+998 71 200 02 35

Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

09.09.2022 1749

 

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятига ўтиш жараёнларида инсон қадриятларидан бири бўлиб ҳисобланган мулк дахлсизлигини таъминламасдан туриб иқтисодий барқарорликка, ижтимоий фаровонликка тўлиқ эришиб бўлмаслигини ҳаётни ўзи кўрсатмоқда.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мулк ҳуқуқини дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминланиши кўрсатиб ўтилди.

Бунга мувофиқ, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи  тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинади.

Мулк дахлсизлигини таъминлашнинг асосий омилларидан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан  мулкдорга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш процедураларини қонунларда акс эттирилишидан иборатдир.

Ушбу фармон қабул қилинишига қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда уларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш учун ҳуқуқий асослар мавжуд бўлсада, лекин уни амалга ошириш механизмлари етарли даражада йўлга қўйилмаган эди.

Бунинг оқибатида ер участкалари олиб қўйилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарлар ўз вақтида қомпенсация қилинмасди.

Шу туфайли, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича республика марказлаштирилган жамғармаси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси этиб қайта номланди.

Иккинчидан, республика ҳудудларида эса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича ҳудудий марказлаштирилган жамғармалар — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар деб аталди.

Учинчидан, қайд этилган республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган мулкдорларга етказилган зарар қопланади.

Тўртинчидан, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мулкдорга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарар, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли мулкдорга етказилган зарар ва маънавий зиён ҳам республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қайд этиш лозимки, бундай республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинади.

Бироқ, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мулкдорга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарар, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли мулкдорга етказилган зарар ва маънавий зиён жамғармалар маблағларидан қопланган тўловлар кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинмайди.

Қайд этилган мулкдорга етказилган зарарларни қоплашнинг бошқа манбалари белгиланган ҳолларда, компенсация тўловлари республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик ушбу манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Шу билан бирга айтиш жоизки, суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланмаган ва (ёки) регресс тартибида ундириб олиш шартисиз давлат томонидан қоплаб берилиши кўрсатилган ҳолларда, республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинишича, охирги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлган.

Шулар ҳам инобатга олиниб, қайд этилган фармон билан Адлия вазирлиги ва бошқа идораларнинг   мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш мақсадида ҳуқуқий институтларни қонунчиликда ва юридик амалиётда қўллаш кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бунда, инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмлари қўлланилиши, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк белгиланган тартибда аукцион орқали сотилганда, кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчига мулкнинг қийматини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши орқали фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари белгиланади.

Фармонда таъкидланишича, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари, бунда, мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлардан ташқари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлади.

Бундай хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш ҳаракатларида кўриниши мумкин.

Шу билан бирга бундай ҳаракатлар  мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш, хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш, мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш,  бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш билан ҳам содир этилади.

Мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш, мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш, мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш каби ҳаракатларда содир этилмаслиги чораларини кўришга эътибор қаратилди.

Ушбу юқорида кўрсатиб ўтилганлар инобатга олинган ҳолда, фуқаролик ҳуқуқларини қайд этилган бундай ҳаракатларни содир этмаслик билан ҳимоя қилишда, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда ФуқароликСолиқ, ЖиноятЖиноят-процессуалМаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди.

Умуман олганда, ушбу фармон билан мулкдорларга етказилган зарарларни қопланишининг қулай ва афзал бўлган ҳуқуқий механизмини жорий этилиши таъминланади. Бу эса, мулкдорларга мотивация кўрсатиш орқали уларни ўз вақтида моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланишини, молиявий аҳволига путур етказилмаслигини, тадбиркорлик фаолиятида янада ҳам самарадорликка эришишни белгилаб беради. 

Насуллаев Мубин

 Юристлар малакасини ошириш

Маркази доценти