+998 71 200 02 35

Юридик билим бериш ва малака ошириш тизимини такомиллаштиришнинг янги уфқлари

17.09.2020 2975

 

Ўзбекистон давлатининг раҳбари жорий йил 24 январидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳозирги жадал ривожланаётган замон талабларига жавоб берадиган мутахассис – кадрларга эҳтиёж кучаяётганлигига алоҳида эътибор қаратди. “Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун ... стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялашимиз зарур”, - деди Президент.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сонли қарори Президетимизнинг юқоридаги даъватига айни муносиб жавоб бўлди. Ушбу қарор халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юристконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш истиқболларини белгилаб берди.

Аввало, Қарордаги муҳим янгилик: Адлия вазирлигининг юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш ҳамда Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиаллари ташкил этилишидир.

Марказ ва унинг филиалларида анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган шаклларини, шунингдек, кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда таълим дастурларини, билим ва кўникмаларни доимий такомиллаштиришдан иборат кредит-модуль механизми жорий қилинади;

Шунингдек, таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш даражасини ошириш, замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида масофавий таълимни янада такомиллаштириш ва мустақил таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Масофавий таълимнинг афзаллиги шундаки, унда тингловчи ўзига қулай вақтда, шуғулланадиган машғулоти ҳамда иш жойидан ажралмаган ҳолда он-лайн тарзида билим олиши, малакасини ошириб бориши мумкин бўлади. Қолаверса, бунинг учун илгари сарфланаётган вақт, ресурслар ва харажатлар сезиларли даражада тежалади.

Қарор билан Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисида янги Низом; Шунингдек, юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини, ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолашга қўйиладиган талабларни назарда тутувчи “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талаблари” тасдиқланди.

Марказда юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган касбий малака талаблари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Яна бир янгилик: Марказда малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида ноёб идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон сертификатлар репозиторийси» тизими ва дастурий таъминотини яратиш назарда тутилмоқда.

Низомга мувофиқ, қайта тайёрлаш курси тингловчиси битирув малакавий иши тайёрлаши ва ҳимоя қилиши лозим. Битирув малакавий иши мавзуси ихтиёрий танланади. Малакавий иш мавзусидан келиб чиқиб унга Марказнинг тегишли кафедралари профессор-ўқитувчилари ёки амалиётчи мутахассислардан илмий раҳбар бириктирилади.

Қайта тайёрлаш курслари тингловчилари ўқув режасида белгиланган фанлардан якуний синов имтиҳонини топширадилар ва битирув малакавий ишини ҳимоя қиладилар. Битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом берилади.

Таъкидлаш жоизки, қайта тайёрлашга иккинчи олий таълимни олиш сифатида қаралмайди. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Ҳуқуқий билим эҳтиёжмандларини қайта тайёрлаш ва юрист кадарлар малакасини ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

*       Марказ ва унинг филиалларида ўқитиш;

*       мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитиш;

*       кредит-модуль тизими асосида ўқитиш;

*       масофавий таълим.

Марказ ва унинг филиалларида ўқитиш тегишли ихтисослик йўналишлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурларини ўзлаштиришдан иборат. Марказда ва унинг филиалларида ўқитиш бевосита Марказ ёки унинг филиалларида масофавий таълим ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.

Мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитиш тингловчининг ишдан ажралмаган ҳолда хизмат жойига Марказ томонидан мутахассисларни жалб этган ҳолда, тегишли ўқув дастурларини ўзлаштиришдан иборат.

Янги жорий этилаётган кредит-модуль тизими асосида малака ошириш тегишли ўқув дастурини мустақил ўзлаштиришни ўз ичига олади. Кредит-модуль тизими бўйича малака ошириш мутахассис кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда ўқув дастури модулларини узлуксиз, мустақил равишда ўзлаштириб боришни назарда тутади.

Кредит-модуль тизими бўйича малака оширишда тегишли кредит балларни йиғиш учун қуйидагилар ҳам ҳисобга олинади:

жорий даврда илмий мақолалар чоп этиш, монография, дарслик ва ўқув қўлланма нашр эттириш;

малака оширишнинг белгиланган даврийлиги давомида фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлиш.

Ходим мос равишда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлганда, малака ошириш учун белгиланган умумий кредит баллни тўплашдан озод қилиниб, тўғридан-тўғри якуний синов имтиҳонини топширишга рухсат берилади, фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлганда эса, ходим беш йил муддатга малака ошириш курсларини ўтишдан озод қилинади.

Кредит-модуль тизими бўйича малака ошириш учун жалб қилинган ходим сўнгги уч йилдаги маълумотлар электрон портфолио тизимига шахсан ўзи томонидан киритилади ва кўрсаткичлар электрон мониторинг тизими орқали қайд этиб борилади.

Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали он-лайн ҳамда офф-лайн тарзда амалга оширилади.

Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича якуний суҳбат имтиҳонини топшириш билан якунланади. Малака ошириш курси бўйича якуний суҳбат имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади. Малака ошириш сертификати электрон шаклда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш Марказ томонидан бириктирилган педагог маслаҳатчи томонидан амалга оширилади. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш педагог маслаҳатчининг вазифаларига киради.

Масофавий таълим курслари бўйича якуний синов имтиҳони (суҳбат) офф-лайн шаклида тест топшириқларини бажариш ёки он-лайн шаклида реал вақт ҳолатида ташкил этилиши мумкин.

Марказ давлат бошқаруви органи, хўжалик бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар ўзга соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ва уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курсларини ҳам ташкил этиши мумкин. Бундай қисқа муддатли малака ошириш курслари Марказ томонидан мустақил равишда ёки буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув дастурларига мувофиқ ихтиёрий ташкил этилади.

Низомда қайта тайёрлов ўтувчи ва малака оширувчи тингловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари батафсил мустаҳкамланган.

Хулоса қилиб айтганда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тавсифланган Қарори ҳамда у билан тасдиқланган Низомни ҳаётга изчил жорий этиш, шубҳасиз, юридик билим талаб қилинадиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва адлия соҳаси ходимларининг малакасини ошириш тизмини замонавий талаблар асосида янада такомиллаштириш ҳамда модернизация қилиш борасида юқори сифат босқичини белгилаб, янги уфқлар очади, унинг истиқболли ривожланишини таъминлайди. 

Юристлар малакасини ошириш маркази

Давлат ва жамият қурилиши кафедраси мудири

профессор Х.Т.Одилқориев