+998 71 200 02 35

Халқаро экспертлар нимадан огоҳлантираяпти?

18.04.2020 2953

Дунё бўйлаб авж олган короновирус касаллиги инсоният тарихидаги сўнги юз йилликда учраган энг хавфли эпидемиялардан биридир.

Жаҳон ҳамжамиятининг нуфузли ташкилотлари раҳбарлари карантин қоидалари – сўзсиз амал қилиниши лозим бўлган энг катта зарурат эканлигини таъкидламоқда ва уни бузмаслик юзасидан тинмай оммага мурожаат қилмоқда. Дунёда вазиятнинг кескин тус олаётганини ва карантин қоидаларига амал қилишнинг қай даражада муҳим эканини яна бир бор эслатиб қўйиш учун ҳам мазкур мурожаат ва чорловлардан айримларини келтириб ўтиш мумкин.

Вақти келиб COVID-19 пандемияси чўққисига чиқади ва пасая бошлайди, бироқ биз ҳозирча унинг тарқалишини тўхтатишимиз ва одамларни ҳимоя қилишимиз керак. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ва ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг чақириғи шундай жарангламоқда. Улар вирус устидан ғалаба қозониш учун жамоатчиликнинг мислсиз саъй-ҳаракатлари талаб қилиниши ҳақида огоҳлантириб келмоқдалар.

“Бизнинг авлод мисли кўрилмаган хавфга дуч келди. Одамларнинг ташвишга тушганлари ва саросимада эканликларининг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Айниқса, ҳимояга муҳтож ҳолатдаги кимсалар – кексалар ва олдиндан касал бўлиб келган кишилар, зарур тиббий ёрдам олиш имконияти йўқлар ва камбағалликда ёки жамиятнинг эътиборидан четда кун кечирувчилар азият чекмоқдалар”, – дея таъкидлади БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Биз вируснинг тарқалишини тўхтатишимиз ва бир-биримиз ҳақимизда қайғуришимиз кераклиги ҳақида тўхтатилиб, яна гапида давом этади: “Биз ваҳимага тушмаслигимиз, бунинг ўрнига эҳтиёткорлик намойиш қилишимиз керак. Иллатга қарши биз илмий маълумотларни, қўрқувга қарши эса далилларни қўйишимиз керак!”.

БМТ Бош котиби эса COVID-19 тарқалиши пандемия дея эътироф этилганига қарамасдан, уни назорат қилиш мумкин деб ҳисоблайди, айни пайтда у бунинг учун шахсий, маҳаллий ва халқаро даражада саъй-ҳаракатлар талаб этилишидан огоҳлантирди.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус 50 мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари билан онлайн-кенгаш натижасида вирусни эрта аниқлаш ва диагноз тасдиқланган кишиларни ажратиб қўйиш, касаллар билан алоқага киришган шахсларни кузатиш ва уларни карантинга олиш, шунингдек, даволаш самарадорлигини ошириш белгиланганлиги ҳамда, бундан ташқари, аҳоли билан доимий алоқа ўрнатиш ҳам ўта муҳим, бу ҳукуматга ишончни мустаҳкамлаш ва фуқароларни эпидемияга қарши курашга сафарбар қилишга ёрдам беришини таъкидлаб ўтди. У Сингапур соғлиқни сақлаш вазирининг “Биз энди курашнинг бошланишидамиз. Хотиржамликни сақлашимиз, бирлашишимиз ва ўзаро келишиб ҳаракат қилишимиз керак”, – деган сўзларидан иқтибос келтириб ўтди.

ЖССТ Тинч океани Ғарбий қисми мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Такеши Касаининг (Takeshi Kasai) Тинч океан Ғарбий қисми мамлакатларидаги COVID-19 билан боғлиқ вазият ҳақидаги мурожаатида “Энг асосий хулоса – ушбу эпидемияни тўхтатиш мумкин. Бугун Хитойда илк маротаба маҳаллий даражада инфекция билан зарарланиш ҳолати қайд этилмади, шунга қарамай мамлакат соғлиқни сақлаш органлари бари бир вируснинг мамлакатга четдан кириб келиши ҳолатларини аниқладилар ва қайд этдилар. Ҳолбуки, ўтган ойда эпидемия авжига чиққанида мамлакатда кунига 3800 та инфекция билан зарарланишнинг янги ҳолатлари қайд этилган эди. Худди шундай йўсинда Корея Республикаси, Япония ва Сингапур ҳам эпидемия суръатларини пасайтиришга муваффақ бўлдилар ва сўнгги ҳафталарда касалланиш ҳолларининг кундалик қайд этилиш кўрсаткичлари анча паст экани ҳақида хабар бермоқдалар”, – деб таъкидлаб ўтилган.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг матбуот учун берган баёнотида бундай вазиятда бирдамлик муҳимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Вирус тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатишга қаратилган мислсиз чоралар вақтдан ютишга ва келгусидаги ҳаракатларимизга тайёргарлик кўришга имкон беради. Бундай вазиятда биз кўтаринкилик руҳини сақлашимиз, ўзимизнинг жисмоний ва руҳий саломатлигимиз ҳақида ғамхўрлик қилишимиз биз учун ягона йўлдир. Айни пайтда, руҳий зўриқиш, хавотир, қўрқув – инқироз ҳолатида табиийдир. Шу сабабли ЖССТнинг ҳозирда кишиларнинг руҳий ҳолатига биринчи даражали эътибор қаратмоқда. Охир-оқибат, бизнинг ролимизда энг муҳими – эзгулик ва меҳр улашиш, бироқ, айни дамда, жисмоний масофани сақлаш чоралари тўғрисида унутмасликдир”, – деб таъкидлаб ўтди.

Бешта глобал чора

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) Бошқаруви Кенгаши ва ЖССТ бугун коронавирусга қарши курашда кучларни бирлаштирмоқда ва халқаро миқёсда таниқли футболчилар билан янги ахборот кампаниясини бошламоқда. Улар инфекциянинг тарқалишини тўхтатишга ёрдам берадиган бешта глобал чора кўришга чақирмоқда. “Сизнинг пасингиз: Коронавирусни ўйиндан четлатинг” акцияси соғлиқни сақлаш учун ЖССТ томонидан тавсия этилган беш қадам ҳақида маълумот тарқатишга қаратилган, улар сирасига қўлни ювиш, нафас олиш одобига риоя қилиш, юзга тегмаслик ва ўзини бошқа одамлардан узоқ тутиш ҳамда ўзини ёмон ҳис қилганда уйда қолиш киради.

Умуминсоний вазифа

Ҳар биримиз жамиятнинг бир бўлагимиз. Бир-бирига ғамхўрлик қилиш ва ўзаро ижтимоий-ҳиссий кўмак билан мурожаат қилиш инсон табиати учун хос. Эпидемия бизнинг одатий ҳаёт тарзимизни издан чиқарди, бироқ ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади деганларидек, у бизга янги имкониятларни ҳам тақдим қилмоқда. Карантин давомида одамлар ўз оиласи билан ўтиришга, яқинлари билан бирлашиб, оқибатни кучайтириши, кўпроқ яхшилик, ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ҳозирда пандемияга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати қўллаётган оммавий карантин тавсияларига қулоқ тутиб, саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак.

Энг муҳими, бугунги вазиятда ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашишимиз, бизнинг ҳам бутун инсоният олдида пандемия қўяётган мажбуриятлардан четда туришга ҳаққимиз йўқлигини унутмаслигимиз керак. Биздан оддий нарсалар талаб қилинмоқда: ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтиришни. Хавотир ва қўрқувни инкор қилиб бўлмайди. Қўрқув ва ваҳима бизни кучсизлантиради! Огоҳлик эса уйда қолишни ва энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни тақозо этади. Келинг, зиммамиздаги умуминсоний вазифани адо этайлик, кўпга келган бу офатга қарши бирдам бўлиб курашайлик. Ўзимизни ва яқинларимизни асрайлик. Жиддий зарурат бўлмаса, уйдан чиқмайлик!

Шуҳрат РАХМАНОВ,
Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар
малакасини ошириш маркази доценти,
юридик фанлар номзоди