+998 71 234 56 02

Мансабдор шахслар жавобгарлиги ёхуд жиноят қонунчилиги такомиллаштирилиши зарурлиги хусусида

01.07.2020 403

Жиноят кодексининг “Мансабга совуққонлик билан қараш” учун жавобгарликни назарда тутувчи 207-моддаси уч қисмдан иборат бўлиб, жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторида мазкур кодекснинг 207-моддаси иккинчи қисмида “Ўша қилмиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса” ва учинчи қисмида “Ўша қилмишлар: а) одам ўлишига; б) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг кўп миқдорда Ўзбекистон Республикаси давлат ёки божхона чегаралари орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига сабаб бўлса”, деб келтирилган.

Олимларнинг фикрича, умумий нормалар деганда, бир турдаги ижтимоий муносабатлар гуруҳини ҳимоя қилишга қаратилган муайян қилмишлар учун жавобгарликни назарда тутувчи нормаларни тушуниш лозим. Бинобарин, Жиноят кодекси 207-моддасида назарда тутилган норма ҳам айнан умумий норма турига тааллуқлидир.

Бироқ Жиноят кодекси 207-моддаси 3-қисмига юқорида кўрсатилган оғирлаштирувчи ҳолатни назарда тутувчи “б”-банднинг киритилиши мазкур нормани қисман махсус нормага, яъни турдош муносабатларнинг алоҳида битта турини ҳимоя қиладиган нормага айлантирди.

Шунинг учун, мансабига совуққонлик билан қараш учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖК 207-моддаси 3-қисмидан қўйидаги оғирлаштирувчи ҳолатни назарда тутувчи “б”-бандни чиқариб ташлаш зарур деб ҳисоблаймиз: “б) гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг кўп миқдорда Ўзбекистон Республикаси давлат ёки божхона чегаралари орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига сабаб бўлса”.

Мансабга совуққонлик билан қараш жиноятини оғирлаштирувчи ҳолатларига оид хорижий жиноят қонунчиликлардаги тажрибаларни ўрганиш, қонун чиқарувчилар томонидан кодекснинг моддасини тузишда, мазкур норманинг умумий норма бўлишлигига эътибор қаратишлари нуқтаи-назардан ёндашганликларидан далолат беради. Масалан, “Совуққонлик” учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 239-моддаси тўрт қисмдан иборат бўлиб, унинг иккинчи қисмида “Ўша ҳаракатлар, жуда кўп миқдорда зарар етказишга сабаб бўлса” (1.1.-қисми), учинчи қисмида “Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмиш, эхтиётсизлик оқибатда баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига ёхуд одам ўлишига сабаб бўлса” (2.-қисми) ва тўртинчи қисмида “Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда қилмиш,  эхтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлишига сабаб бўлса” (3.-қисми) каби жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар келтирилган.

Козоғистон Республикаси Жиноят кодексида “Совуққонлик” номли жиноятни назарда тутувчи 371-модда икки қисмдан иборат бўлиб, иккинчи қисмида “Ўша ҳаракатлар, эҳтиётсизлик оқибатида оғир оқибатларга сабаб бўлса” деган оғирлаштирувчи ҳолат учун жавобгарлик шартлари мавжуд. Қозоғистон Жиноят кодекси “Совуққонлик” учун жавобгарликни назарда тутувчи 371-модданинг икки қисмида ишлатилган “оғир оқибатлар” атамаси истисносиз турли оқибатларни (моддий зарар, баданга шикаст етказилиши, одам ўлиш) қамраб олади деган нуқтаи-назардан қўйилган бўлса керак, деган хулосага олиб келади. Шундай қилиб, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси жиноят қонунчилигида мансабдор шахсларнинг совуққонлигига оид жавобгарликни назарда тутувчи моддаларда келтирилган оғирлаштирувчи ҳолатларни белгилашда, бошқа битта жиноят аломатлари билан чегараланишга йўл қўйилмаган.

Хорижий давлатлар жиноят қонунчилигидаги ижобий тажрибалар ҳамда миллий жиноят қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 207-моддасини оптималлаштириш мақсадида мансаб совуққонлиги натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа турдаги жиноятлар қамраб олиниши учун Жиноят кодекси 207-моддаси 3-қисмининг “б”-бандини қуйидагича  таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:

“Ўша ҳаракатлар:

а) одам ўлишига;

б) ўта оғир жиноятлар содир этилишига сабаб бўлса, —

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Рафик Шакуров,

юридик фанлар номзоди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги юристларни малакасини ошириш маркази доценти

Манбаа hudud24.uz