+998 71 234 56 02

Низоларни ҳал этишнинг янги муқобил шакли - халқимизнинг тарихий одати

24.08.2020 192

 

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, муаммоларни ечишда давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг аҳоли билан манфаатли мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда замонавий механизм ва шакллариларини йўлга қўйиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларга юзага келаётган низоли масалаларни суддан ташқари муҳокама қилишнинг очиқ майдонини яратиш, судларда тўпланиб қолган иш ҳажмини камайтириш, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг янгича тизимини жорий этиш, низоларни ҳал этувчи замонавий муқобил институтларни йўлга қўйиш талаб этилмоқда.

Ана шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 17 июнь куни қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4754-сон қарори юқоридаги масалаларни ҳал этишга қаратилган. Қарорда белгиланишича, бундан кейин ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони кўриб чиқишнинг муқобил усулларини қўллаш мумкинлигини аниқлайди. Низо суддан ташқарида ҳал этилишининг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради.

Агарда, тарафларнинг низолари медиация, ҳакамлик судлари ёки арбитраж орқали кўриб ҳал этилиши йўлга қўйилган бўлса, эндиликда муқобил институт сифатида “Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари”  фаолият юритадиган бўлди.

Янгилик шундан иборатки, Апелляция кенгашида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари  ёки  қабул қилган қарорлари ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари кўриб чиқилади.

 Қарор билан Апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унда кенгашнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартиби батафсил белгиланган. Низомга мурожаатларни кўриб чиқиш схемаси илова қилинган. Схемада мурожаатларни кўриб чиқиш босқичлари, масъуллари, амалга ошириладиган тадбирлар ва муддатлари аниқ кўрсатиб берилган.

Апелляция кенгашининг асосий вазифалари:

жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш ҳисобланади.

2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Апелляция кенгашлари  ташкил этилмоқда.

Апелляция кенгаши тегишли давлат органи ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида тузиладиган коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади. Унинг аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади. Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин. Апелляция кенгаши тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Қарор билан Адлия вазирлигига Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб бориши ва тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази ҳамда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази ташкил этилишига ҳам рухсат берилди.

Ушбу Марказлар олий маълумотга эга ҳамда раҳбарини қўшиб ҳисоблаганда камида беш нафар ходимдан иборат таркибда тузилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларига ўхшаб бу Марказлар ҳам қатор вазифаларни бажаради. Хусусан, Марказларнинг асосий вазифалари этиб:

медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж фаолиятига низоларни муқобил усулда ҳал этиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш;

медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж ишларини кўриш билан боғлиқ фаолиятга аралашмаслик принципи асосида иш юритиш;

медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитраж соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш;

медиаторларни тайёрлашнинг 72 соатдан кўп бўлмаган ўқув курсларини йўлга қўйиш ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат бериш;

медиация ва низоларни муқобил ҳал этишнинг бошқа усуллари ривожланиши ва кенг оммалашувига кўмаклашиш, бу соҳада семинарлар, тренинглар ва конференциялар ташкил этиш кабилар белгиланган.

Энг асосий жиҳати шундан иборатки, бу Марказлар медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж фаолияти юзасидан адлия органларига ҳисоботлар топширишдан озод этилган.

Адлия вазирлигига профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражлар ўртасида доимий равишда Марказлар ташкил этилишининг ижобий тарафлари ҳақида тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борадаги фаолиятни мониторинг қилиш вазифаси юкланган.

Қарорда медиация хизматини самарали ташкиллаштириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, профессионал медиаторлик касб сифатида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига киритиладиган бўлди. Шумақсадда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларида илғор хорижий тажрибалар асосида медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж соҳалари учун низоларни ҳал этишнинг муқобил йўналишларига оид бўлган магистратура мутахассисликлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Аҳолига қулайлик яратиш ва уларни низоларни муқобил ҳал этиш институтидан хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун бундан кейин профессионал медиаторлар ва ҳакамлик судлари реестрларига киритилган профессионал медиаторлар ҳамда ҳакамлик суди судьялари тўғрисидаги маълумотлар барча суд биноларида жойлаштирилади.

Адлия вазирлигига Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш маркази билан биргаликда Тошкент медиация марказини тузиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш юклатилган. 2021 йил 1 январга қадар Тошкент медиация маркази махсус тайёрланган бино ва жиҳозлар билан таъминланади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратадиган бўлди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳолига низоларни суддан ташқари муқобил шаклларда ҳал этиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, аввало инсонга қаратилган экан, унинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш, бузилган ҳуқуқларини зудлик билан тиклаш, низоли вазиятларни юмшатиш, фуқароларга ўзаро ва ишончи мулоқот майдонларини яратиш, миллий, маънавий қадриятларни ҳурмат қилган ҳолда барқарор мувозанатга асосланган ижтимоий муҳитни шакллантиришга ҳаракат қилинмоқда.

Аслида, низоларни ҳал этишнинг ҳар қандай муқобил шакли бу халқимизнинг азалий тарихий урф-одати ҳисобланган. Бугунги кунда йўлга қўйилаётган бу соҳадаги янги тартибларга нафақат қонун тамойиллари, балки аждодларимиздан қолган бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, келишмовчиликлар ечимини топишда босиқлик, энг асосийси, муаммолар муҳокамасидан қандай тўхтамга келишдан қатъи назар, кейинчалик ҳам бир-бирини ҳурмат қилиш каби қадриятларга риоя этиш асос қилиб олинган.

 Бобоқул Тошев,

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири,

юридик фанлар доктори