+998 71 200 02 35

Солиқ ислоҳотлари иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади

22.01.2020 3645

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш борасидаги ишлар Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасин ошириш марказида йўлга қўйилган. 2020 йил 22 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳуқуқий таълим” ўқув машғулоти мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотлари ва солиқ қонунчилигидаги янгиликларга бағишланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли Фармони билан Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертлари билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш бўйича махсус комиссия ва ваколатли органлар томонидан амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди.

2020 йил 22 январь куни иқтисод фанлари доктори, профессор Боҳодир Исроилов Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирокидаги “Ҳуқуқий таълим” ўқув машғулотида  Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти, аҳамияти ва солиқ қонунчилигидаги янгиликлар тўғрисида маъруза қилди.

Машғулот савол-жавоб  ва ўзаро мулоқот тарзида қизғин ўтди.