+998 71 200 02 35

ADLIYA ORGANLARI XODIMLARINING XIZMAT FAOLIYATIDA KORRUPSIYA VA MANFAATLAR TO‘QNASHUVINI OLDINI OLISH

17.07.2024 174

МАВЗУ“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун ва моҳияти

 

МАЪРУЗА РЕЖАСИ:

 

Кириш

1. Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, турлари, субъектлари ва унинг олдини олишга оид чекловлар

2. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари

3. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш соҳасида ташқи ва ички назорат

4. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳисобини юритиш тартиби

5. Манфаатлар тўқнашувига йўл қуйилганликнинг ҳуқуқий оқибатлари

Хулоса

Ўзини ўзи назорат қилишга оид саволлар

Мавзуга тегишли таянч атама ва иборалар

Фойдаланишга тавсия этиладиган асосий ва қўшимча адабиётлар

 

 

КИРИШ

“Коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ишбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўради. Хусусан, Ўзбекистонда бу борада бир нечта самарали ташаббуслар амалга оширилди, масалан, коррупцияга қарши курашишга оид халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди, миллий қонунчилик ишлаб чиқилди, давлат органларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда келиб чиқадиган коррупциявий хатарларни баҳолаш тизими жорий этилди, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва шу каби бошқа бир қанча лойиҳалар амалга оширилди.

Аммо, амалиёт кўрсатиб турибдики, мамлакат доирасида эришилган ютуқлар, коррупцияга қарши кураш самарадорлиги вазифаларига тўлиқ жавоб бермайди. Айнан шу сабабли, Президентимиз ўз чиқишларида, коррупцияга қарши кураш масаласига қайта ва қайта туҳталиб ўтмоқда. Хусусан, 2024 йил 5 июнь санасида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунни имзоланганлигини бунга мисол сифатида келтириб ўтшимиз мумкин.

Ўз навбатида, мазкур Қонунни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6257-сонли Фармонига мувофиқ Адлия вазирлигига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш бўйча белгиланган вазифаси бизга асос бўлиб хизмат қилди.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан ISO 37001: “Коррупцияга қарши курашиш менеджмент тизимилари” халқаро стандарти асосида Адлия вазирлиги тизимида шакллантирилган коррупцияга қарши курашиш менеджмент тизимидаги манфаатлар тўқнашувини бошқариш амалиётини таҳлил қилиш ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди.

Ўз навбатида, мазкур Қонун 30 мингдан ортиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган бошқарув штат бирлигида ҳисобда турган ходимлар томонидан амал қилиши лозим бўлган ҳужжат ҳисобланади ҳамда ушбу мажбуриятни бажаришда уларга бир қатор вазифаларни юклайди. Ушбу маъруза матни ҳам айнан шу вазифаларни бажаришга йўналтирилган.

Мавзудан келиб чиқиб, ўқув машғулотнинг мақсади ва вазифалари қўйидагилардан иборат:

Ўқув машғулотининг мақсади – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг меҳант (хизмат) фаолиятида манфаатлар тўқнашуви вазиятларини олдини олиш ва тартибга солиш бўйича касбий кўникмаларини чуқурлаштиришдан иборат.

Ўқув машғулотининг вазифалари – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларига: манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, турлари, субъектлари ва унинг олдини олишга оид чекловлар; манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари; манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш соҳасида иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари; манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳисобини юритиш тартиби ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, тартибга солиш ҳамда таъсир чораларини кўриш бўйича саводхонликларини ривожлантириш.

  

1-МАВЗУ: Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, турлари, субъектлари ва унинг олдини олишга оид чекловлар

Манфаатлар тўқнашуви тушунчасига тўхталиб ўтадиган бўлсак, оддий қилиб тушунтирилганда манфаатлар тўқнашуви бу шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият тушунилади.

Шу боис, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунда манфаатлар тўқнашуви қуйидагича тушунча берилган:

манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият” (Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).

  Мазкур тушунча бўйича ўз навбатида, коррупияцияга қарши курашиш халқаро ташкилотлари томонидан услубий тавсиялар ишлаб чиқилган. Хусусан: БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш бўйича мажбуриятлар, Иқтисодий ҳамкорлик ва тарраққиёт ташкилоти томонидан 2003 йилдаги Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қўлланмаси,

Ушбу ҳужжатларга кўра, манфаатлар тўқнашуви уч турда мавжуд бўлиши мумкинлиги келтириб ўтилган, яъни: мавжуд, эҳтимолий
ва тахминий
турдаги манфаатлар тўқнашувлар.

Мазкур турдаги манфаатлар тўқнашивини тартибга солишда хорижий давлатларнинг қонунчилигида икки турдагиси бўйича қонуний механизмлар ишлаб чиқилган, бу мавжуд ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви бўйича. Тахминий манфаатлар тўқнашуви бўйича эса, уни аниқлаш ва тартибга солиш масалалари мураккаблиги боис ушбу турдаги манфаатлар тўқнашуви айрим вазиятлари бўйича чекловлар белгилаб ўтилган.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви – давлат органи ва бошқа ташкилот ходими ёки унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатдорлиги (шу жумладан шахсий, ижтимоий, мулкий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлар) билан далват ташкилотлари манфаатларига бевосита ёки билвосита қарама-қаршилик юзага келаётган вазият;

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви – давлат органи ва бошқа ташкилот ходими ёки унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатдорлиги (шу жумладан шахсий, ижтимоий, мулкий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлар) билан далват ташкилотлари манфаатларига бевосита ёки билвосита қарама-қаршилик юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шу билан бирга, мазкур тушунчадаги “шахсий манфаатдорлик” кимларнинг манфаатларини кўзлаб меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаслик юзасидан аниқлаштириб берилган. Хусусан, шахсий манфаатдорлик деганда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик тушунилиши белгиланган.

Ўз навбатида, алоқадор шахс тоифасига қуйидагилар кириши кўрсатиб ўтилмоқда:

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, яъни ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.

Ундан ташқари Қонун тўлиқ татбиқ этиладиган объектлар (кейинги ўринларда – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар):

ü давлат органлари;

ü маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

ü давлат муассасалари;

ü давлат унитар корхоналари;

ü давлат мақсадли жамғармалари;

ü устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда;

ü ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига.

Қуйидаги объектларда Қонун давлат харидлари соҳасида татбиқ этилади:

ü ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан, ҳамда:

ü ушбу юридик шахсларнинг ўз устав фондида (устав капиталида) улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга.

Шу ўринда, Қонун билан ушбу ташкилотлардаги барча ходимларга мазкур Қонун талаблари татбиқ этилмасдан, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими назарда тутилган.

Хусусан, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ХАЛИКК-2020)га асосан бошқарув ходимлари – бошқарув функцияларини амалга оширувчи, ходимларга раҳбарлик қилувчи, зарур қарорларни ишлаб чиқувчи ва қабул қилувчи, ташкилот фаолиятини режалаштирувчи, назорат қилувчи ва жараёнларни тартибга солувчи, зарур қарорлар қабул қилиш учун маълумотлар тайёрловчи ходимлар. Бошқарув ходимлари ташкилотнинг ўз олдига қўйган мақсадлар ва вазифаларга эришиши учун зарур ташкилий-техник шартларни, юкланган функциялар ва ишлаб чиқариш дастурлари бажарилишини таъминлайдилар. Бошқарув ходимлари раҳбарларга ва бошқарув ходимлари мутахассисларига бўлинади.

Мазкур тоифадаги ходимларга техник ходимлар, хизмат кўрсатувчи ходимлар, мутахассислар, ишчилар ва ишлаб чиқариш ходимлар кирмайди.

Мазкур Қонуннинг асосий принциплари сифатида қуйидагилар белгилаб берилган:

v  қонунийлик;

v  фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;

v  очиқлик ва шаффофлик;

v  холислик;

v  коррупцияга нисбатан муросасизлик.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасида:

v  ходимлар томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабардор қилиш тизимини ташкил этади;

v  эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг ва мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг белгиланган шаклини ўзининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради;

v  манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорларни белгиланган тартибда ўзгартиради ёки бекор қилади;

v  манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битимларни ўзгартиради ёки бекор қилади ёхуд бундай битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида белгиланган тартибда судга даъволар билан мурожаат этади;

v  одоб-ахлоқ комиссияларининг ва махсус бўлинмаларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича фаолиятини ташкил этади;

v  давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ички идоравий тартибни белгилайди;

v  аниқланган манфаатлар тўқнашуви бўйича хизмат текширувининг холисона ташкил этилишини ва унинг натижалари одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди;

v  манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган ходимларни рағбатлантириш чораларини кўради;

v  манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларга, ташкилотларга, жамиятга ёки давлатга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг тегишли давлат органига ёки бошқа ташкилотга бўлган ишончини тиклаш чораларини кўради. 

 

2-МАВЗУ: МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Мамлакатдаги коррупция кўрсатгичларининг юқорилиги, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий барқарорлиги ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, коррупцияга қарши кураш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий сиёсий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатдаги коррупция кўрсатгичларининг юқорилиги, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий барқарорлиги ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, коррупцияга қарши кураш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий сиёсий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўз навбатида, манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар кўрсатиб ўтиладиган бўлса, унда: “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги , “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича умумий талаблар белгиланган.

Бироқ, уларни амалга оширишнинг аниқ механизми мавжуд эмаслиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётганлиги, ушбу муаммо 2024 йил 5 июньда Президентимиз томонидан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун (кейинги ўринларда – Қонун) имзоланиши билан тартибга солинишига хизмат қилди.

Мазкур Қонун билан қуйидаги шаклларда манфаатлар тўқнашувини олдининг олиш бўйича чоралар ва чекловлар белгиланмоқда:

Ø мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш;

Ø эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларацияни ишга кираётган номзодлар, ходимлар томонидан йилда бир маротаба ва ходимга алоқадор шахслар томонидан ушбу ходим меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ташкилотга мурожаатга қилганида тақдим қилиш;

Ø хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга;

Ø манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишга;

Ø  бири бошқасига бўйсунувчи ёки бири бошқасининг назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

Ø тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлишга, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларининг ўн фоизигача эгалик қилиш ҳоллари мустасно. Бунда, ушбу чеклов фақат давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларининг ходимларига, давлат муассасаларининг ва давлат унитар корхоналарининг, ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларининг раҳбарларига нисбатан татбиқ этилади;

Ø  ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектининг акцияларига ёки устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига эгалик қилишга, шунингдек ушбу тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органи аъзоси бўлишга, бундан Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ёки бу фаолият қонунчиликка мувофиқ лавозим мажбуриятлари ҳисобланадиган ҳоллар мустасно. Бунда давлат органи ёки бошқа ташкилот назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг акцияларига ёки устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига эгалик қилган ёхуд мазкур тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органлари аъзоси бўлган шахс мазкур давлат органида ёки бошқа ташкилотда ходим лавозимини эгаллаган ҳолларда, у қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу акцияларни ёки улушларни бир ой ичида реализация қилиши, бошқарув органларининг аъзолигидан чиқиши керак;

Ø ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ўзига тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда ёки ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этишга, агар у қонунчиликка мувофиқ қонуний вакил бўлмаса;

Ø ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган ташкилотнинг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда ўзи иштирок этишга ҳақли эмас. Шунингдек, ушбу жараёнда давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар ҳам иштирок этаолмайди. Бундан ташқари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ўзи билан меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходими икки йил ичида охирги иш жойида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотлар ёки уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан ишга ушбу ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга оширган ташкилотларнинг коррупцияга қарши назорат бўлинмаси вазифасини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хулосасига асосан қабул қилинади.

Айланма эшиклар” вазиятларидан бири:

Манфаатлар тўқнанушви, агар ташкилотга нисбатан давлат томонидан назорат функцияларини амалга оширувчи мансабдор шахс ушбу ташкилотдан ишга жойлашиш бўйича таклиф олган тақдирда юзага келади. Мансабдор шахс ўзига берилган ваколатлардан, шунингдек норасмий алоқалардан, ушбу ташкилотга норасмий хизматлар кўрсатиш мақсадида ён босиш устуворлик кўрсатиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.

Охиргиси манфааталар тўқнашувининг “айланма эшиклар” шакли ҳисобланади. Бунда, агарда мазкур ҳолат ўрганилмаган тақдирда, келгусида манфаатлар тўқнашуви вазиятлари келиб чиқиш эҳтимоли мавжуд. Бундан ташқари, назорат остидаги ташкилотга нисбатан устуворлик бериш орқали унинг камчиликларини яшириш ҳолатларини текшириш заруриятини келтириб чиқаради.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш масалалари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда:

1) давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарига — юқори турувчи раҳбарга) ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шарт;

2) давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар таркибий бўлинмасининг раҳбари мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт (Қонуннинг 16-моддаси);

3) махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади (Қонуннинг 16-моддаси);

4) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) кўриб чиқади (Қонуннинг 25-моддаси);

5) махсус бўлинма аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларининг ҳисобини Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрига киритади.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда:

1) давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай махсус бўлинмага тақдим этиши керак;

2) кадрлар билан ишлаш бўлинмалари эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;

3) кадрлар билан ишлаш бўлинмалари эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади;

4) кадрлар билан ишлаш бўлинмалари одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг бевосита раҳбарига ёхуд давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарига таклиф киритади.

Бироқ, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этганидан кейин кадрлар билан ишлаш бўлинмалари юқоридаги ишларни беш кунлик муддатда амалга оширади.

Юқоридаги ҳолатлардан ташқари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар манфаатлар тўқнашуви вазиятларини тартибга солиш юзасидан уларнинг ҳусусиятларидан келиб чиқиб қуйидаги чоралардан бири кўрилади:

ü ўзига нисбатан манфаатлар тўқнашуви юзага келган раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиш;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатлари доирасини қайта кўриб чиқиш;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахборотидан ва ҳужжатларидан фойдаланишига чекловлар белгилаш;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатларини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириши устидан коллегиал назоратни таъминлаш;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига ўзидаги шахсий манфаатдорликни қонунчиликка мувофиқ бартараф этиши тўғрисида таклифлар тақдим этиш;

ü ходим томонидан ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш чораларини кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, ходимнинг розилиги асосида уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини (контрактни) умумий асосларда бекор қилиш.

 

3-МАВЗУ: МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДА ТАШҚИ ВА ИЧКИ НАЗОРАТ

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш соҳасида назорат ташқи ва ички шаклларда амалга оширилади. Ташқи назорат шакли Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилса, ички назорат шакли махсус бўлинма (яъни, кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ва (ёки) коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари) томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур соҳада махсус ваколатли давлат органи сифатида ҳисобланиши билан бирга қуйидаги ишларни амалга ошириши белгиланмоқда:

ü манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

ü давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ü давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

ü манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

ü Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

ü давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

ü манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

ü махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

ü маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Ўз навбатида, мазкур йўналишда ички назоратни коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва кадрлар билан ишлаш бўлинмалари томонидан Қонуннинг 12-моддасига қуйидаги ваколатларни амалга оширилади:

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисидаги ахборотни умумлаштиради;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ушбу Қонун талабларини бузган ходимига нисбатан хизмат текширувини ўтказади;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан қонунчиликка мувофиқ тушунтириш ишларини амалга оширади;

ü эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларни, шунингдек мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномани кўриб чиқади, уларнинг натижаларига кўра одоб-ахлоқ комиссиясига таклифлар киритади;

ü давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги хабарлари муносабати билан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса беради;

ü давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини таҳлил қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ü давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ушбу Қонун талабларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ҳар йилги ҳисоботларни тайёрлайди ҳамда ҳисоботлар унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди.

Ўз навбатида, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг 11-моддасига асосан одоб-ахлоқ комиссияси қуйидаги ишларин амалга оширади:

v  давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонунда белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш чораларини кўради;

v  манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади;

v  мавжуд манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳоллар устидан коллегиал назоратни амалга оширади;

v  ушбу Қонунда белгиланган талабларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимлари томонидан бузилишлари мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хизмат текшируви натижаларига кўра хулоса чиқаради;

v  манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар қилмаган, била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган ходимни жавобгарликка тортиш ҳақида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбарига таклиф киритади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунинг 10-моддасига асосан двлат органлари ёки бошқа ташкилотлар манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасида қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

ü  ходимлар томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабардор қилиш тизимини ташкил этади;

ü  эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг ва мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг белгиланган шаклини ўзининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради;

ü  манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорларни белгиланган тартибда ўзгартиради ёки бекор қилади;

ü  манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битимларни ўзгартиради ёки бекор қилади ёхуд бундай битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида белгиланган тартибда судга даъволар билан мурожаат этади;

ü  одоб-ахлоқ комиссияларининг ва махсус бўлинмаларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича фаолиятини ташкил этади;

ü  давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ички идоравий тартибни белгилайди;

ü  аниқланган манфаатлар тўқнашуви бўйича хизмат текширувининг холисона ташкил этилишини ва унинг натижалари одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди;

ü  манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган ходимларни рағбатлантириш чораларини кўради;

ü  манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларга, ташкилотларга, жамиятга ёки давлатга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг тегишли давлат органига ёки бошқа ташкилотга бўлган ишончини тиклаш чораларини кўради.

  

4-МАВЗУ: МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ АНИҚЛАШ ВА ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш қуйидаги манбалардан олинган маълумотларни ўрганиш орқали амалга оширилади:

Ø эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан;

Ø давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан;

Ø жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан;

Ø тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан;

Ø Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан;

Ø «ФҲДЁ Ягона электрон архиви» ахборот тизимидан;

Ø «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан;

Ø Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан;

Ø махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимномадан.

Ушбу манбалардан маълумотлар олиш махсус бўлинма, яъни кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари  раҳбарининг сўрови бўйича амалга оширилади.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари улар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва ўрганиш орқали аниқланади.

Ўз навбатида, манфаатлар тўқнашувини қуйидаги босқичларда текшириш имкониятлари мавжуд:

ходимлар томонидан эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги йиллик декларациялари маълумотларни текшириш;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнолмарани текшириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлар тўқнашуви вазиятлари тўғрисидаги мурожаат ва хабарларини ўкриб чиқишда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ходимдаги мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга келиб тушган ҳар бир мурожаати ёки хабари қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда текширилади.

Текшириш давомида аниқланган манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги билан боғлиқ ҳоллар тўғрисидаги маълумотлар одоб-ахлоқ комиссияси томонидан махсус бўлинма тақдим этганидан кейин ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбарига манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича чораларни кўриш ёхуд ходимни тегишли жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритади.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрини инсон ресурслари томонидан тўлидирилади.

Мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрига қуйидаги асосларга кўра киритилади:

ü давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга ишга қабул қилишда номзод томонидан тақдим этилган декларация асосида мавжуд манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими бошқа ишга ўтказилган тақдирда, ўзидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни хабар қилганда;

ü давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан тақдим этиладиган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларация асосида мавжуд манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

ü мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома тақдим этилганда;

ü эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этилганда;

ü расмий электрон маълумотлар базалари орқали давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

ü келиб тушган мурожаатга ёки хабарга асосан давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тасдиқланганда;

ü қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиладиган хизмат ҳамда бошқа турдаги текширувлар натижасида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви аниқланганда.

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрига ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асослардан ташқари қуйидаги маълумотлар киритилади:

Ø мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувларини тартибга солиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар;

Ø манфаатлар тўқнашувини ошкор этиш чоғида била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборотни тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига нисбатан кўрилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар.

Махсус бўлинма, яъни кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларининг ҳисоби ўз вақтида ва тўлиқ юритилиши учун жавобгардир.

Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) кўриб чиқади.

Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини махсус бўлинма билан биргаликда таҳлил қилади ва давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.

  

5-МАВЗУ. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИГА ЙЎЛ ҚУЙИЛГАНЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

«1934-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

 

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

  Ҳуқуқий оқибатлари фуқаролик тартибда алоқадор шахсларга ва айбдор шахсларга нисбатан қуйидаги кўринишда таъсир чоралари кўрилади:

1. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилади:

– ушбу битимни тузиш натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади;

– битимни ижро этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

2. Коррупцияга йўл қўйилган ҳолда тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, бундай битимни тузиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан суд тартибида қопланади.

Ўз навбатида, коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битим суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.

  

ХУЛОСА

 Манфаатлар тўқнашуви давлат ташкилотларида холислик йўқ қилишига ва коррупцияга йўл очиб берувчи омиллардан бири ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва уларнинг келиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш давлат бошқарувида холислик ва адолат принципларини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда, Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда “Коррупциянинг олдини олишда, давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ”.

Коррупцияни енгишда албатта, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам муҳим ўрин тўтади. Мурожаатномада, мазкур масалага эътиборимизни қаратилиши, Бизларга коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга сингдириш ва уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатиш вазифасини юқлайди.

 

ЎЗИНИ ЎЗИ НАЗОРАТ ҚИЛИШГА ОИД САВОЛЛАР

1. “Манфаатлар тўқнашуви” деганда нима тушунасиз?

2. Қайси давлат органлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширади?  

3. Манфаатлар тўқнашуви соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг ваколатларини айтинг.

4. Ўзбекистон Республикаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунида, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга доир қандай чора-тадбирлар белгиланган?

5. Манфаатлар тўқнашуви сифатида баҳоланадиган вазиятларни санаб беринг.

6. “Айланма эшиклар” ?

7. “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари”га кўра, Адлия органлари ва муассасалари ходимлари қандай қоидаларга риоя қилишлари лозим?

8. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун қандай жавобгарлик мавжуд?

9. Манфаатлар тўқнашуви деганда нима тушунасиз?

10. Коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизими мақсадини аниқланг.

 

 

МАВЗУГА ТЕГИШЛИ ТАЯНЧ АТАМА ВА ИБОРАЛАР

 Манфаатлар тўқнашуви, мансабдор шахс, бошқарув ходими, алоқадор шахслар, мавжуд манфаатлар тўқнашуви, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви, одоб-аҳлоқ комиссияси, Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри, жавобгарлик, шахсий манфаатлар, яқин қариндошлар.

 

ФОЙДАЛАНИШГА ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АСОСИЙ

ВА ҚЎШИМЧА АДАБИЁТЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари:

Шавкат Мирзиёев. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2017. –692 б.

Шавкат Мирзиёев. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2018. – 508 б.

Шавкат Мирзиёев. Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2019. – 400 б.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси // Халқ сўзи, 2020 йил 30 дек.

Норматив-ҳуқуқий хужжатлар:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2023.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси. – Т., 2019.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси. – Т., 2019.

Ўзбекистон Республикасининг Мехнат кодекси. – Т., 2019.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сонли “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ги
ПФ–6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини  такомиллаштириш  бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 31 октябрдаги  “Коррупцияга қарши кураш бўйича Конвенцияси” (Ўзбекистон Республикаси  томонидан 2008 йил 7 июлда ратификация қилинган).

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1989 йил 24 майдаги “Жамоат тартибини сақловчи мансабдор шахсларнинг ахлоқ ва одоб кодексига оид раҳбарий кўрсатмалар” (Ўзбекистон Республикаси  томонидан 1997 йил 30 августда ратификация қилинган). 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги 2011 йил 11 февралдаги 1-сонли қарори

2007 йилдаги “Иқтисодий ривожланиш ташкилотининг коррупцияга қарши курашга оид Истамбул ҳаракат режаси”. (Ўзбекистон Республикаси  томонидан 2009 йилда ратификация қилинган). 

 

Дарслик, ўқув қўлланма, монография ва илмий мақолалар

 

Алимов Г.А. Мансабдор шахсларнинг қонунлар ижроси устидан жавобгарликни кучайтиришнинг долзарб масалалари. Хорижий ва миллий тажриба: Монография. – Т., 2017. – 194 б.

Алимов Г.А. Юридик шахсларнинг коррупцион ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлигини тартибга солувчи халқаро стандартлар тизими: Монография. – Т., KOMRONPRESS. 2019. – 160 с.

Алимов Г.А., Исраилов Б.И. Теневая экономика, коррупция, взяточничество: уголовно-правовая оценка: Монография. – Т.: “Издат. дом Инновационного развития». 2020. – 202 с.

Пулатов Ю.С., Алимов Г.А. Квалификация и предупреждение коррупционных преступлений: Монография. – Т., 2016 – 148 с.

Юридик энциклопедия. – Т., 2001. – 258-б.

Интернет манбаалар:

Ўзбекистон Республикаси давлат сайти:www.gow.uz

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали: www.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги сайти:www.adliya.uz

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси: http:// lex.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайти: www.parliament.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сайти: www.senate.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди сайти www.ksu.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий суди сайти: www.supcourt.uz

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги сайти: www.minjust.uz

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сайти: www.mvd.uz

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси сайти: genprok.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун хужжатлари мониторинг институти сайти: www.imal.uz