+998 71 200 02 35

«Лозим даражада эҳтиёткорлик» солиқ тўловчининг мажбуриятими?

11.06.2020 3082

Бозор муносабатлари шароитида иқтисодиёт ҳалол рақобат ва бизнес учун яратилган қулай муҳит, хусусий мулкчиликка асосланган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш асосида барқарор ривожланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Солиқ кодекси нормаларини ҳар бир солиқ ходими, тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар пухта ўзлаштириши, бунинг учун уларни мунтазам равишда ўқитиш зарурлигини таъкидланган.

Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 15-моддасида ўз ифодасини топган «Лозим даражада эҳтиёткорлик» тушунчаси ва уни амалга ошириш тўғрисидаги қарашларимизни мақолада баён этмоқдамиз.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 15-моддасига кўра, лозим даражада эҳтиёткорлик деганда “Солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши тушунилиши белгиланган.

Мазкур модда 1-қисми талаби солиқ тўловчи зиммасига ўз мижози билан иқтисодий муносабатларга киришишда, унинг фаолияти қонунийлиги тўғрисидаги ахборотларни зарур даражада ўрганиш шартлиги вазифасини юклайди.

Ушбу тартиб Ўзбекистон солиққа тортиш амалиёти учун янгилик ҳисобланади. Солиққа тортиш амалиётига ушбу тартибни жорий этилишининг зарурияти солиқ тўловчиларни ўзаро келишув ёки эътиборсизлиги натижасида солиқ базаси ва бюджетга тушадиган солиқлар миқдорини камайтириш амалиётини олдини олиш ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида амалга оширилган хўжалик жараёнлари натижасида тўланмай қолинадиган солиқлар юкини бюджет ҳисобидан қоплаш тизимига барҳам бериш ҳисобланади. Шунинг учун янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 15-моддасининг амалиётга киритилганлигини ўринли, деб ҳисоблаш мумкин.

Лекин 2020 йил 1 январдан амалга киритилган Солиқ кодекс ушбу моддаси 1-қисми талабини бажармаслик оқибатида солиқ тўловчи солиқ базасидан камайтириши мумкин бўлган харажат (зарар)ларини чегириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Солиқ тўловчидан солиқ қонунчилигида белгиланган ушбу тартибга кўра ўз фаолияти бўйича амалга оширилган харажат (зарар)ларини чегириш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаслик учун контрагентлар (мижозлар) билан шартнома тузишда улар фаолиятини қонунийлиги тўғрисидаги қуйидаги ахборотларни ўрганиши талаб этилмоқда:

мижозни солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини;

контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини;

мажбуриятини бажариш учун ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини;

молиявий ҳолатини;

битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини.

Ушбу талабларни солиқ тўловчи томонидан бажарилмаслиги янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 15-моддаси 2-қисмига асосан мижоз олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар)ни битим тузишда лозим даражада эҳтиёткорлик қилинмаганлиги сабабли солиқ солиш мақсадида тан олинмаслигига сабаб бўлади, яъни солиқ тўловчининг мижоз билан шартнома доирасида амалга оширган харажатлари солиқ базасини ҳисоблашда чегирилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси 333-моддаси 1-қисмида қарздор ўз мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун айбдор бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган. Бундай ҳолларда қонунчилик талабига кўра қарздор ўз мажбуриятни лозим даражада бажариш билан боғлиқ бўлган барча чораларни кўрганлигини исботлаши зарур ҳисобланади.

Юқорида қайд этилганидек ушбу ҳуқуқий меъёр жорий йилнинг 1 январидан амалга киритилган бўлиб, амалдаги қонун ҳужжати ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 15-моддаси 3-қисмида эса солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан, шунингдек бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини бериши белгиланган.

Лекин ҳозирда солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталида контрагентнинг ишбилармонлик обрўси, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлиги, молиявий ҳолати ва битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириш учун зарур маълумотлар мавжуд эмас. Мазкур маълумотларни олиш имкониятининг йўқлиги ҳамда уларни қандай тартибда, қайси базадан олиш тартиблари белгиланмаганлиги сабабли солиқ тўловчиларда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тузилган битимлар бўйича солиқ қонунчилигида белгиланган «лозим даражада эҳтиёткорлик» шартини бажариш имконият йўқ.

Амалдаги солиқ қонунчилиги меъёрларига асосан давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчилардан солиқ қонунчилик талаби бажарилмаганлиги сабабли улар харажатларини (зарарларини) солиқ базасидан чегиришни амалга оширмасликни талаб қилишга ҳақли.

Бундай ҳолат биринчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини амалга оширишга сунъий тўсиқни юзага келтиради, иккинчидан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан «лозим даражадаги эҳтиёткорлик» тушунчаси бўйича солиқ тўловчиларни солиқ чегирмалардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид турли талқинларни қўлланишига сабаб бўлади, шунингдек, солиқ тўловчи ва солиқ органлари ўртасида солиққа оид низоларни кўпайтиради.

Учинчидан, ушбу модда меъёрини бажариш бўйича ахборотлар базасининг шаклланмагани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари, мансабдор шахсларини ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш учун шарт-шароит яратади. Бу эса мамлакатимизда солиқ тўловчилар ва давлат солиқ органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишларга салбий таъсир этади.

Бундан ташқари, солиқ тўловчи томонидан лозим даражадаги эҳтиёткорлик чорасини кўриш вазифаси мазмуни Кодексда аниқ белгиланмаган. Чунки Солиқ Кодексининг солиқ тўловчилар мажбуриятлари белгиланган 22-моддасида контрагентлар билан иқтисодий муносабатга киришишда «лозим даражадаги эҳтиёткорлик» чорасини кўриш солиқ мажбурияти сифатида эътироф этилмаган.

Фикримизча, ушбу номутаносиблик солиқ тўловчининг зиммасига юклатилган вазифанинг солиқ мажбурияти таркибига киритилмаслиги биринчидан, Кодекснинг 1 ва 3 – боблари ўртасида номувофиқликни келтириб чиқармоқда. Иккинчидан, эса солиқ органлари томонидан солиқ тўловчидан солиқ мажбурияти ҳисобланмаган вазифа ижросини таъминлаш талаб этилишига сабаб бўлади.

Қайд этилганлар асосан турли салбий ҳолатлар ва солиқ низолари келиб чиқишини олдини олиш ҳамда солиқ қонунчилиги талабини бажаришни таъминлаш мақсадларида контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлиги, уларнинг ишбилармонлик обрўси даражаси, зарур ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлиги, молиявий ҳолати ҳамда битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш, улардан фойдаланиш тартиблари қонуности меъёрий ҳужжат билан белгилаб қўйилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Солиқ тўловчиларнинг лозим даражада эҳтиёткорлигини қўллаш мезонлари ахборотлар базаси ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги» Низомни тасдиқлаш, солиқ органларининг электрон давлат хизматлари ва Адлия вазирлиги давлат хизматлари агентлиги порталларида «лозим даражада эҳтиёткорлик учун маълумотлар базаси»ни шакллантириш мақсадга мувофиқ. Солиқ тўловчи ушбу маълумотлар базаларидан лозим даражада эҳтиёткорлик учун талаб этиладиган ахборотларни электрон тарзда узоғи билан бир соатда олиш имкониятига эга бўлиши зарур.

Шунингдек фикримизча, солиқ қонунчилигидаги ушбу янгилик солиқ тўловчилар фаолиятини оғирлаштирувчи норма ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни (Янги таҳрири) 11-моддаси тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлигини белгилайди. Ушбу модда талабига кўра «Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши» зарур ҳисобланади.

Юқорида қайд этилганларга асосан лозим даражада эҳтиёткорлик чораларини кўрмаганлиги учун солиқ тўловчиларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари ахборотлар базасидан фойдаланиш амалиёти жорий этилгандан кейин содир этилган хўжалик жараёнлари ва битимларга нисбатан қўлланишини ишлаб чиқиладиган қонун ҳужжатида назарда тутиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Мазкур таклифларни амалиётга жорий этиш тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир этиш, солиқ тўловчиларга иқтисодий зарар етказишни олдини олиш, солиқ тўловчилар эътирозлари ва солиқ низоларни камайтириш ҳамда давлат солиқ хизмати органларида коррупция ҳолатлари содир этилишига барҳам бериш учун хизмат қилади.

 
Баҳодир Исроилов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, и.ф.д., профессор.
Бобуршоҳ Ибрагимов,

 

мустақил изланувчи