+998 71 200 02 35

Фуқаролик Кодекси лойиҳасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш масалалари

02.12.2020 944

 Бугунги кунда жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш муҳим устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шуни алоҳида  таъкидлаш жоизки, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи қонун бўлган Ўзбекистан Республикаси Фуқаролик кодекси фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўрин тутади.

Фуқаролик кодекси 1997 йилнинг 1 мартидан эътиборан амалга киритилиб, “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатимизда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5464-сонли фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси” II-бўлимининг 3-бандида фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик мажбуриятларини виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора ва воситаларни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

 Қонунчиликда назарда тутилаётган янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасида   мажбуриятнинг бажарилиши лафзсизлик тўлови, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат, таъминот тўлови ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Лойиҳада таъминлаш усули сифатида қайд қилинаётган лафзсизлик тўлови амалдаги Фуқаролик кодексида неустойка деб аталган, бироқ бу атама барчага бирдек тушунарли эмас.

Неустойка лафзсизлик тўлови сифатида баён этилиши билан барчага бирдек тушунарли бўлган атама юзага келади. Азалдан ота-боболаримиз ўз зиммаларига мажбурият олар эканлар бир-бирларининг лавфзига ишонишган. Эр кишининг қилган лавфзи ҳар қандай нарсадан устун бўлиб, олинган мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш гарови ҳисобланган.

  

Дониёр Рахимов,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг

“Касбий кўникмаларни ривожлантириш” кафедраси доценти в.б, юридик фанлар номзоди