+998 71 200 02 35

АЛОҲИДА ТАъЛИМ ЭҲТИЁЖЛАРИГА ЭГА БЎЛГАН БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

21.02.2025 129

Конституция – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг муҳим мезони бўлиб, давлатнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, шунингдек, давлат органларининг ваколатларини ва уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатда қонунлар адолатли ва шаффоф бўлиши, халқ давлат органларига эмас, балки, давлат органлари халқ манфаатларига хизмат қилиши керак.

Шу нуқтаи назардан, Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига амал қилади ва унда белгиланган ижтимоий адолат, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, адолатли суд тизими ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатланиши адолатни таъминлашдаги муҳим нормалар ҳисобланади.

Конституция инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, ҳар бир фуқарога тенг имкониятлар яратишни давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилайди. Инсон ҳуқуқларига эътибор қаратиш, тараққиётнинг биринчи мезонидир, чунки фуқаролик жамиятида ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши керак.

Бугунги кунда ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олиши, инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Давлатимиз томонидан жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, уларнинг соғлом болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилияти, имкониятларини кўрсата олишига, маънавий камол топишига қаратилган вазифалар чора-тадбирлар асосида амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, Конституциямизда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқини таъминлашга доир норма белгиланиб, унга кўра фуқароларни, айниқса, соғлиғида муаммоси бўлган болаларни таълим ва тарбия олиши учун боғча, мактаб, олий таълим ташкилотларида махсус шароитларни яратиш ижтимоий давлатнинг вазифалари сифатида эътироф этилган.

Маълумки, замонавий таълим тизимида сўнгги йилларда инклюзив таълим ғояси, республика миқёсида уни жорий этиш масалалари тез-тез кўтарилаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Таълим соҳасида, айниқса, инклюзив таълимни ривожлантириш орқали ҳар бир болага тенг имкониятлар яратиш, жамиятда адолат ва тенгликни таъминлаш мумкин. Инклюзив таълим — алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлаган ҳолда бериладиган таълимдир. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Инклюзив таълимни жорий қилишнинг асосий мақсади, ҳар бир боланинг шахсий эҳтиёжлари ва қобилиятларига қарамасдан, уларни таълим жараёнида ишончли ва тенг ҳуқуқлар билан иштирок этишини таъминлаш ҳисобланади.

Инклюзив таълимнинг жорий этилиши жамиятда тенглик ва адолатни таъминлаш, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ва тарбия, уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилишига, таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмаслигига хизмат қилади. Болаларни ижтимоий жиҳатдан ривожлантиради, уларнинг бошқалар билан мулоқот қилишини, турли гуруҳларда ишлашини таъминлайди. Инклюзив таълимни ривожлантириш замонавий жамиятда фақат таълим соҳасидаги ўзгаришларнинг эмас, балки ижтимоий, маданий ва психологик ўзгаришларнинг ҳам кераклилигига ишора қилади. Ҳар бир бола, қандай шароитда бўлмасин, ўз қобилиятларини намоён этиш, таълим олиш ва жамиятда тўлиқ ҳуқуқли аъзо бўлиш имкониятига эга бўлиши керак.

Севара Абдиманнобова
Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходими