+998 71 200 02 35

Одамлар лоқайд бўлса, ҳаракатлар бесамар кетаверади

14.04.2020 3447

Бугун бутун дунё бўйлаб Инсоният мисли кўрилмаган оғир синовларни бошидан кечирмоқда. Кўзга кўринмас коронавирус пандемияси номи билан аталмиш бало инсониятга хужум қилмоқда. Бу офат Аллоҳнинг энг мукаррам хилқати – инсониятнинг борлиғига, инсон ҳаётига чанг солмоқда. Ушбу офатнинг чегара билмаслиги барча халқларни унга қарши бирдек курашишга мажбур қиляпти. Бу балонинг кўзга кўринмаслиги сабаб унга қарши курашни аниқ тасаввур қилиб бўлмаяпти. Бу фалокатга қарши курашда бутун дунё халқларининг бирдамлиги, бир ёқадан бош чиқариб биргаликда курашишларигина натижа бериши мумкин. Якдиллик бўлмаган жойларда бу бало ўзининг “ғалаба”сини нишонламоқда. Дунё халқлари бирдек, бирдамлик билан кураш олиб бормаса, бу балони таг-туги билан йўқ қилиб бўлмайди ва у илдизи билан йўқ қилинмагунча хавф-хатарли вазият бўлаверади.

Шу кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳушёрлик, сабр-қаноатли бўлишни талаб қилади. Бугун дунё халқлари учун душман битта – Коронавирус пандемияси.

Дунё халқлари бу балога қарши бирдек курашаяпти деб бўлмайди. Негаки, айрим Европа давлатларидаги аҳвол жуда ачинарли бўлаётганлиги матбуотларда ҳар дақиқаларда, такрор ва такрор айтилаяпти, кунига минглаб одамлар қурбон бўлаётганлигига оид маълумотлар тарқатилмоқда. Қаерда кўплаб одамларнинг қурбон бўлиши шу давлатларда интизом, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият йўқлиги, ахлоқсизлик кучайиб кетганлигидан далолат беради. Хитой давлатида бошланган бу офат тез орада Европа давлатларига, Америкага етиб борди. Давлат қанчалик бу балоларга қарши кураш олиб бормасин, одамлар ҳам бирдамлик билан қўллаб-қувватламаса, давлатнинг ўзи бу офатни енга олмайди. Италия, Испания, Францияда, Америка Қўшма Штатларидаги воқеаларга давлатларнинг кучи етмаяпти, касалхоналарда бу офат билан касалланганлар тўлиб тошиб кетаяпти, минглаб ўлганларни олиб кетишга транспортлар етишмаяпти. Шифокорлар етишмай, касалланганлар қаровсиз қолиб кетаяпти. Интизом кучли давлатларда, давлат ўрнатган қоидаларга сўзсиз итоат қилинаётган давлатларда бу касалликка қарши кураш тўғри олиб борилаяпти, давлат касалликнинг тарқалиб кетиши хавфини назорат қила олиши мумкин. Кечаю кундуз тинимсиз меҳнат қилаётган шифокору тиббиёт ходимларга тасаннолар айтишимиз лозим. Шифокорлар тинмай меҳнат қилаётганларида, биз, ҳар биримиз уларга ўзимизни асрашлик билан кўмаклашишимиз талаб этилади, бефарқликка йўл қўйишимиз уларнинг меҳнатларини оғирлаштириб юборади. Коронавирус пандемияси билан касалланган шахснинг ҳар бир тузалиб ўз оиласига қайтаётган беморни шифокорлар хурсадчилик билан, байрамона қарши олиб, ўз фарзандлари тузалганидек бошлари осмонларга еткудек байрамона нишонлашлари қанчалик машаққат натижаси эканлиги хис қилиш қийин эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабарига кўра, Жон Хопкинс университети маълумотларида қай этилишича, 2020 йил 13 апрель ҳолатидаги ахборотида дунё бўйича ушбу кассаллик тарқалган, 1 (бир) миллион 848 минг 503 нафар шахс ушбу касаллик билан касалланган, шундан 431629 нафари тузалгани, 114185 нафари эса вафот этгани эълон қилинди. АҚШда 556044 нафар, Испанияда 166831 нафар, Италияда 156363 нафар, Германияда 127854 нафар, Хитойда 83135 нафар, Францияда 133670  нафар, Эронда 7168 нафар, Буюк Британияда 85208 нафар, Тукияда 56956 нафар, Швейцарияда 25415 нафар, Бельгияда 29647 нафар, Нидерландияда 25764 нафар, Россияда 15770 нафар шахс ушбу касалликка чалинган.

Таъкидланган давлатларда ушбу касаллик сабабли ўлганлар сони ҳам кундан кунга ошиб бормоқда.

Минг афсуслар бўлсинки, бу бало Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деган қоида белгиланган. Ушбу Конституциявий нормани амалда таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Раҳбари ва Ҳукумати томонидан ушбу касалликка қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ушбу фармон билан Инқирозга қарши курашиш Республика комиссияси тасдиқланди, коронавирус инфекцияси таъсирини камайтириш билан боғлиқ қатор чоралар белгиланди. 2020 йил 23 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан,

– Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

– Шифокорларимизга амалий ёрдам бериш ва уларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш, тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бўйича топшириқлар берилди.

– Давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.

– Сурункали касалликка чалинганлар ҳамда 60 ёшдан ошганлар ташқарига чиқмаслиги, бундай ходимлар 100 фоиз меҳнат таътилига чиқарилиши тавсия этилди.

– Тиббиёт ва ҳарбий олий ўқув юртлари талабаларидан иборат кўнгиллилар жамоасини тузиб, ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқ оилаларга ҳамда олис ҳудудларга озиқ-овқат, гигиена ва дори воситалари етказиб беришни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

– Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар, субстанциялар, тиббий техника ва бошқа зарур товарларни божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Бизга яқин МДҲ давлатларидан Россия президенти Владимир Путин коронавирус сабабли мамлакатда жорий қилинган ишланмайдиган кунларнинг узайтирилишини маълум қилган. Россия аҳолисига 2 апрель куни телевидение орқали мурожаат қилган В.В.Путин 30 апрелгача барча кунлар ишланмайдиган кун бўлишини эълон қилган. Бу ҳақда “РБК” хабар берди. Бундан аввал Путин 25 март куни Россия аҳолисига телевидение орқали мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 26 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу вазифаларни тўлиқ, бекамукўст амалга ошириш учун барча куч ва эътибор коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. Лекин “Қарсак икки қўлдан чиқади” деганидек, давлат томонидан амалга оширилаётган кескин чоралар қанчалик қўлланмасин, халқимиз, фуқароларимиз ҳам қўллаб-қувватламаса, кўрилган чоралар кутилган самарани бермаслиги мумкин. Юқорида эсга олинган Европа давлатлари мисолида кўриш мумкинки, одамларнинг қўллаб-қувватлашларисиз давлат кучсиз бўлиб қолади, олдинда турган мақсадларга эришиш мушкул.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда халқимиз ҳам қўйилган талабларга қатьий риоя қилган ҳолда чора-тадбирларни амалга оширишга қатъийлик билан кўмаклашмоқда, санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга ёрдамлашмоқда, бу эса яқин келажакда ўз натижасини беради, албатта. Лекин Президентимиз ва Ҳукуматимиз, давлат органлари қанчалик ҳаракат қилишларига қарамай, одамларимиз орасида қўйилган талабларга масъулиятсизлик ва беписандлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун жазо чораларини кучайтиришга оид қонунларнинг қабул қилинишига қарамай, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этаётган шахслар ҳам учрамоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 40 мингдан ортиқ ҳолатлар аниқланган. Қонунларда жавобгарлик ва жазоларнинг кучайтирилишидан давлатга ҳеч қандай наф йўқ, давлат халқимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жавобгарлик ва жазо чораларини кучайтиришга, талаб этилаётган қоидаларга қатъий амал қилишни таъминлаш учунгина мажбур бўлмоқда. Ҳар бир фуқаро юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият намоён этса, қоидаларга амал қилса бундай чораларни кучайтиришнинг ҳожати ҳам бўлмайди. Коронавирус пандемиясига қарши курашда карантин қоидаларига амал қилмаслик шахснинг аввало ўзига, оиласи ва бола-чақаларига, ҳалқига зарар деб билиши лозим.

Одамларнинг ушбу касалликка қарши курашдан бўйинтовлаши ўз оиласига, халқига хиёнатидир, давлат қанчалик курашмасин, одамлар лоқайд бўлса, ҳаракатлар зое кетаверади. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, одамлар билан бўлган бирдамлик белгиси сифатида “Ипак йўли рақси” компаниясининг асосчиси, профессор Лаурел Грей Вашингтон шаҳридаги уйининг ҳовлисига бирдамлик рамзи сифатида Ўзбекистон давлат байроғини осиб қўйди. Лаурел Грей Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус тарқалишига зудлик билан жавоб қайтариш, бир-бирларини ҳимоя қилиш, шунингдек, беморларга тезроқ соғайиб, ўз оилаларига қайтишларини сўраб халқимизга мурожаат қилди. “Ассалому алайкум, Ўзбекистон! Бизнинг шаҳарда ҳам ҳаммаёқ ёпиқ ва биз уйда ўтирамиз. Ушбу қийин даврлар аслида барчамизни бирлаштирди”, деганида Ўзбекистон давлати томонидан олиб борилаётган чораларни маъқуллаган эди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган машҳур қўшиқчи Нуритдин Хамроқуловнинг “Оламни сақланг дўстлар” қўшиғини эшитгинг келади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва умумий офатга қарши курашда бирдамлик билан, бир ёқадан бош чиқариб, биргаликдан курашсак, бу офат юртимиздан чекинади.

Бахром Ахраров,
ЮМОМ “Давлат ва жамият қурилиши” кафедраси профессори