Ҳалоллик тушунчаси ва мазмуни
“Ҳалол” араб тилидан олинган сўз бўлиб рухсат этилган, йўл қўйилган, қонуний, асосли, виждонга мувофиқ маъноларини англатади.
Айрим манбаларда таъкидланганидек, ҳалоллик, ўз маъносига кўра, тўғрилик, адолат, софдиллик, самимийлик, иймон сўзлари билан уйғундир.
Кўпинча, “ҳалоллик” тушунчаси меҳнатга, нафсга, ишлаб топилган луқмага, истеъмол қилинаётган маҳсулотларга, инсон устидаги кийимларга, никоҳга олинган шахсларга, халқнинг фаровон ва бахтли яшашига кўмаклашишга нисбатан ишлатилган. Ўз навбатида, ҳалолликка риоя қилган инсонлар доимо жамиятда ҳурматга сазовор бўлиб келган.
Кўриб турганимиздек, “ҳалоллик” инсоннинг асосан маънавий фазилати сифатида эътироф этилиб келинган.
Бугунги кунда, айрим давлат хизматчиларининг нафси ҳалол бўлмаслиги улар томонидан давлат мол-мулкини талон-торож қилиш, порахўрлик ва бошқа коррупсиявий хавф-хатарларга сабаб бўлмоқда.
Бундай тоифадаги кимсалар ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан нафақат давлат ташкилотининг обрўсига, балки юртимизда виждонан, фидойилик билан хизмат қилаётган ҳамкасбларининг номига ҳам қора доғ тушишига сабабчи бўлиб қолишмоқда.
Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш чора-тадбирлари
“Ҳалоллик” сифати аҳамиятлилиги унинг давлат ташкилотларининг асосий қадриятлари ҳамда давлат хизматчиларига қўйиладиган талаблари қаторида белгиланишига сабаб бўлмоқда. Масалан, “ҳалоллик” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида асосий қадрият сифатида эътироф этилиб, “ҳалоллик – хиёнат ва коррупцияга йўл қўймаслик, виждонийлик, тўғрилик, софдиллик билан вазифани бажариш” деб, таъриф берилган.
Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини таъминлашда республикамизда қабул қилинган, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш”, “Давлат фуқаролик хизмати”, “Одоб-ахлоқ қоидалари”, “Манфаатлар тўқнашуви” ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат хизматчиларида ҳалолликни таъминлашда, албатта, ҳар бир давлат ташкилотида жорий этилган коррупцияга қарши курашиш сиёсати (кейинги ўринларда – Сиёсат) аҳамият касб этади. Хусусан, Сиёсатга мувофиқ адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ўзига бўйсунувчилар, фуқаролар ва юридик шахслар билан муносабатларда ҳалол намунаси бўлишлари, адлия органлари ва муассасалари ходимлари эса ўз хизмат мажбуриятларини бажариш ва (ёки) адлия органлари манфаатларини ифодалаш доирасида ҳалоллик тамойилларига амал қилиши, шунингдек, маъмурий иш юритишда, шу жумладан давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда мурожаатлар кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ва адлия органларининг ички ҳужжатларига мувофиқ ҳалол, адолатли ва объектив асосда кўрсатишлари лозимлиги таъкидланган.
Мазкур талабларнинг бажарилмаслиги тегишлича ахлоқий ёки интизомий таъсир чораларнинг қўлланиши учун асос бўлади.
Чунончи, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши учун маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг муқаррарлиги давлат хизматчиларида ҳалолликни таъминланишида замин яратади.
Давлат хизматчиларида ҳалолликни шакллантириш
Давлатимиз раҳбари коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошлаш кераклигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқдалар.
Давлат хизматчиларига ҳалолликни сингдиришда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган таълим ва тарбия аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида адлия вазирлиги тизими, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятлардаги давлат ташкилотлари ва органлари давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашишга оид ўқув машғулотлар олиб борилмоқда.
Албатта, таъкидланган ҳалолликни таъминлашга ҳамда шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар давлат хизматчиларида, шу жумладан адлия органлари ва муассасаларининг хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабати шаклланишига ва ҳалолликка риоя қилган ҳолда ўз фаолиятида коррупсиявий хавф-хатарларга йўл қуймаслик учун аҳамият касб этмоқда.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институти доценти,
юридик фанлар номзоди Рафик Шакуров


