+998 71 200 02 35

Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан халқаро конвенциялар нормаларининг қўлланилиши

30.11.2023 663

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси суд тизими фаолияитида халқаро стандартлар ҳамда илғор ҳорижий тажрибаларни қўллаш, процессуал қонунчиликни айнан халқаро конвенциялар қоидалари асосида такомиллаштириш, суд ҳужжатларида БМТ конвенцияларини қўллашнинг самарали механизмини жорий этилиши билан боғлиқ масалалар ёритиб берилган.

Калит сўзлар: Конституция, инсон ҳуқуқлари, халқаро шартнома, миллий қонунчилик, халқаро конвенция, суд тизими, факультатив протокол, норма, тавсия, процессуал, кодекс, қоида

 Давлат мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва улар билан шериклик ўрнатиш орқали дунё ҳамжамиятига кириб бориш йўлини танлади. Бундай ҳамкорлик ривожланишнинг устувор йўналиши ва давлат ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати сифатида белгиланган.

Мустақил Ўзбекистоннинг 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қўшилиши унинг учун муҳим қадам бўлди. Бу билан Ўзбекистон БМТ Низоми мақсадлари ва тамойилларига ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлигини, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича сай-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини намойиш этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим Конвенцияларига қўшилган ва Конвенциялар ўрнатган қоидаларга риоя қилиш бўйича ўз зиммасига мажбурият олган.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларини амалга ошириш ҳамда ҳалқаро стандарт ва илғор ҳорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳар доим Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисми бўлиб келганлигини таъкидлаш лозим. 2016 йилнинг октябридан бошлаб амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги дастурида ҳам ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш учун жуда муҳимдир, чунки суд тизими фаолияти халқаро ташкилотлар, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталари томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, баҳоланмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталарининг Ўзбекистон Республикасининг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш натижасига кўра тез-тез учрайдиган тавсияларидан бири бу миллий судлар томонидан ўз қарорларида БМТ Конвенциялари қоидаларини етарли даражада қўлланилмаётганлиги ҳақидадир. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан берилган жавобларга қарамай, ушбу тавсия БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталари учун долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг, шу жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 9 та асосий конвенцияларининг 6 таси ҳамда 4 та факультатив протоколларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Ушбу Конвенциялар ратификация қилингандан сўнг, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш бўйича ташкилий чоралар амалга оширилди.

БМТ конвенциялари қоидаларини бажариш бўйича мажбуриятларни амалга оширишни мониторинг қилиш механизмларидан бири бу иштирокчи давлат томонидан ушбу қоидаларни имплементация қилиш ва амалга ошириш учун кўрилган чоралар (қонунчилик, суд соҳасида, маъмурий ва бошқалар) тўғрисида даврий ҳисоботларни тақдим этишдир.

Иштирокчи-давлатларнинг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ қўмиталари уларни хавотирга солаётган йўналишлар бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни баён қилувчи якуний мулоҳазаларини тақдим этади.

Ушбу тавсиянинг асоси шундаки, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Конвенциялари қоидаларига риоя қилиш ушбу ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Конвенциялари қоидаларига риоя қилишни суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари мавжуд бўлмаган тақдирда бундай қоидаларни миллий қонунчиликка киритишдан иборат бўлиб қолади.

БМТнинг Қўмиталари томонидан тақдим этилган тавсиялардан бири “судлар томонидан халқаро конвенциялар нормаларини қўлланилиши деб ёритилган. БМТ турли қўмиталари тавсияларининг таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу тавсиянинг моҳияти қўллаш билангина чегараланиб қолмайди ва бир қатор бошқа элементларни ҳам ўз ичига олади.

Тавсиянинг биринчи элементи Ўзбекистон Республикаси қўшилган БМТ Конвенциялари қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш заруратини кўрсатишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу элемент Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги Қонуни талабларига мос равишда тўлиқ амалга оширилаётганлигини таъкидлаш лозим.

Ушбу тавсиянинг иккинчи элементи “таълимга оид” бўлиб, у Конвенция қоидалари барча қонунлар, суд қарорлари ва бошқаларнинг асоси сифатида фойдаланилиши учун барча ҳокимият тармоқлари, суд органларининг хабардорлигини мунтазам равишда ошириш зарурлигини, шунингдек, адвокатлар ва кенг жамоатчилик низолар бўйича ўз важларини асослаш ва исботлашда БМТ Конвенциялари қоидаларидан тегишли тартибда фойдалана олишлари учун улар орасида ҳам хабардорликни ошириш мухимлигини ҳам назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилган маълумотларда ОТМларда ўқитиладиган фанлар, юристлар учун малака ошириш курслари, судьялар ва адвокатлар учун ташкил этилган семинар ва тренинглар, Конвенция матнларининг нашр этилиши ва ҳокозолар батафсил ёритилган.

Ушбу тавсиянинг учинчи ва сўнгги элементи судлар томонидан суд ҳужжатларида БМТ Конвенциялари қоидаларини бевосита қўллаш ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасининг 7-қисмида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда” қабул қилинганлиги тўғрисида қоида мавжуд.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг кўпгина қонун ҳужжатларида, шу жумладан, процессуал кодексларида халқаро шартномаларнинг устуворлигини белгиловчи қуйидаги мазмундаги нормалар белгиланган: “Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.” Бу яна бир бор халқаро ҳуқуқнинг миллий қонунчиликдан устунлигини англатади.

Хулоса ўринида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мамалкатимиз суд тизимида Ўзбекистон Республикаси қўшилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Конвенциялари қоидаларининг бажарилишини мониторинг қилиш функцияси мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўғрисидаги махсус қонун ҳужжатларида суд тизимига ушбу махсус вазифани бериш бўйича норма киритилиши лозим. Бу судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва мувозанат ва тийиб туриш самарали тизими доирасида суд ҳокимияти ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимиятни тийиб туриш ва назорат қилиш имкониятига эга бўлишини кафолатлайди ва бу билан ҳокимиятнинг уч тармоғи мувозанатига ҳақиқатдан ҳам эришилади

 

Жўраев Жавлонбек Норбобоевич

Юристлар малакасини ошириш маркази

“Хусусий-ҳуқуқий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси

mail: javlon-juraev@mail.ru