+998 71 234 56 02

“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг ўзига хос хусусиятлари

21.10.2020 313

Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланган. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги  муносабатларни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур қонун билан таълим соҳасидаги асосий принциплар белгиланган бўлиб, улар асосан таълим устуворлигининг тан олиниши; таълим олиш шаклини танлаш эркинлиги; таълим соҳасида камситишларга йўл қўйилмаслиги; таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши; таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги; таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти; таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги; ўн бир йиллик таълимнинг ҳамда олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлашнинг мажбурийлиги; давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги; ўқув дастурларини танлашга доир ёндашувнинг ягоналиги ва табақалаштирилганлиги; инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши ҳисобланади.

Шунингдек, қонунда таълимнинг мактабгача таълим ва тарбия; умумий ўрта ва ўрта махсус таълим; профессионал таълим; олий таълим; олий таълимдан кейинги таълим; кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва мактабдан ташқари таълим каби турлари баён этилган.

Юқорида қайд қилинган таълим турларидан бири кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдир. Мазкур қонун билан кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишини тартибга солувчи бир қатор қоидалар белгиланган. Жумладан, кадрларни қайта тайёрлаш таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлайди. Кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади. Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ва муддатлари тегишли давлат таълим талаблари билан белгиланади.

Мазкур қонун жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қамрови кенглиги ва ўзига хос хусусиятга эга эканлиги билан 1997 йил 29 август куни қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонундан тубдан фарқ қилади.

Ушбу қонуннинг ўзига хос хусусиятлари таълим соҳасига бир қатор янгиликлар киритилганлигида намоён бўлади. Жумладан, унда белгиланган масофавий таълим ҳақидаги қоидалар ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишга қаратилган.

Шунингдек, қонунда дуал таълимга оид қоидалар белгиланиб, у таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни олишга қаратилган бўлиб, уларнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади.

Шу билан биргаликда, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш ҳақида қоидаларда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш бу бутун умр давомида ўқитишнинг марказий таркибий қисми бўлиб, таълим бериш ҳамда ўқитишнинг жамият ҳаётида ва меҳнат фаолиятида катта ёшдагиларнинг иштирок этишини таъминлашга қаратилган барча шаклларини ўз ичига олиши, шунингдек расмий, норасмий ва информал ўқитиш жараёнларининг бутун мажмуини қамраб олиши  баён этилган.

Бундан ташқари, қонунга инклюзив таълим тўғрисидаги қоидалар киритилиб, унга биноан, инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этади.

Хулоса сифатида эътироф этиш жоизки, “Таълим тўғрисида”ги мазкур қонун таълим соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга ўзининг муносиб хиссасини қўшади.

 

 

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш

маркази бўлим бошлиғи   Д.Рахимов