+998 71 200 02 35

ЮРИДИК ФАН ВА ҲУҚУҚНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ

12.05.2020 3348

2020 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Бош прокуратура Академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-5987-сон фармони ижроси ҳамда Бош прокуратура Академияси ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот консорциуми” доирасида “Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари” мавзусида илмий-амалий видео-конференция бўлиб ўтди.

      Онлайн режимида ташкил этилган илмий-амалий видео-конференция ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, ИИВ Академияси, Миллий гвардия Харбий-техник институти, Давлат хавфсизлик хизмати институти, Божхона институти, Бош прокуратура Академияси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек мамлакатимиздаги юридик олий ўқув юртларининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, докторантлар ва мустақил изланувчилар, шунингдек юридик фан ва амалиётга алоқадор мутахассис ва экспертлар қатнашдилар.

     Тадбирда юридик соҳада илмий кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, юридик фанларни ривожлантиришда илм-фаннинг ўрни ва аҳамияти, юридик таълим муассасалари ва илмий марказлари ўртасида ягона ахборот маконини яратиш, уларнинг ахборот-ресурс тизими имкониятларидан фойдаланиш, долзарб илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш, ҳозирги кунда юридик фан соҳасини ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

    Анжуман якунида қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.