+998 71 200 02 35

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг янги биносини моддий-техник таъминлашнинг долзарб масалалари

23.06.2025 77

Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ижтимоий ҳаётда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида юритилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, малакали ва касбий жиҳатдан етук юридик кадрларни тайёрлаш, уларни доимий равишда замонавий билим ва кўникмалар билан бойитиб боришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг фаолияти республикамизнинг ҳуқуқий тизими ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётида стратегик аҳамият касб этади.

2024-йил 24-майдаги  ПФ-80-сон “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш” тўғрисида фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 19-мартдаги 171-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш вамалакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш  чора-тадбирлари тоғрисида”ги  қарорига кўра  амалда тарқоқ бўлган 4 та малака ошириш марказлари негизида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилиши белгиланган эди. Президентимизнинг ушбу Фармони юридик соҳадаги олиб борилаётган туб ўзгаришларнинг ҳам амалдаги меваси бўлиб, Институт олдига бир қанча вазифаларни қўйди. Илмий йўналишлар малака ошириш, қайта тайёрлаш йўналишларини янада такомиллаштириш билан биргаликда уларнинг моддий техник базасини яхшлишаш ушбу 4 та ташкилот тингловчи ва меҳнат жамоаси учун барча қулайликларга эга янги бино билан таъминлаш энг асосий мақсадлардан бири эди.

 Ушбу мақсадни амалга ошириш ҳамда барчага манзур бўладиган замонавий талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган бинони Институтга топшириш нафақат Фармон ижроси балки меҳнат жамоаси учун ҳам жуда қувонарли ҳолат бўлади десак муболаға бўлмайди. Айниқса юридик кадрларнинг касбий салоҳиятини доимий равишда ошириб бориш учун нафақат илғор ўқув дастурлари ва илмий-методик таъминот, балки замонавий моддий-техник база ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, таълимнинг сифатли ташкил этилиши бевосита ўқув муассасасининг инфратузилмаси, техник воситалар, ахборот-ресурс марказлари ва илмий лабораторияларнинг мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Барчамизга маълумки  таълим муассасасининг моддий-техник таъминоти нафақат ўқув жараёнини ташкиллаштириш, балки ўқувчи-шогирдларнинг ижтимоий-психологик ҳолати, ахлоқий қадриятлари, мустақил фикрлаш ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Институтнинг янги биноси аввало, қуйидаги асосий мезонларга жавоб бериши лозим деб ўйлайман. Ҳамда ушбу қулайликлар Институтнинг янги биносида жорий этилаётганлиги таълимга бўлган эътиборнинг давлат даражасида эканига яққол мисол бўла олади. Яни;

· Педагогик муҳитга мослашувчанлик - бунда дарс машғулотларини анъанавий, интерактив, онлайн ва гибрид шаклларда олиб бориш имконияти;

· Технологик интегратсиялашув -  ўқув жараёнига сунъий интеллект воситалари, рақамли платформалар, виртуал реаллик модуллари ва ўқув симуляторларини жорий этиш;

· Хавфсизлик ва қулайлик - бино ичидаги хавфсизлик тизимлари (видеокузатув, ёнғинга қарши ҳимоя, киришни назорат қилиш), экологик хавфсизлик;

· Ташкилий функсионаллик - кенг илмий конференция заллари, ўқитувчилар учун илмий иш хоналари, хорижий меҳмонлар учун қабул марказлари.

Ушбу санаб ўтилган сифатларнинг барчаси бинода мужассамлаштирилган бўлиб бу эса меҳнат жамоаси ва тингловчилар учун жуда ката қулайлик яратади.

Бундан ташқари бинода қуйидаги Халқаро стандартларга жавоб берувчи аудиториялар ҳамда Марказлар ташкил этилмоқда.

Мултифунксионал аудиториялар - ўқув хоналари замонавий талабларга жавоб берувчи интерактив доскалар, сенсорли проекторлар, акустик тизимлар ва видеотранслятсия ускуналари билан жиҳозланмоқда. Ҳар бир аудитория индивидуал ўқув дастурларни амалга ошириш имконини берувчи рақамли модулга эга бўлиб унда профессор-ўқитувчилар ўз билимларини тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда тингловчиларга тақдим эта олиш имкониятига эга бўладилар.

Ахборот-ресурс маркази ва рақамли кутубхона - юридик фанлар бўйича фундаментал ва амалий адабиётлар, миллий ва хорижий маълумот базаларига интегратсиялашган ахборот тизими, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг илмий базасига интегратсия қилинган компютерлар, бир нечта Халқаро-ҳуқуқий базалар, электрон ҳуқуқий ҳужжатлар банки яратилади. Ушбу барча имкониятлар асосан тингловчиларнинг осон ва тез ахборотларни олиш ҳамда электрон кутубхонадан қийналмай фойдаланиш имкониятини яратади.

 Масофавий таълим студиялари ва вебинар марказлари -  видеодарслар, вебинарлар, халқаро онлайн конференциялар ўтказиш имконини берувчи студиялар, юридик кадрлар учун масофавий малака ошириш курсларини ташкил этиш инфратузилмаси шакллантирилади.

Институтда амалга оширилиши режа қилинга ушбу ишларнинг барчасида рақамлаштириш педагогик технологияларни илғорлаштиради, ўқув жараёнининг автоматлаштирилган мониторингини йўлга қўяди ва таҳлилий самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг янги биносини комплекс моддий-техник таъминлаш — бу юридик таълим тизимини замонавий босқичга олиб чиқиш, глобал ҳуқуқий жараёнларга интегратсиялашув, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлидаги муҳим босқичдир. Ушбу инфратузилмавий ёндашувлар таълимнинг сифати, илмий-тадқиқотлар самарадорлиги ва юридик хизматлар соҳасининг профессионал даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти
Маъмурий-хўжалик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси

Шаюнусова Дилорам Рустамовна