+998 71 200 02 35

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиклаш тўғрисида”ги Қонунида акс этаётган янгиликлар:

29.10.2021 2092

1. Ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги принципи белгиланмоқда.

Қонуннинг 8-моддасига кўра ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан  ёмонлаштирмаслиги керак. Шунингдек ҳеч бир ички ҳужжат, иш берувчининг якка тартибдаги ҳужжати ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Амалдаги Меҳнат кодексининг 5-моддасида меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномалар шартларининг ҳақиқий эмаслиги акс этган бўлиб, ушбу нормада меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмаслиги акс этган.

2.Шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши мумкин.

Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ эндиликда жисмоний шахс билан ушбу Кодекс 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муносабатларни ҳақиқатдан тартибга солувчи фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномани тузиш ушбу муносабатларнинг суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади. Шунингдек қонуннинг 11-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланиши белгиланган.

3.Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби белгиланмоқда

Қонуннинг 102-моддаси еттинчи қисмига кўра, иш берувчи ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига кўра яъни технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (хизматлар) ҳажмларининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни, башарти ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ташкилотда ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик ва малака бўйича бўш (вакант) иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, ишга қабул қилиши шартлиги белгиланмоқда. Амалдаги Меҳнат кодексида бундай қоида мавжуд эмасди.

4.Меҳнат шартномасининг муддати ўзгартирилмоқда

Қонуннинг 110-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси номуайян муддатга, уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкинлиги белгиланиб, амалдаги Меҳнат кодексида акс этган муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин бўлган меҳнат шартномалари ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузиш тоифасига ўтказилмоқда.

5. Ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов белгиланмайдиган ходимлар тоифаси кенгайтирилмоқда.

Қонуннинг 129-моддасида  ишга қайтадан қабул қилинган ҳолларда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша ходимлар, шунингдек, ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчиларга ҳам дастлабки синов белгиланмаслиги акс этган.

6. Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилишнинг алоҳида асоси ва тарафлар келишувини расмийлаштириш тартиби белгиланмоқда.

Қонуннинг 157-моддасида номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиниши мумкин. Меҳнат шартномаси мазкур асос бўйича бекор қилинадиган сана ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шартлиги акс этаган. Амалдаги Меҳнат кодексининг 97-99-моддаларида тарафлар келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш белгиланганлиги сабабли амалиётда бир қанча тушунмовчиликларни келтириб чиқарар эди ва иш берувчилар доим ҳам тарафлар келишувини расмийлаштирмас эдилар.

7.Ишдан бўшатиш нафақасини тўлашнинг миқдорлари ходимнинг мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлишиши белгиланмоқда.

Қонуннинг 173-моддасига мувофиқ ушбу миқдорлар қуйидагича этиб белгиланган:

уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун  – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан;

уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун   – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан;

беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан;

ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан;

ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмас. Амалдаги Меҳнат кодексида бундай қоидалар мавжуд эмасди.

8. Меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги туфайли боқувчи вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори  аниқлаштирилмоқда

Қонуннинг 330-моддасига кўра боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаслиги керак. Амалдаги меҳнат кодексининг 194-моддасига мувофиқ, ходимнинг вафоти муносабати билан бериладиган нафақанинг миқдори, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмасди.

Юқоридаги нормадан кўринадики, нафақанинг миқдори эндиликда ходим вафот этган йилдаги ўртача иш ҳақидан  ҳисоблаб чиқилади.