+998 71 200 02 35

Шахсга доир маълумотлар сир тутилади

24.05.2021 4938

Миллий қонунчилигимиз билан, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар қандай шахснинг шаъни, обрўси тажовузлардан ҳимояланган ва у шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир (Конституциянинг 27-моддаси). Бироқ, афсуски, айрим шахслар томонидан, жумладан, маҳаллада, бошқа яшаш жойларида, шунингдек, иш жойларда ғаразлик, кўра олмаслик ёки бошқа паст ниятларда, ўзга шахсларга қандай усулдан қатъи назар маънавий ёхуд моддий зарар етказиш мақсадида, улар ҳақида ноқонуний тарзда маълумотларни йиғиш ва бу маълумотларни ўзгартиб, бўҳтон ва туҳматларни қўшиб тарқатиш ҳолатлари учраб туради. Бугунги кунда, юқорида қайд этилган фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини, жумладан, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялашга оид, мамлакатимизда бир қанча қонунлар ишлаб чиқилган ва ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва жиноят қонунчилиги туҳмат, ҳақорат қилиш, ёлғон ахборот тарқатиш ва бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва жазоларни назарда тутади.

Шахснинг шаъни, обрўси ва унинг шахсий ҳаётга аралашишни ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонунлар қаторида 2019 йил 2 июлда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуни муҳим аҳамиятга эгадир. “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, шахсга доир маълумотлар деб, муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотлар тушунилади. Қонун мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, бундай маълумотлар деб, масалан, жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган вақти, туғилган жойи, телефон рақами, вақтинча ёки доимий яшаш жойи, оиласи, ижтимоий ҳолати, маълумоти, касби, лавозими, иш жойи, даромадлари, мулкий ҳолати, шахсий фотосурати ва бошқа шахсий хаётига оид маълумотларни ҳам тан олиш мумкин.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддасига асосан маъмурий жавобгарликни ёки Жиноят кодекснинг 1412-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Мазкур қилмишлар шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилишда намоён бўлиши назарда тутилган. Бунда, Жиноят кодекси 1412-модданинг биринчи қисми бўйича жавобгарлик шарти сифатида, айбдор шахснинг илгари худди шундай қилмиш учун маъмурий жазога тортилганидан сўнг қилмишни қайта содир этилиши ҳисобланади. Жиноят кодекси 1412-модданинг иккинчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик, мазкур ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса ёҳуд оғир оқибатларга сабаб бўлганда келиб чиқади. Қонун, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазосини назарда тутади, жиноий қилмиш учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларни назарда тутади.

Мазкур қилмишларни иш жойида содир этилиши, айрим пайтларда манфаатлар тўқнашуви вазиятларига ҳам олиб келиши табиийдир. Бундай қилмишларни ходимлар томонидан иш жойларида содир этилишининг олди олинишида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан иловага мувофиқ тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” муҳим ўрин тутади. Мазкур, Намунавий қоидаларнинг II-бобида (“Давлат хизматчиларининг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари”) давлат хизматчиси томонидан ўз касбий фаолиятини фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принципларига асосланиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришда фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш мажбуриятлари белгиланган. Одоб-ахлоқ намунавий қоидаларининг 17-бандида “Давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин” деган қоида келтирилган.

Кўриб турибмизки, мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқлари нафақат асосий қонунимиз билан, балки бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлар билан ҳам ҳимояланган. Бу, ўз навбатида, фуқароларимизнинг тинч ҳаёт қуришга ва иш жойларида самарали ўз хизмат вазифаларини амалга оширишга имкон беради.

Рафик Шакуров,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази катта
ўқитувчиси, ю.ф.н., доцент