъмурий чоралар қўлланилади, коммунал хизматлар, сув ва электр энергияси ўчирилади. Мен мурожаат қилаётган ҳар бир киши билиши керакки, сиз ўз ишларингизни ёпишингиз керак, чунки агар ўзингиз ёпмасангиз, биз сизни ёпамиз!”

Ҳозирда мазкур вирусдан ҳатто денгизда ҳам сақланиб қолишнинг имкони йўқ. Ўткан ҳафта давомида AҚШнинг “Тиа Дорт Рузвельт” номли харбий денгиз кемаси бортида хизмат қилаётган 3 нафар денгизчиларида каронавирус борлиги тасдиқланган.

Бугун, ҳеч қайси давлатга осон эмас. COVID-19 вируси сабабли
АҚШ ва Италияда катта қулашлар, Испанияда ҳали ҳам оғир ва даҳшатли вазият, Россияда бир кунни ичида бирданига 582 та ҳолат аниқланиб, касалланганлар сони 4731 тадан ошиши, Ўзбекистонда эса кунига
ўнлаб кишлардан мазкур кассаликни аниқланиши Ҳукуматнинг кескин чораларни кўришга мажбур қилмоқда.

 Нега жазо чораларини кучайтиришга зарур?

 Ҳозирда барча мамлакатларнинг давлат раҳбарларини каронавирус пандемияси даврида қонун чиқарувчи органлар иш фаолиятини қониқарли олиб бориши ва қонунчиликни вазиятга мослаштириш масаласи таҳликага солмоқда.

Афсуски, орамизда қоидаларга риоя қилмасдан кўчага, шунчаки, айланишга чиқаётганлар мавжуд. Хусусан, давлат раҳбарининг куни кечаги мурожаатида ҳам «...Шу билан бирга, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан айтиш керак.

Ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланди, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади» дея таъкидланди.

Жорий йилнинг 3 апрель куни эса Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги 53 ёшлик ватандошимиз 28 март куни ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошини йиғиб зиёфат уюштиргани аниқланди[4].

Шунингдек, баъзи давлатлардаги фуқаролар томонидан касалликни қасддан юқтириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқдалиги афсуслар билан эътироф этилмоқда.

Америка қўшма штатларида қасддан йуқтириш ҳолатларини олдини олиш мақсадида каронавирус расмий равишда терроризмга тенглаштирилди.

“Каронавирусни бошқаларга юқтиришни мақсад қилган одамлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин... – дейди АҚШ Бош прокурорининг ўринбосари Жеффри Розен – чунки бугун каронавирус “биологик агент” номли ҳуқуқий таърифга мос келмоқда, ...бундай ҳаракатлар эса терроризм билан боғлиқ бўлган қонунбузилишларга олиб келиши мумкин”.

Россияда Испания ва бошқа давлатдан март ойининг 10, 23 кунларида қайтган 2 нафар шифокорлар ўзларида мутлақо касаллик аломатлари йўқлигини айтиб, ўз яқинларини мазкур касалликка чалинишига ва улар билан мулоқотга киришган ҳамда улар томонидан даволашга уринилган юзлаб беморларни карантинга олинишига сабабчи бўлишди.

Ҳозирда барча ОАВларда “Уйда қолинг!” мавзусидаги челенжлар, чақриқлар бонг урмоқда, аммо бизни ақл билан яратган Тангримиз заковатни ҳам аъто этган. Хулоса эса Сиздан...

Анвар Исломович Рахматов

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори

Бефарқликнинг бадали борми?

2018 йил июнь ойида UZREPORT телеканали одамларни ўзига хос тарзда синовдан ўтказди. Актёрлардан иборат икки-уч нафар йигит бир ўсмирга дўқ-пўписа қилди ва гўёки уни калтаклади. Яширин камерада суратга олинган мазкур “саҳна”лар гавжум жойларда, бекатдан сал нарида, пиёдалар йўлакчасида уюштирилди. Ўтган-кетган уларнинг ажримига аралашмади, кўриб кўрмаганга олди. Бепарво ўтиб кетаверди. Айрим эркакларни эса хотини судрагудек қилиб ўз ортидан эргаштирди. Хуллас, ўткинчилар оч қорним – тинч қулоғим қабилида иш тутишди. Аслида эса бу шунчаки бефарқлик, лоқайдлик, қўрқоқлик бўлиб, жамиятни емирадиган иллатлардир.

 Атрофимизда юз бераётган воқеларга бефарқ бўлмасдан хушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай бефарқлик, эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай окибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини  топган.

Шундай бўлса-да, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз бефарқлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини афсус ила қайд этиш лозим.  Машҳур  адиблардан бири  “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!”, — деб ёзган эди.

2019  йил кузида Хитойда пандора  қутиси оғзи очилиб, ундан коронавирус деб номланмиш инсониятни емирувчи унинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи иблис чиқиб келди. Бу коронавирус қисқа муддатда ер юзининг 180 яқин мамлакатлари ҳудудини қамраб олиб юзлаб, минглаб инсонларни ёстиғини қуритиб келмоқда, унинг қаршисида дунёнинг энг қудратли давлатлари ҳам ожиз қолмоқда.

Хўш, нима учун бу коронавирус деб номланмиш хавф олдида дунёнинг барча мамлакатлари  чорасиз қолмоқда, нима учун бу хавфни бартараф этиш учун мамлакатлар ажратаётган  миллиардлаб доллар пуллар натижа бермаяпди, кўрилган чора тадбирлар  самарасиз кетмоқда, чунки ҳамма гап бу ерда инсонларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги ва бепорвалигидадир.  Шу ўринда бир ўхшатиш ёдимга тушди. Африкада  туяқуш деган  жонзот яшайди. Туяқушнинг ғалати одати бор: бирон хавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда ҳам шундай одат мавжуд: келаётган хавфдан қўрқиб, бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайдилар, атрофга қарамайдилар. Келажакни тасаввур қила олмайдилар. Энг ёмони яқинлашаётган хатарни сезмайдилар ва оқибатларини ҳис этмайдилар.

   Бугунги кунда кўзга кўринмайдиган инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган таҳдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Биргина мисол, юртимизда коронавирус сабаб ўрнатилган  карантин қоидаларини айрим кимсалар томонидан атайлаб бузилиши ва бу қоидаларни менсимаслик шу бефарқлик,  лоқайдлик ва  бепарволик оқибати эканлиги эмасми? Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?”. У киши айтдилар: “Одамларнинг ёмонликни кўра туриб, кўрмасликка олгани, бефарқ,  бепарво, лоқайд бўлганидир”.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, — деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар мамлакат хавфсизлигини, тинчлик-осойишталигини асраш  деганда қўлда курол билан мамлакат сарҳадларини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Тинчликни асраш фақат мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Тинчлик фаровон, осойишта ҳаётимиз, жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳамманинг ва ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур.

Беғамлик, бефарқлик эса лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: андиша – кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади, агар одамлар бефарқ ва бепарво бўлса унда ким уялиши керак? Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки мутаассиб  бўлади, бефарқ ва бепарво одамлар кўп бўлса бу мамлакатни келажаги ҳам ўлади.

Ҳозирги оғир дамларда мамлакат Президенти, ҳукумати коронавирус оқибатларига қарши кескин чоралар кўриб бир қатор Фармонлар ва қарорлар қабул қилинди,  фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда, коронавирусга қарши республика комиссияси фаолият юритмоқда, умумий миқдори 10 триллион сўмлик махсус фонд ташкил этилди, рекорд, қисқа муддатларда шифохоналар барпо этилмоқда, хорижий мамлакатлар ҳудудида қолиб кетган фуқароларимизни олиб келиш учун чартер рейслари ташкил этилмоқда, барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти бу балони бартараф этиш учун сафарбар этилмоқда,  юзлаб, минглаб тиббиёт ходимлари, ички ишлар, мудофаа, миллий гвардия хизматчилари куну тун тиним билмай хизмат жойларида қолиб фаолият юритмоқда. Шундай шароитда биздан фақат бир нарса талаб этилмоқда:  карантин талабларига оғишмай амал қилиш, уйимизда қолиб, мулоқат доирамизни кескин чеклаш, бефарқ ва бепарво бўлмасдан бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб қилиш. Бу коронавирусдан халқимизни асрашнинг ягона тўғри йўли ва бу йўлни қанчалик тўғри эканлигини Хитойни вирус тарқаган Ухань шаҳри исботлади ва у ерда вирус, ўрнатилган карантин ва темир интизом олдида чекинишга мажбур бўлди.

Дунё миқёсида бефарқлик ва бепарволикни баҳоси қандай?

АҚШдаги Жон Хопкинс университети томонидан 02 апрель 2020 йилгача бўлган коронавирус пандемияси маълумотлари:

1) дунё мамлакатларида коронавирус  билан касалланганлар сони — 857 927 нафар;

2) ушбу касалликдан вафот этганлар сони — 42 115нафар;

3) коронавирусдан тузалганлар сони — 178 103 нафар.

Ўзбекистондаги ҳолат: 187 нафар.

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузган шахслар сони — 17 668 нафар; шундан – 314 нафари карантин ҳудудини тарк этган,  23 нафари тўй, марака ўтказиш тартибини бузган, 4 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган, қолганлари ниқоб тақмаган.

Хулоса ўзингиздан……….

Ғайбулла Алимов,

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедраси мудири

____________________________________________________________________________________________________________________________

Инсонлар ўз интеллекти устида ишламай қўйди

 

Қиссадан бир сабоқ: Пандемияга қарши руҳий қувват зарур!

Бугун бутун дунёда пaндемия инсоният аҳлини таҳликага солмоқда. Бу эса ўз навбатида дунё давлатларида ва республикамизда ҳам карантин эълон қилишга олиб келди. Хўш, биз бундай вазиятдан қандай хулосалар чиқариб яшаяпмиз? Мен юзага келган бу вазиятдан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги хусусида баъзи бир фикрларимни баён қилмоқчиман.

Яъни бу вазият одамларнинг ўз инсоний потенциалини кучлироқ ишга солиш ва ривожлантириши учун муҳим бўлган шарт-шароитни яратди десам, адашмайман. Мен ўйлайманки, бундай шароитда биринчи навбатда, иш кунимизни яхшилаб режалаштириб, тўғридан – тўғри ўзимиз устимизда ишлашимиз керак. Кимдир китоб мутолаа қилиши, кимдир ижод қилиб асарлар ёзиши, яна кимлардир каштачилик, рассомчилик билан шуғулланиши натижасида яхши самарага эришади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Биз мустақил ишлаш деган тушунчани анча вақтдан буён эсимиздан чиқариб қўйганмиз. Инсонлар ўз интеллекти устида, мустақил ишламай қўйди. Оқибатда эса биз бир қолипда яъни, бир хил фикрлайдиган, шу қолипдан ўзгача фикрламайдиган одамларга кўпроқ дуч кела бошладик. Бундай ҳолат эса ўз-ўзидан ҳаёт тарзимизда муаммолар келтириб чиқара бошлади. Кўплаб муаммоларнинг таг замирида, қолип фикрлаш, профессионалликнинг йўқлиги, ҳамда инсон ўзининг потенциалини ишга сола олмаслиги ётади. Айни дамда, шу коронавирус даврида ўзимизнинг потенциалимизни, ўз ақлий салоҳиятимизни ишга солиш имкониятига вақт нуқтаи назаридан эга бўлишимиз мумкин. “Бир ёмоннинг, яхшиси ҳам бор” деганларидек, бу ҳолат бизларни янада ўзимизнинг ақлий салоҳиятимизни ошириш, профессионал даражамизни кўтариш имконини яратмоқда. Шахсан мен сўнгги кунларда 4 та китобни мутолаа қилдим. Турмуш тарзимга кўра, ишлаётган давримда ҳам мен ҳар куни китоб ўқийман. Шундай экан, сўнгги ўқиган китобларим ҳақида батафсилроқ маълумот берсам.

Улар ўзимнинг қизиқишларим бўйича қуйидаги кетма-кетликда:

Инсон қалби ҳам катта бир китоб!

ХХ асрнинг энг кўзга кўринган файласуфи Эрих Фроммнинг «Инсон қалби» номли асари. Бу асар инсон қалбининг яхшиликка ва ёвузликка бўлган ҳаддини, зўравонликнинг туб замири, севги ва меҳр санъати, рамзлар психоанализи, Фрейд ва инсон онги эволюцияси каби масалаларни таҳлил қилади. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, инсон қалбининг ривожланиши нималарга боғлиқлиги, инсоннинг ҳаётда яшаш мазмуни каби бир қанча глобал муаммоларга жавоб топгандек бўласиз. Буни албатта ўзини идрок қила оладиган ва идрок қилмоқчи бўлган инсонларга ўқиши учун тавсия қиламан.

     Биринчи Хоним бестселлери

Кейт Андерсен Брауэрнинг «Биринчи Хоним» номли китобини буюртма орқали Россиядан келтириб ўқиб чиқдим. Унда АҚШ сиёсатида муҳим ўрин тутган машҳур президентларнинг аёллари олиб борган фаолияти ва уларнинг кундалик ҳаёти тўғрисида, АҚШ президентлари рафиқаларининг жамият ривожи учун қилган фойдали ва хайрли ишлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Жаҳон сиёсатида етакчи давлат бўлмиш АҚШнинг сиёсий ҳаётида «Биринчи Хоним»ларнинг тан олинмаган ўрни беқиёслиги аниқ фактлар, хронологик воқеалар асосида ёритилган. Албатта, аниқ фактларга асосланиб ёзилган бу китобни сизга ҳам тавсия қиламан.

Эммануэл Макроннинг “Революция” асари

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг «Революция» номли бестселлери 2016 йили Францияда чоп этилган. 2018 йилда эса бу китоб ўзбек тилига таржима қилинди. Китобда Франция буюк ўзгаришлар даврида яшаётгани, Франциядаги сиёсий жараёнларнинг бугунги ҳолати, мамлакатда турмуш тарзини яхшилаш, келажак авлод таълими, кам таъминланганларга ёрдам бериш тактика ва стратегияси амалдаги Президент назаридан баён қилинган. Бу китобни давлатшунослар, сиёсатшуносларга ва касбдошларимга тавсия қилган бўлар эдим.

Фикрлар стратегияси ҳам мавжуд!

Яна бир яхши китоб – бу “Ўйинлар назарияси” деб номланган Авинаш Диксит ва Барри Нейлбаффларнинг ҳаётда ва бизнесда стратегик фикрлаш санъати тўғрисидаги китобдир . Бу китобда стратегик фикрлаш санъати ҳақидаги назарий таҳлиллар жуда кўп мисоллар орқали баён қилинган. Умуман олганда, китобни ўқиб ҳаётда ва бизнесда қандай стратегик фикрлаб муваффақиятга эришиш мумкинлиги, инсон онгини қандай стратегик фикрлашга қаратиш лозим каби саволларга жавоб олишингиз мумкин.

Китоб ўқиш инсоннинг ўз устида ишлашида илк ва муҳим босқич ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида инсоннинг билиш, англаш, тафаккур қилиш ҳамда унинг ақлий потенциалини кучайтириб боради. Ва ўз навбатида инсонга билимлар мажмуи руҳий хотиржамликни ҳам беради. Муқаддас динимизда ҳам, бошқа фалсафий қарашларда ҳам инсоннинг руҳий хотиржамлиги жисмоний ва маънавий кучнинг пойдевори айтилган. Шубҳасизки, бу хотиржамлик билим орқали пайдо бўлади. Билим эса китобларда мужассам. Ҳозирги юртимизда бўлиб турган вазиятдан келиб чиқиб ватандошларимизга оз бўлса-да руҳан қувватланиб олинг, деган бўлардим. Чунки руҳан кучли бўлган ҳар қандай инсон офатларни енга олади.

Лола САИДОВА,

Юридик фанлар доктори

____________________________________________________________________________________________________________________________

Карантин ёки жавобгарлик ёхуд карантин қоидаларини бузиш қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради?

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йилнинг 11 март куни коронавирус Covid-19 касаллигини дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани, касалликнинг тез юқишини инобатга олган ҳолда “пандемия” деб эълон қилди. Бинобрин пандемия янги касалликнинг дунё бўйлаб тарқалишини англатади ҳамда у умумий характерга эга бўлиб, катта популятцияланган ҳолда бутун дунё аҳолисининг катта қисмига таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Ҳар куни дунёда ва мамлакатимизда коронавирус касаллигининг дунё бўйлаб тарқалиши ҳамда унинг олини олишга қаратилган кескин чоралар кўриб борилмоқда. Хусусан, мамдакатимиз ҳудудига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Махсус комиссия томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида мамлакатмизда бир қатор чекловлар ва кучайтирилган тартиблар жорий қилинди. Жумладан, давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилди, барча оммавий тадбирлар бекор қилинди, дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилди, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланди ҳамда бошқа бир қатор муайян чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартги 176-сон қарори билан коронавирус профилактикаси чора-тадбирлари қаторида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар, ушбу шахслар билан бирга яшовчи ва улар билан алоқада бўлган шахслар 14 кун давомида ёки давлат санитария назорати органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида корантин кузатувида бўлиши белгиланди.

Албатта мазкур чекловлар ва кучайтирилган тартиб қоидаларини барча фуқароларимиз ҳам ўзига нисабатан жиддий қабул қила олмаяпти ва ўзларининг ўтган муддатлар давомида кўникиб қолган одатларидан воз кеча олмаяптилар. Хўш, агар ушбу тақиқ ва чекловлар бузилса – нима бўлади?

Фуқароларнинг содир этган хатти-ҳаракати натижасида келиб чиққан ва келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларнинг оғирлигига қараб, қонунчиликда бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Хусусан агарда шахснинг карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз юрганлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима (1 млн 115 минг сўм) солишга сабаб бўлади. Шу ерда инобатга олиш керакки, фуқароларнинг тиббиёт ниқобларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслиги ҳам мазкур нормага асосан жавобгарликни келтириб чиқаради.

Айтиш жоизки, одамларнинг потенциал йиғилиши ёки бўлиши мумкин бўлган ҳудуд ёки майдонлар жамоат жойлари деб тан олиниши мумкин. Бунда, стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари; кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун ёпиқ иншоотлар; клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар жойлар; музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар; маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари, дарё кемалари, шаҳар, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари; ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари; аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари; соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари; иш жойлари бўлган хоналар; кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари; хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа шу каби жойлар жамоат жойлари ҳисобланади.

Шунингдек, фуқаролар томонидан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидалар бузилса, бундай қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (4 млн. 460 минг сўмдан 6 млн. 690 минг сўмгача), агарда бу каби қоидалар мансабдор шахслар томонидан бузилса, уларга нисабатан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда (6 млн. 690 минг сўмдан 11 млн. 150 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси томонидан мамалакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олишга қаратилган бир қатор мажбурий қоидалар белгиланмоқда. Ўз навбатида ушбу қоидаларнинг фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан қасддан бузилиши мазкур турдаги ҳуқуқбузарликни келтириб чиқаради.

Хусусан, шахс махсус комиссия белгилаб берган тартибдан ташқари шахсий транспорт воситасини бошқариши, фуқароларнинг зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари) уйидан ташқарига чиқиши, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланиши (бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди), республика ҳудудидаги кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмасдан давом эттириши ва бошқа шу каби тақиқлар жумласига киради.

Бундан ташқари карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик каби қилмишларнинг содир этилиш ҳам мазкур норма (МЖТК 54-м. 2-қ.) бўйича маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
292-моддасига (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш) асосан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

Агарда юқорида таъкидланган қилмишларнинг содир этилиши одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, бундай қилмиш Жиноят кодексининг 2571-моддасининг (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқариб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда
(11 млн. 150 минг сўмдан 22 млн. 300 минг сўмгача) жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Бунда оммавий касалланиш деганда, маълум бир ҳудуддаги кўп сонли кишиларнинг бир вақтнинг ўзида ёхуд оралиғи унча катта бўлмаган вақт орасида касалланиши тушунилади.

Одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфи пайдо бўлиши деганда эса, инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликларни бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган шароитни яратиш тушунилади. Бундай шароит коронавирус инфекцияси аниқланган шахсларнинг изоляцияга олинмаган ҳолда эркин ҳаракатланиши натижасида келиб чиқиши мумкин. Масалан, коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахснинг карантинга олинган жойдан (провизор госпитал ёки изолятордан) қочиши ёхуд уй карантинида сақланаётган шахснинг уйини тарк этиши билан боғлиқ қилмишлар Жиноят кодексининг 2571-моддаси биринчи қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.

Карантин деганда, маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи тушунилади.

Айтиш керакки, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши кураш қоидалари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муно­сабатларни тартибга солади, инсоннинг қулай яшаш муҳитига эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларини ва уларни амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлайди.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларининг ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши одам ўлишига сабаб бўлган ҳолларда, айбдорнинг қилмиши Жиноят кодекси 2571-моддасининг иккинчи қисми бўйича икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Худди шундай қилмишлар одамларнинг ўлишига сабаб бўлган тақдирда қилмиш ушбу модданинг учинчи қисми бўйича етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган карантин қоидалари қўлланилган шахслар бўлиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-боби талабларига кўра карантин коронавирус инфекцияси аниқланган шахсларга ҳамда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ҳурматли ватандошлар!

Мазкур вирус тарқалишини ижтимоий хавфи жуда ҳам юқори, чунки у биринчидан янги, ушбу тоифадаги вируслар оиласининг ўрганилмаган турига киради. Ҳар қандай янги вируснинг биз оқибатларини қандай тугаши ва бундан кейин ўзини қандай тутишини билмаймиз. Иммунитетимиз у билан ҳали таниш эмас, шунинг учун у организмга кўпроқ тажовузкор таъсир қилади ва кутилмаган турли асоратларни келтириб чиқаради.

Иккинчидан хавфли, чунки у тез тарқалади, ушбу вирус жуда юқумли ҳамда узоқ (14 кун) инкубатция даврига эга. Шунинг ҳисобига зарарланган одам узоқ вақт бошқа одамларга ушбу вирусни юқтириши мумкин, ҳар бир одамдан ўнлаб кишига вирус юқиши мумкин.

Учинчидан, бу вирус кекса ёшдагилар ва иммунитети паст бўлган ҳамда оғир сурункали касалликларга чалинган одамлар учун хавфли ҳисобланади.

Тўртинчидан, бундан келиб чиқадиган иқтисодий муаммолар юқори ҳисобланади. Касалликни юқтиришнинг бундай юқори даражаси қатъий карантин чораларини талаб қилади, бу эса ишлаб чиқариш ва бошқа ҳар қандай фаолиятни тўҳтатишга олиб келади.

Бешинчидан, коронавирусдан ўлим даражаси ҳар куни ортиб бормоқда. Унутмаслигимиз керак дунё бўйлаб карантин чоралари туфайли коронавирусдан ўлим даражаси камаймоқда.

Шу сабабли ҳурматли фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилайлик.

  

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг

биринчи ўринбосари юридик фанлар доктори, профессор

Отажонов Аброржон Анварович

 

 

____________________________________________________________________________________________________________________________

Пандемия нафақат инсон учун, балки иқтисодиётга ҳам зарарли 

Ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекциясининг инсоният бошига бундай оғир синовларни келтириши кутилмаган эди. Жуда тез суратда ушбу эпидемия дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалиб, пандемия даражасига етди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тарқатилаётган хабарларга кўра, 2020 йил 28 март ҳолатига ушбу инфекцияга чалинган одамлар сони 593291 кишини, бир кунда аниқланган ҳолатлар эса 63700 тани ташкил этмоқда. Инфекциянинг тезлик билан тарқалиш суръати юқорилигини бартараф этишга оид кескин чоралар кўришни талаб этмоқда.

Шу сабабли дунёнинг барча давлатлари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритиб, барча оммавий тадбирларни номаълум муддатга кечиктириш чораларини кўрмоқда. Ҳаттоки, Халқаро олимпия қўмитаси жорий йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларини 2021йилнинг ёзига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жамиятдаги инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва барча оммавий тадбирлар ўтказишни номаълум муддатга кечиктириш тўғрисида чоралар мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига таъсирини ўтказиши барчамизга маълум.

Давлатлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар оқибатида йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг кескин ўзгариши ва конъюнктуранинг ёмонлашувига сабаб бўлади.

Жаҳон глобал иқтисодиётининг бир қисми Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этувчи салбий оқибатларни юмшатиш ҳамда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” махсус Фармон қабул қилинди. Фармонда коронавирус пандемиясининг кенг тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Коронавирус сабабли барча давлатларда бўлганидек, мамлакат чегараларининг ёпилиши, ички қатновларнинг вақтинчалик чекланиши туризм, транспорт, умумий овқатланиш каби соҳалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича фармонда белгиланган чора-тадбирларни қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:

►  аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини

қўллаб-қувватлашнинг ташкилий механизмлар;

►  аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг солиқ механизмлари;

►  тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг кредит механизмлари.

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича белгиланган ташкилий-иқтисодий механизмлар кенг кўламлилигини қайд этиш зарур. Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг ташкилий механизмлари нафақат иқтисодиёт субъектларини, балки аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳам ҳимоялашга йўналтирилганлиги сабабли ҳам аҳамиятли.

Иқтисодиёт субъектлари, аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳимоялашга йўналтирилган ташкилий механизмлари таркибига фармонда белгиланган қуйидаги вазифаларни киритиш мумкин:

►  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши;

►  ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва сотиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик ҳамда компенсация тақдим этишга;

►  республика ҳудудларида иқтисодий фаолликни ва бандликни кенгайтиришга қаратилган қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга;

►  кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга;

►  форс-мажор ҳолатни эътироф этиш ва хўжалик юритувчи субъектларга бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар бериш;

►  истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ресурслари ҳажмларини мониторинг қилиш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш учун уларнинг биржага қўйиш ҳажмини ошириш чораларини кўриш;

►  импортга харид қилинадиган ва интервенция амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати ҳамда зарур ҳажмларини аниқлаш;

►  ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказиш ва нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва ажиотажларга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатиш;

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича фармонда белгиланган солиқ механизмлари юқорида қайд этилган ташкилий механизмларнинг узвий давоми ҳисобланади.

Фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини солиқ механизми воситасида қўллаб-қувватлаш бўйича назарда тутилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

►  якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтириш;

►  2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлашни тўхтатиш;

►   қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтириш;

►   2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш;

►   жисмоний шахсларнинг мол-мулк  ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш;

►2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш.

Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш ва солиқ тўловчиларнинг аризасига кўра, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосаларига асосан хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш вазифалари юклатилди.

Иқтисодий инқироз хўжалик юритувчилар тўлов қобилиятининг йўқотилиши ва банкротлигига сабаб бўлади. Тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида фармонда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирининг салбий оқибатларини бартараф этишда кредит механизмидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда кенг фойдаланиш  режалаштирилган. Жумладан,

►  биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

►  ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш;

►  коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш;

►  уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдириш;

►  банк ва тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор фаолиятини таъминлаш учун пул бозорига ҳар ойда умумий суммаси 1 триллион сўмгача ликвидлик тақдим этиш;

►  банкоматларнинг етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланиши, шунингдек, масофавий банк хизматларини ривожлантиришни рағбатлантириш;

►  туризм-меҳмонхона соҳаси субъектлари ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 триллион сўмлик қарздорликларни тўлаш муддатларини 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш;

►  хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлари ажратиш;

►  2020 йил 1 июнга қадар кредит портфелини стресс-тестдан ўтказиш, шунингдек, муаммоли кредитларнинг ортиш хавфи мавжуд бўлган банкларда активлар сифатини баҳолаб бориш натижаларини тақдим этишчора-тадбирлари белгиланди.

Қайд этиш лозимки, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар 2008 йилдаги жаҳон молиявий иқтисодий инқирозидаги чоралардан ҳам кенг кўламли ҳисобланади. Ушбу чора-тадбирлар коронавирус пандемиясини аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича ҳукумат томонидан белгиланган талабларга оғишмай риоя этиш аҳолининг нафақат ўз соғлиғини сақлаш учун хизмат қилади, балки ҳар биримизнинг мамлакатдаги иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга қўшган ҳиссамиз ҳам ҳисобланади.

Баҳодир ИСРОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, профессор.

____________________________________________________________________________________________________________________________

ТИНГЛОВЧИЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Нурмат Соғинов, Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази профессори,

психология фанлари номзоди, доцент.

Маълумки, Адлия вазирлиги тасарруфидаги муассасалар ходимлари фаолияти бевосита ҳуқуқ-тартибот ишларини амалга ошириш, юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш масалалари билан узвий боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу фаолиятда далил, исбот, ҳужжат масалаларига бошқа ҳар қандай касб эгаларига қараганда кўпроқ аҳамият берилади. Бироқ, шуни ҳам унутмаслик керакки, шу далил, исбот, ҳужжат орқасида шубҳасиз, муайян фуқаро туради. Демак, инсон омилисиз, одам руҳияти ҳақидаги билимларсиз бу фаолиятни тасаввур қилиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам, бошқа ҳар қандай касб эгаларига қараганда бу касб намояндалари одамни билиш илмига, психологияга кўпроқ қизиқадилар, ўз фаолиятларида бундай билимларнинг аҳамиятига кўпроқ урғу берадилар.

Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил қилинадиган малака ошириш курсларида ҳам тингловчиларда бундай билимларни оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Тингловчилар психология фанлари ва улар ютуқларидан хизмат жараёнида фойдаланиш имкониятлари борасида зарур маълумотларни ўзлаштирар эканлар, уларга одам руҳияти, инсон ва  жамият, шахслараро муносабатларнинг психологик жиҳатлари ҳақида у ёки бу илмий таълимот берилар экан, шу каби илмий ғояларнинг юзага келиши ва ривожланишида, нафақат у ёки бу таълимотнинг юзага келишида, балки дунё цивилизациясида, умумбашарий қадриятлар ривожига бизнинг аждодларимиз, ўтмиш мутафаккирларимиз қўшган улкан ҳиссалари, бугунги кунда илғор чет эл илм-фани, технологиялари деб аталаётган таълимотларнинг яратилишида Турон замин алломалари, туркий халқлар намоёндаларининг ўрни ҳақидаги маълумотларни, ўтмиш анъаналаримиз, миллий урф-одатларимиз, миллий анъаналаримизнинг ёритиб берилиши, тинловчиларда, буюк аждод-ларимизнинг бебаҳо мероси, неча минг йиллар чиғириғидан ўтган миллий қадриятларимиз ҳақидаги маълумотларни бериш, уларда ўз миллати, юртидан фахрланиш туйғуси, тоб маънода айтилганда ватанпарварлик туйғисининг ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентга йщллаган мурожаатномада: “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз.

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади, деб ишонаман” , деб бежизга таъкидламади.    

Малака ошириш курсларида шахс, шахслараро муносабатлар психологияси, шахснинг ижтимоийлашуви, психотехника, психотерапия, психокоррекция, медиация, ижобий психология, психологик хизмат масалалари ҳақида гап борганда, бундан қарийиб 3000 йиллар муқаддам, она заминимизда яратилган, инсоният тарихидаги илк қўлёзма асарлардан бўлмиш “Авесто”нинг асосий тамойили “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” бўлганлиги, айнан шу асарда психодиагностика ва психологик хизмат аломатлари баён этилганлиги, Шарқ аломалари асарларида “Илми фаросат”, “Илми фатонат”, “Илми зарофат”, “Илми қол”, “Илми ҳол” номлари билан аталган таълимотлар, бугунги кун дунё амалиётчи психологлари орасида яхши таниш бўлган психология, психодиагностика, психотерапия, психокоррекция, психо-профилактика, психологик хизмат, гипноз, НЛП (Нейро Лингвистические Программирование), профайлинг, ижобий психология каби таълимотлар асосини ташкил қилишлиги каби маълумотлар ёритилиб, талаба-тингловчиларга тушунтирилиб, англатилиб борилса, Президентимиз Олий Мажлис Сенатига қилган Мурожаатномасига жавоб бўлиб хизмат қилади.

Мурожаатда: ““Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш – ўта шарафли вазифадир” – дейилганидек, инсон руҳиятининг яширин қатламлари, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг касбий фаолияти объекти бўлмиш одам руҳий олами ҳақидаги маълумотларни беришда, давлат хизмати идоралари ходимлари фуқаролар билан олиб бораётган ишлари жараёнида дуч келишлари эҳтимол бўлган кўплаб саволларига жавобни, “жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш, бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб қилсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.    

Малака ошириш курсларида психология фанларини ўтиш жараёнида юқоридаги каби маълумотларни бериш билан бирга, улар эътиборини республикамизнинг деярли барча ҳудудларидаги мавжуд миллий қадриятларимиз, халқимиз урф-одатлари, улар амал қилиб келган миллий турмуш тарзи, шариат, фиқиқ, сўфийлик, футувват, тасаввуф таълимотлари ва уларда инсон руҳияти масалалари қандай талқин қилинганлигини ёритиб бериш, шубҳасиз, уларда ўз ўтмишдошлари, миллати, Ватани, миллий қадриятларидан фахрланиш, миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларининг тикланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.