+998 71 200 02 35

Журналистларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган лойиҳа амалга оширилди

06.03.2020 3103

Жорий йилнинг 24 февраль – 6 март кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда журналистларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган лойиҳани амалга оширди. Лойиҳа доирасида оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган 17 нафар журналистлари Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган ўқув курсларида таҳсил олдилар.

Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни юксалтириш ҳар бир жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир киши қаерда, қандай соҳада ишлашидан қатъий назар ҳуқуқий билимларни ошириб бориши, ўз соҳасига оид қонунлар ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини мукаммал билиши лозим. Ана шундагина у иш фаолиятида хатоларга йўл қўймайди.

Жамиятнинг илғор кучи ва виждони ҳисобланган журналист фаолияти учун бу янада устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 26 декабрда тасдиқланган Аҳоли ва ахборот соҳаси субъектларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 14-бандида “Ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган журналистларнинг, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш учун Юристлар малакасини ошириш марказида шартнома асосида махсус малака ошириш курслари ташкил қилиш” кўзда тутилганилиги бунинг яққол далилидир. 

Журналистлар учун 2020 йилнинг 24 февралидан – 6 мартига қадар давом этган малака ошириш курслари ўқув дастури доирасида таниқли олимларнинг “ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари”, “Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари” мавзуллари асосида оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи, журналистнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси журналистининг чет элдаги ва чет эл журналистининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида кўзда тутилган асосий йўналишлар, коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг иштироки каби журналистик фаолият учун муҳим бўлган мавзулардаги маърузалари тингланди.

Бугун малака ошириш курслари ниҳоясига етди ва тингловчиларнинг олган билимлари синовдан ўтказилиб, уларга сертификатлар топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.