+998 71 200 02 35

Инсоният саломатлигига янги хавф

06.02.2020 3231

2020 йил 5 февраль куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги     Ф-5537-сон фармойиши ижроси юзасидан  келиб чиқиб, инсоният  учун хавфи, асоратлари ва уни олдини олиш юзасидан маслаҳатларга оид тадбир ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Мирзо Улуғбек тумани Санитария-эпидемиология осойишталик маркази Эпидемиология мониторинг бўлим мудири М.С.Рустамова, врач  эпидемиолог Г.У.Гафуровалар  Марказ профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва малака ошираётган тингловчилар учун тиббиёт учун ҳали номаълум бўлган, хафли коронавирус касаллигидан ҳимояланиш масалалари бўйича маълумотлар берди.

Маълумки,  Хитой Халқ Республикасида тарқалган янги турдаги коронавирус дунё жамияти нигоҳида турибди, чунки касалликдан қурбонлар сони ортиб бормоқда. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикасида аҳоли ўртасида “Коронавирус” туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллиги пайдо бўлгани ва тарқалаётгани эълон қилинмоқда. Коронавирус шамоллаш ва йўтал симптомларини ўз ичига олган ўткир нафас йўли инфекциясини келтириб чиқаради. Вирусдан муолажа усули ёки эмлаш воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

Хитой Халқ Республикасида коронавирус инфекцияси бўйича кузатилаётган мураккаб эпидемик вазият, бу касалликни республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан назоратга олинган.

Бугунги кунда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида ташкил қилинган штаб 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Агентлик мутахассислари томонидан ишонч телефонлари орқали коронавируснинг олдини олиш борасида Хитойдан келаётган ва ўқиётган талабалар, уларнинг ота-оналари, тадбиркорлар ва бошқа соҳа ходимларига тегишли тушунтиришлар ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Тадбир якунида бундай хавфли касалликнинг келиб чиқиш сабаблари,  унинг тарқалиши олдини олиш, жамият аъзоларини ундан ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди ҳамда мазкур соҳада тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, ҳушёрликни ошириш, касалликка қарши курашиш йўлларини белгилаб олиш ва мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйишга  келишиб олинди.