+998 71 200 02 35

Ўқув йили якунлари сарҳисоби ва янги режалар муҳокамаси

28.06.2021 2762

2021 йил 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази Илмий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Илмий кенгаш мажлиси жонли шаклда ўтказилиб, унда Марказ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, бўлим бошлиқлари ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда 2020-2021 ўқув йили якунлари ҳамда 2021-2022 ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар  муҳокама қилинди.

Мажлисда кафедралар ва бўлимлар ҳисобот даврида ўз иш фаолиятлари бўйича амалга оширилган ишлар ва камчиликлар юзасидан атрофлича ҳисобот беришди. 

Мажлисда Марказ директори в.б. А.Отажонов, ўқув йили давомида Марказ томонидан ижобий ишлар амалга оширилгани ва  бир қатор ютуқларга эришилгани,  жумладан Юристлар малакасини ошириш марказига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2021 йил 30 апрелдаги 23-сонли Давлат аккредитацияси ҳақидаги сертификати берилгани, бу Марказ жамоаси учун катта кўрсаткич экани, энг қувонарлиси, ушбу ҳужжат бугунги кунда ўзининг амалий натижаларини бериши ҳақида таъкидлаб ўтди.  

Шу билан бир қаторда Мажлис давомида Олий аттестация комиссияси томонидан Юристлар малакасини ошириш маркази кенгашининг тавсиясига кўра, Саидова Лола Абдуваҳидовна Халқаро ҳуқуқ ихтисослиги бўйича “Доцент” илмий унвони билан тақдирланди. 

Марказда 2020-2021-ўқув йили давомида 25 турдаги юридик ўқув адабиётлар тайёрлани, чоп этишга тавсия этилди. Бундан ташқари Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан ҳисобот даврида 74 та илмий мақолалар чоп этилди. Жумладан, 26 та Олий аттестация комиссияси рўйхатидан ўтган журналларда, 18 та конференция тўпламларида, 12 та хорижий журналларда, 17 та оммабоп журналларда чоп этилган.

Марказ томонидан ҳисобот йилида 8 маротаба турли мавзулар бўйича республика миқёсида конференция ва давра суҳбатлари ташкил қилинганлиги, 245 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилганлиги, шулардан, 60 таси ОАВ орқали, 185 таси турли мавзуларда бағишланган семинар, давра суҳбатлари ва оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилганлиги ҳақида маълумот берилди.

Жорий ўқув йилида Марказ филиаллари билан биргаликда, жами 8017 та: адлия органлари ходимлари - 469 та, Давлат хизматлари агентлиги ходимлари – 293 та, ФҲДЁ ходимлари – 220 та, нотариуслар – 320 та, адвокатлар – 479 та, юрисконсультлар – 800 та, медиаторлар – 311 та, қисқа муддатли ўқув курсларида турли соҳа вакиллари – 4265 та ва шулардан филиаллар томонидан ташкил этилган 960 та соҳа вакилларининг малакаси оширилди.

Шунингдек, кенгаш йиғилишида қуйидагилар таъкидлаб ўтилди. Адлия вазирлиги томонидан адлия органлари ва муассасаларида кадрлар соҳасидаги иш юритишни рақамлаштиришга мўлжалланган “MinJust HR” автоматлаштирилган тизим ишга туширилди. Бу тизим орқали коррупциявий хавфларни камайиши ҳамда ортиқча оворагарчиликларни олдини олишга эришилади. Марказ тизимида бу каби амалиётни давом эттириш белгилаб олинди.  Бундан ташқари, Марказ томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, халқ ичига кириб бориш лозимлиги, соҳани такомиллаштириш ва аҳолига қулайликлар яратишдаги муаммоларни ҳал этишда ходимларда шахсий ташаббус ва талабчанликнинг етарли бўлмаётганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда Юристлар  малакасини  ошириш  марказининг  2020-2021-ўқув  йилида оширилган ишлар самарадорлиги таҳлил қилинди, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритилди ҳамда келгусида бажариладиган устувор  вазифалар муҳокама қилинди