+998 71 200 02 35

Жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос жиҳатлари

19.12.2022 1618

           Иқтисодий соҳада 2022 йил 12-апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” ги Қонуни қабул қилинди. Шу муносабат билан 1994 йил 5-майда қабул қилинган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун ўз кучини йўқотган деб топилди.

          Мазкур янги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” ги Қонунида (кейинчалик Қонун деб юритилади) юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида янги қонун нормалари ўз аксини топган.

           Эндиликда, Қонуннинг 14-боби “Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги”га бағишланган бўлиб, бу 14-боб 2023 йил 1-январдан эътиборан амалга киритиладиган бўлди.

           Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги билан боғлиқ муносабатларга нисбатан Қонуннинг умумий қоидалари, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш иштирокчиларининг, кредиторлар йиғилишининг, жамоат бирлашмаларининг, суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, тўловга қобилиятсизлик соҳасини тартибга солиш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриш, битимларни ҳақиқий эмаслиги ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбарининг ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги масалаларига тегишли қоидалари қўлланилади.

           Қонуннинг мазкур жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги масалаларига эътибор қаратилса, унинг бошқа аксарият тўловга қобилиятсизлик ишларидан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳатларини кўриш мумкин.

           Жумладан, Қонуннинг 5-моддасида тўловга қобилиятсизлик аломатлари кўрсатилиб, унда вақтинча тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги бўлиб ҳисобланади.

            Доимий тўловга қобилиятсизликда эса, — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлиши лозим.

            Аммо, бу қоидалар жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганида қўлланилмайди.

            Чунки, Қонуннинг 195-моддасида қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ёки тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланиши назарда тутилган.

           Шундай тартиб ўрнатилганки, агарда қарздор юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари қўлланилсада, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда эса, қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш, банкротликни тан олиш ва мол-мулкни сотиш тартиб-таомиллари қўлланилади.

            Жисмоний шахс барча мажбуриятларининг умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз бараварини ташкил этса, бундай ҳолат юзага келган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жисмоний шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан қарздор жисмоний шахс яшаб турган ҳудуддаги иқтисодий судга мурожаат қилиши керак.

            Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризага 2018 йил 12-январдаги Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қарздорлик мавжудлигини, шунингдек кредиторларнинг талабларини қарздор тўла ҳажмда қаноатлантиришга қодир эмаслигини, қарздорнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

            Қарздор жисмоний шахснинг ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасига эса, қуйидагилар: жисмоний шахс паспортининг кўчирма нусхаси; қарздор жисмоний шахснинг мол-мулки таркиби ва қиймати тўғрисидаги ҳужжатлар; агар қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза берилгунига қадар қарздор ходимларининг йиғилиши ўтказилиб, унда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўришда иштирок этиш учун қарздорнинг ходимлари вакили сайланган бўлса, ушбу йиғилиш баённомаси ҳам илова қилинади

            Булардан ташқари Қонуннинг 198-моддасига кўра, қарздор жисмоний шахснинг аризасига:

якка тартибдаги тадбиркор мақомининг мавжудлигини ёки йўқотилганлигини тасдиқловчи маълумот (агар бундай фаолият билан шуғулланган бўлса);

қарздор жисмоний шахс кредиторлар талабларини қаноатлантириш учун тақдим этишга тайёр бўлган мол-мулки рўйхати (нархи кўрсатилган ҳолда), гаров предмети бўлган мол-мулк жойлашган ёки сақланадиган жой, мол-мулк эгасининг номи ёки исми, фамилияси ва отасининг исми кўрсатилган ҳолда;

жисмоний шахснинг мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма нусхалари;

кўчмас мулкка, қимматли қоғозларга, юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга, транспорт воситаларига оид ҳужжатларнинг, шунингдек ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги даврда жисмоний шахс томонидан тузилган битимларнинг кўчирма нусхалари;

жисмоний шахс акциядор (иштирокчи) бўлган юридик шахс акциядорларининг (иштирокчиларининг) реестридан (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма;

жисмоний шахс томонидан олинган даромадлар, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза берилган санага қадар бўлган уч йил ичидаги даврда ҳисобланган ва тўланган солиқлар ҳамда йиғимлар ҳақидаги маълумотлар;

тижорат банкларидаги ҳисобварақлар ва улардаги пул маблағларининг қолдиқлари, жамғармалар (депозитлар) тўғрисида тижорат банки томонидан берилган маълумотнома, шунингдек жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш ҳақидаги ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги давр учун жисмоний шахснинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварақларидаги операциялар, омонатлар (депозитлар) бўйича маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);

суғурталанган шахс шахсий ҳисобварағининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);

бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳудудий бошқармасининг жисмоний шахсни ишсиз деб топиш ҳақидаги қарорининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг (агар никоҳ ариза топширилган санада тузилган бўлса ёки никоҳдан ажралиш қайд этилмаган бўлса) ва (ёки) никоҳдан ажралиш ҳақидаги гувоҳноманинг (агар гувоҳнома ариза берилгунига қадар уч йил ичида берилган бўлса) кўчирма нусхаси, шунингдек никоҳ шартномасининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

ариза берилган санага қадар уч йил ичида тегишинча тузилган ва қабул қилинган, эр-хотиннинг умумий мол-мулки тўғрисидаги шартноманинг ёки суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда) илова қилинади.

             Шунингдек аризага 2020 йил 6-январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига “Давлат божи ставкалари миқдорлари тўғрисида”ги иловасининг 2-қисми в-бандига асосан БҲМнинг 3 баравари миқдорида 900.000 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция ҳам илова қилинади

            Қонуннинг 200-моддасига асосан қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья аризани қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёхуд аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги ажримни чиқаради.

Шунингдек, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда суд қарздор жисмоний шахснинг зиммасига суднинг ажрими олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида судга қайд этилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги ёзма фикрини тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Агар жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ариза қарздор жисмоний шахс томонидан берилган бўлса, бу қоида қўлланилмайди.

Суд жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади:

жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажримни;

жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарорни;

аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарорни.

Агар бошқача ҳолат исботланмаган бўлса, қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, жисмоний шахс тўловга қобилиятсиз деб ҳисобланади:

пул мажбуриятлари ёки солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятлар умумий суммасининг ўн фоизидан кўпроғи бундай мажбуриятлар бажарилиши керак бўлган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ вақт давомида бажарилмаганда;

жисмоний шахс қарзининг миқдори унинг мол-мулки қийматидан ортиқ бўлганда;

ижрога доир иш юритишни жисмоний шахсда мол-мулк мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатиш тўғрисида қарор мавжуд бўлганда.

Қарздор жисмоний шахсга нисбатан мерос очилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, суд жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни мероснинг тақдири ҳақидаги масала ҳал қилингунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли. Бу ҳақда суд ажрим чиқаради.

Умуман олганда, қайд этилган бу Қонунда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишларнинг ўзига хослиги шундаки, гарчи, жисмоний шахслар билан боғлиқ бўлган суд ишлари фуқаролик судида кўриб чиқилсада, ушбу Қонун талабларига кўра жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар иқтисодий судларда кўриб чиқилади.

Насуллаев Мубин

Юристлар малакасини ошириш

Маркази доценти