+998 71 200 02 35

Гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини жорий этиш

12.09.2022 1610

Айни даврда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш чора-тадбирлари ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича мамлакатимизнинг туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари асосини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш ҳамда ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича бир қатор вазифалар илгари сурилди. Жумладан, мазкур Фармоннинг 6-банди, “г” кичик бандида мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш ҳамда мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини жорий этиш, бунда суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан богълиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш тартиби назарда тутилди.

Мазкур ислоҳот моҳиятини ёритишдан аввал, “Хабес корпус” институтининг мазмун-моҳиятига қисқача тўхталиб ўтиш жоиз деб ҳисоблаймиз. Жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи «ҲАБЕАС  CОРПУС» дея номланади. Бу атама 1679 йил 26 май куни инглиз парламенти томонидан қабул қилинган қонун - «Хабеас Корпус Акт» атамасидан олинган.

Шунигдек, «Хабеас корпус» (лот. ҳабеас cорпус) — шахс дахлсизлиги тамойили билан чамбарчас боғлиқ инглиз жиноий-процессуал ҳуқуқий институти. У шунингдек англо-саксон ҳуқуқ оиласидаги бошқа давлатлар ҳуқуқий тизимига ҳам киради.

Мамлакатимизда “Хабеас корпус” институтининг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг даxлсизлигини  ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

Ана энди бевосита гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини жорий этиш, бунда суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкини хатлаш билан богълиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш тартибига тўхталамиз. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 290-моддасида белгиланганидек, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт.

Мол-мулкни хатлаш суриштирувчининг ёки терговчининг қарори бўйича прокурор розилиги билан ёхуд бу тергов ҳаракатини бажаришни тергов органига топширишга ҳақли бўлган суднинг ажрими бўйича амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда мол-мулкни хатлаш прокурорнинг розилигисиз ҳам амалга оширилиши мумкин, лекин кейинчалик йигирма тўрт соат ичида прокурор қарор ва баённома нусхаси илова қилинган ҳолда хабардор қилинади. Бундан келиб чиқадики амалдаги қонунчилигимиз бўйича гумон қилинувчи, айбланувчининг мол-мулкини хатлаш фақат суд тартибида амалга оширилмасдан, судга қадар иш юритиш босқичида ҳам ҳал этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўйича эса, мол-мулкни хатлаш масаласига охирги нуқтани суд қўйиши лозимлигини назарда тутмоқда.

Мазкур ислоҳот тергов устидан суд назоратини мустаҳкамлашга, яъни “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчилигимизга янада чуқур кириб боришига ҳисса қўшади.

Юристлар малакасини ошириш маркази

доценти в.б. М.Воҳидов