+998 71 200 02 35

Самарқандда сайёр малака ошириш ўқув курслари

29.02.2020 2934

2020 йилнинг 28 февраль куни Самарқандда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизмати ходимлари ҳамда адвокатлар учун икки ҳафтага мўлжалланган 72 соатлик сайёр малака ошириш ўқув курслари якунланди. Малака оширишда 110 га яқин тингловчи иштирок этди.

Машғулотларга Юристлар малака ошириш марказининг етакчи профессор-ўқитувчилари билан бирга вилоят адлия бошқармаси, Адвокатлар палатасининг вилоят ҳуқудий бошқармаси вакиллари ва амалиётчи мутахассислар жалб қилинди.

Малака ошириш давомида тингловчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш жараёнлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари, қонунчиликдаги янгиликлар, коррупцияга қарши курашишнинг миллий ва халқаро тизими, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари, маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа мавзуларга оид маърузаларни тинглади.

Машғулотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида “Блиц-сўров”, “Ақлий ҳужум”, “Кейс-стади”, “Кичик гуруҳда ишлаш” ва бошқа интерфаол усуллари қўлланилиб, ўқув жараёнида инновацион педагогик ва ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилди. Малака ошириш педагогик ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилди.

Малака ошириш жараёнида тингловчилар жойларда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва ваколатли органларга киритиш, қонун ҳужжатлари мониторинги тартиблари билан танишишдан ташқари, қонунчиликни қўллаш соҳасида юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий баҳо бериш ва ечиш билан боғлиқ кўникмаларга эга бўлдилар.

Малака ошириш курсларини муваффақиятли тугатган тингловчиларга белгиланган тартибдаги сертификатлар берилди.