+998 71 200 02 35

Янги меморандум кенг имкониятлар ва масъулиятли ҳамкорлик белгиси

28.05.2021 2591

2021 йил 28 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори в.в.б. А. Отажонов, Марказнинг Ахборот-ресурс маркази мудири Н. Каримова ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У. Тешабаева, директор ўринбосари Н. Холдорова ва кутубхона ходимлари иштирок этдилар.

Ушбу меморандумнинг асосий мақсади томонлар ўртасида ҳамкорлик шартлари ва йўналишларини аниқлашдан иборат. Бунда илмий ва маданий-маърифий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, кутубхона соҳасидаги ишларнинг устувор йўналишларини аниқлаш бўйича консультатив маслаҳатлар бериш, илмий-амалий конференциялар ва семинарларда ҳамкорлик қилиш ва ўтказиш, ҳамкорликда кўргазма ишларини амалга ошириш ҳамда ахборот-кутубхона соҳасини такомиллаштириш, томонлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, ахборот технологиялари ва кутубхона иши соҳасида энг яхши халқаро тажрибани ўрганиш ва амалга ошириш борасида ҳамкорлик назарда тутилган.

Тадбирда сўзга чиққан, Юристлар малакасини ошириш маркази директори в.в.б. А. Отажонов – “Бугунги кунда барча соҳалар каби юридик соҳага, унинг билимларини мустаҳкамлашга, мукаммал ўргнишга, тарғиб этишга катта аҳамият қаратилмоқда. Марказимизнинг профессор-ўқитувчлари, ходим ва тингловчилари учун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан тузилган ўзаро англашув меморандуми катта имкониятлар эшигини очиб беради. Зеро, ҳеч бир юксалиш китоб ўқимасдан, ахборотга эга бўлмасдан амалга оширилмайди”, – дея таъкидлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У. Тешабаева эса, “Юристлар малакасини ошириш маркази билан келишув меморандуми кўп йиллардан буён бўлиб келаётган ҳамкорликнинг расмийлаштирилишидир. Меморандум имзоланишининг яхши бир томони ҳамкорликдаги ишларнинг давомийлигига ишора” – эканлигни баён қилди.