+998 71 200 02 35

“Маҳалла еттилиги” учун семинар: Президент қарорининг мазмун-моҳияти

29.01.2025 1275

Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан Тошкент вилояти маҳаллаларида фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” учун семинарлар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, криминоген вазият оғир маҳаллалар билан янгича ишлаш механизмлари, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор йўл хариталари ҳамда 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури таништирилди.

Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан эндиликда жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ташкилот ва таълим муассасалари томонидан илмий ёндашувлар асосида ўрганишлар ўтказилиши, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилишига алоҳида тўхталиб ўтилди.

"Намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз йўлак”ларни ташкил қилган, криминоген вазияти барқарорлашган “маҳалла еттилиги” ва сектор раҳбарлари ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча моддий рағбатлантирилиши ва бошқа қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан маълумотлар берилди.

Ушбу ташаббуслар маҳаллаларда нафақат жиноятчиликни камайтиради, балки хавфсиз ва барқарор ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Юристлар Малакасини Ошириш Маркази томонидан ташкил этилган семинарлар “маҳалла еттилиги”нинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим қадам бўлди.