+998 71 234 56 02

Пандемия шароитида интеллектуал мулкнинг аҳамияти: афзалликлари ва муҳим жиҳатлари

27.04.2020 290

Covid 19 пандемияси сабабли бугунги кунда бутун дунё таҳликада турибди. Инсонлар ушбу пандемиянинг “ривожланиш” жараёнини кузатиш билан бирга, уни баратараф этишга қаратилган турли давлатларда ихтиро қилиниб синовдан ўтаётган вакциналар бўйича ҳам ахборотларни кузатиб туришгани сир эмас.Ихтиро – бу интеллектуал мулк объекти, яъни муаллифлик ҳуқуқи, товар белгиси, дизайн каби ва улар бугунги кунда иқтисодиётнинг асосий факторларидан бири бўлиб турибди. Энг муҳими интеллектуал мулк ҳозирда дунёни коронавирус пандемиясидан қутқаришда қайсидир маънода муҳим ўрин тутади. Албатта, танганинг икки томони бўлганидек, интеллектуал мулк яратувчиларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатлари мавжудлигини унутмаслик керак.

Бундан ташқари, ушбупандемия сабабли бугунги кунда, интернет маълумотларига кўра 3,5 млрддан ортиқ одам уйда қолмоқда. Албатта бугунги кунга келиб, уйда қолишни ташқи дунёдан узилиш деб бўлмайди, сабаби деярли барча ўзининг турли мобил ёки компьютер қурилмалари орқали интернет тармоқларини кузатиши мумкин. Зеро, Covid19 пандемияси натижасида уйда қолаётган одамлар ўз вақтини турли кинофильмларни кўриш, мусиқа эшитиш, китоб ўқиш билан ўтказиши табиийдир. Айни ушбу жараёнда интеллектуал мулкнинг муҳим объектлар, хусусан ихтиролар ҳамда адабий, бадиий асарлар ва турли кино ва мусиқа асарлари, яъни муаллифлик ҳуқуқи объектларининг аҳамияти ошиб боради. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки ҳозирда ҳаётимизни интеллектуал мулксиз тасаввур этиб бўлмайди.

Дастлаб ихтироларга тўхталиб ўтсак. Албатта дунёни ҳайратга солган, катта ўзгаришларга олиб келган ихтиролар ўзи-ўзидан бўлмайди. Бунда аввало, ихтирочида ўзига бўлган ишонч керакдир.Айнан ҳозирги каби тарихда бўлган турли эпидемиялар вақтида олимларнинг ихтироси сабабли кўпчиликнинг ҳаёти сақланиб қолинганлигини ҳам унутмаслик керак. Масалан, тиббиёт тарихида англиялик шифокор Э.Женнер XVIII асрнинг охирларида тарқаган сувчечакка қарши дастлабки вакцинани ихтиро қилиб, жуда кўпчилик инсонларнинг ҳаёти сақланиб қолинган. Ўша даврда ушбу касалликдан 40 миллион инсон ҳалок бўлганлиги Э.Женнернинг вакцинаси қанчалик муҳимлигини англатиб турди.

Албатта ихтироларга доир халқаро нормаларга разм соладиган бўлсак, патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши деб эътироф этилади. Юқоридаги ҳаракатлар бевосита ҳуқуқ эгаси (муаллиф)нинг розилиги билангина амалга оширилиши лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 169-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, квартиралар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар қатори интеллектуал мулк объектлари ҳам мулк сифатида белгиланган. Шунингдек, кодексга кўра, мутлақ ҳуқуқ объекти бўлган интеллектуал фаолият натижалари ва ўзига хос воситаларидан учинчи шахслар ҳуқуқ эгасининг рухсати билангина фойдаланишлари мумкин.

Лекин шу билан бирга, халқаро ва миллий нормалар мамлакатда юз бериши мумкин бўлган турли жараёнларда ихтиролардан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланишга рухсат беради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда қўллаш патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши сифатида эътироф этилмайди.

Жаҳон савдо ташкилотининг 2001 йилда бўлиб ўтган вазирлар конференциясида “Интеллектуал мулкнинг савдо жиҳатлари бўйича битим (ТРИПС) ва жамият саломатлиги” Доха декларацияси қабул қилинган. Биламизки, интеллектуал мулк ҳуқуқи нафақат янги тиббиёт маҳсулотини яратиш балки, унинг нархида ҳам муҳим ўрин тутади. Айнан ушбу декларация яратилган дориларнинг кенг омма фойдалинишини ҳам назарда тутади. Декларация қоидаларида, эпидемиялар шароитида ривожланаётган ва иқтисодиёти қолоқ бўлган мамлакатларга тиббиёт маҳсулотларидан мажбурий лицензия асосида бериш назарда тутилган. Масалан, 2001-2016 йиллар давомида 176та шу каби ҳолат кузатилган. Улар 14 турдаги турли касалликларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, 137та ҳолат ОИТС ва инсоннинг иммун танқислиги билан боғлиқ касалликларда қўлланилган. Албатта бу каби қоидалар, мамлакатда юз бериши мумкин бўлган турли эпидемиялар ёки бошқача фавқулодда ҳолатда ҳам қўлланилади. Хусусан, интернет маълумотларига қараганда, италиялик шифокорлар коронавирусга чалинган беморларни даволашда, уларни кислород билан таъминлайдиган CPAP номли ниқобли бош кийимлар етишмаслиги сабабли, патентга бўлган  ҳуқуқларни бузса ҳам, унинг қисмларини 3D шаклида ишлаб чиқаришга мажбур бўлишган.

Юқоридаги каби ҳолатларда мамлакатлар дори воситалари ва умуман бошқа зарур бўлган ихтироларга (мудофаа, фавқулодда ҳолатлар в.б.,) нисбатан ҳуқуқ эгасини огоҳлантиришсиз ҳам мажбурий лицензия берилиши тамойилини қўллайди. Албатта ҳозирги заруриятда ҳам агарда бирон-бир тиббий восита Covid19 вирусини даволашда ишлатилиши қўл келиши мумкин бўлса, унга нисбатан юқоридаги тамойил қўлланилиши мумкин. Айнан шу кунларда Канадада тиббиёт воситаларига нисбатан мажбурий тартибда лицензия берилишини тезлаштиришга қаратилган тегишли ҳужжат қабул қилинди.

Бундан ташқари, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунга кўра, патент эгаси патент рўйхатга олинган санадан бошлаб уч йил мобайнида ундан умуман ёки етарли даражада фойдаланмаса, ушбу муҳофаза этилаётган интеллектуал мулк объектидан фойдаланишни хоҳловчи ва фойдаланишга тайёр ҳар қандай шахс, патент эгаси лицензия шартномаси тузишдан бош тортган тақдирда, ўзига мажбурий номутлақ лицензия беришни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкинлиги ҳам қонунда белгиланган.

Сир эмаски пандемия шароитида кўпчилик интеллектуал мулкнинг яна бир муҳим йўналиши муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар объектлари, яъни адабий ва бадиий асарлар ўқиш билан ҳамда турли кинофильмларни томоша қилган ҳолда ўз вақтни ўтказмоқда. Агарда булар рўйхатига компьютер ўйинларини ҳам қўшадиган бўлсак, ҳозирги шароитимизда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ўрни нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Financial Times маълумотларига кўра, биргина Хитойда карантин чоралари кўрила бошланганидан сўнг февраль ойида Apple қурилмаларига бир ҳафталик муддатларда турли видеоўйинларни кўчириб олиш бутун 2019 йилга нисбатан ўртача ҳисобда 80 фоизга (!) ошган.

Албатта соҳага тааллуқли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар (Адабий ва бадиий асарлар тўғрисидаги Берн конвенцияси, ТРИПС битими) ва Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига кўра, муаллиф ўз асаридан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Мазкур қонунга асосан, муаллифлик ҳуқуқи объектларидан қуйидаги ҳолларда фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан эркин фойдаланишга рухсат берилади:

- ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш;

- ошкор қилинган асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш;

- кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;

- омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни кўзланган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш.

Шунингдек, фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган асарларнинг нусхаларини ахборот-кутубхона муассасалари томонидан вақтинчалик фойдаланишга муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда беришга йўл қўйилади. Бунда муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган, рақамли шаклда ифодаланган асарларнинг нусхалари, шу жумладан ахборот-кутубхона муассасаларининг ресурсларидан ўзаро фойдаланиш тартибида бериладиган асарларнинг нусхалари бу асарларнинг рақамли шаклдаги кўчирма нусхаларини яратиш имкониятини истисно этиш шарти билан фақат ахборот-кутубхона муассасаларининг биноларида вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин.

Албатта муаллифлик объектлари ҳам бошқа соҳалар каби пандемия таъсиридан четда қолмади. Буни биз биргина киносаноат йўналишида кўришимиз мумкин. Бир қатор кинокомпаниялар коронавирус сабабли кўплаб янги кинофильмларни тасвирга олиш ишлари ва премеъраларини бекор қилишга мажбур бўлишди. Кинотанқидчиларнинг фикрига кўра, пандемия натижасида киносаноати оғир аҳволга тушиб қолган. Кўплаб кинокомпаниялар эса, вақтдан ютқазмаслик ҳамда ўз аудиториясини йўқотмаслик мақсадида зарар келтирса ҳам онлайн тарзда киноларни қўйишни режалаштирмоқда. Хусусан жаҳонга машҳур АҚШнинг Universal кинокомпанияси ушбу йўлни танламоқда. Жорий йилнинг март ойидаги статистик маълумотларга кўра, ушбу даврда етказилган зарар 7 млрд АҚШ долларини ташкил этди.Масалан, кўриладиган зарардан қочиш мақсадида дунёга машҳур Жеймс Бонднинг янги тасвирга олинган “No Times to Die” фильми премьераси ҳам март ойидан ноябрь ойига кўчирилди. Шу сабабли ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда пандемия натижасида етказилган зарарларини қоплаш харажатлар йўналишларида киносаноатни тиклаш учун қилинадиган харажатлар ҳам алоҳида кўрсатилмоқда.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга тўхтаб ўтиш лозим. 2013 йилда Мараккеш шаҳрида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан Нашр этилган асарларга нисбатан ўқиш имконияти чекланган ёки кўриш қобилияти чекланган ва кўзи ожиз шахсларга имконият яратишга қаратилган Мараккеш шартномаси қабул қилинган. Бугунги кунга қадар ушбу шартномани 65та давлат ратификация қилган. Пандемия шароитида ушбу тоифа шахсларни ҳам қизиқишларни рағбатлантириш ҳар қачонгидан долзрабдир. Алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига кўра, даромад олишни кўзламаган ҳолда кўзи ожизлар учун қабариқ нуқтали ҳарфлар ёки бошқа усуллар билан чоп этилган асарларни такрорлашга, яъни кўпайтиришга эркин тарзда фойдаланишга йўл қўйилиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкиники, интеллектуал мулк яратувчиларнинг меҳнати натижасини қадрланиши ҳамда шу билан бирга ихтирочи ва ижодкорларни меҳнатини рағбатлантиришнинг аҳамияти бугунги кунда ҳар кунгидан ҳам яққол кўриниб турибди.

Абдумумин ЮЛДАШОВ

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси