+998 71 200 02 35

Маърифатпарвар шоир ва шеърият султони хотирланди

06.02.2020 3301

Буюк мутафаккир ва инсонпарвар шоир Алишер Навоий таваллудига  9 февраль куни 579 йил тўлади. Шу муносабат билан 2020 йилнинг 5 февраль куни Юристлар малакасини ошириш марказида маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққан юридик фанлар доктори, профессор Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ҳалим Бобоев сўз султонининг ҳаёт йўли ва ижод йўли ҳақида атрофлича маълумот борди.

Маълумки, Навоий асарлари нафақат бадиий-эстетик жиҳатдан, балки ҳуқуқий, ахлоқий, ижтимоий тасаввурни англашнинг манбаи ҳам ҳисобланади. Ўттиздан ортиқ асарларида улуғ шоир XIV-XV асрлардаги сиёсий ва ҳуқуқий ғоялар-одамларнинг ҳуқуқий онг даражаси, мулкий, ахлоқий, оила-никоҳ муносабатларини тартибга солувчи ижтимоий нормалар, жиноят ва жазо масалалари ҳақида кенг маълумотлар беради. Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал каби машҳур ахлоқий учлик Навоий сиёсий ва ҳуқуқий тушунчаларининг асосини ташкил этади. “Одил шоҳ” ҳукмронлиги остидаги кучли давлат ғоясини илгари сурган Навоий адолатли жамият қуришни орзу қилади.

Ҳ.Бобоев Навоийдаги ҳуқуқий қарашлар ва фикрларнинг ҳаётийлиги боиси, биринчидан, улуғ шоирнинг фиқҳ илмини кенг ва чуқур билиши бўлса, иккинчидан, ҳуқуқ ижодкори, ташаббускори ва ижрочиси сифатида ўттиз йилдан ортиқ давлат ишларидаги фаолияти эканлиги илмий асослар билан тушунтирилди.

Манбаларда келтирилишича, Алишер Навоий ёшлигида фиқҳ илмидан мукаммал таълим олган. Самарқандда етук уламо Хўжа Фазлуллоҳ Абулайс хонақоҳи ҳужраларидан бирида истиқомат қилиб, фиқҳдан икки йил таҳсил кўради. Ҳиротда эса ўша даврдаги устозларидан бири Мавлоно Фасиҳиддин Низомийдан фиқҳ ва фалсафадан дарс олади. Давлат ва ҳуқуққа оид қарашлари кейинчалик унинг асарларидан жой олган.

Мутафаккир шоир Навоий нафақат шоир, балки давлат арбоби сифатида мамлакат бош вазири, вазир ва ҳоким сифатида ҳам катта ишларни амалга оширган, юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида жон фидо қилган. Навоийдаги ҳуқуқий қарашлар ва фикрларнинг ҳаётийлиги унинг фиқҳ илмини кенг ва чуқур билиши, ҳуқуқ ижодкори, ташаббускори ва ижрочиси сифатида ўттиз йилдан ортиқ давлат ишларидаги фаолияти билан асосланади. Шоир шоҳ саройида юксак обрў-эътиборга-подшоҳга таъсир этишдек нодир ҳуқуқ ва имкониятга эга бўлган.

Дунё ҳуқуқ тизимида мусулмон фиқҳига хос бўлган ягона ҳуқуқ-вақф ҳуқуқи ҳақида кўплаб ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, Навоийнинг моҳиятан икки қисмдан иборат “Вақфия”си фақат тарихий ҳужжат сифатидаги асар бўлиб қолмай, балки мемуар характердаги сюжетлар, лавҳалар, бадиий тасвирий чизгилар, шеърлар ҳам жамланган ягона асардир.

 Ҳ.Бобоев шўролар замонида Навоийга бўлган муносабат, шоир асарларининг даврга мослаштирилиши йўлидаги ҳаракатлар,  ўзи томонидан Навоийнинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари йўлида олиб борилган изланишлар, яратган илмий асарларнинг моҳияти тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берди.

Тадбирда мутафаккир шоир асарларининг бугунги кундаги аҳамияти, уни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, таълим муассаларида ўқитиш, бугунги шиддатли замонда жамият аъзолари, айниқса ёш авлодни ватанпарвар, эзгу ишларни амалга ошириш йўлида тарбиялашдаги ўрни ҳақида ҳам фикрлар юритилди ва шоир ғазалларидан намуналар ўқилди.