+998 71 200 02 35

Ривожланган давлатларда шахсий маълумотлар ўта махфий ҳисобланади

11.11.2020 2947

 Ахборот тарихга айланади. Шу нуқтаи назардан ҳам ахборот тарқатувчилар сўз масъулиятига, унинг холис ва ҳаққонийлигига ҳамиша эътиборли бўлиши шарт.

Мамлакатимизда 1 минг 726 та оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинган. Уларнинг 667 таси газета, 398 таси журнал, 5 таси ахборот агантлиги ҳисобланади ва 70 та телеканал ҳамда 37 радио канал фаолият юритаяпти.

Бугунги кунда республикамиздаги оммавий ахборот воситалари корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиши ҳар қачонгидан кўра зарур. Чунки, Интернет тармоғининг узлуксиз ва бошқа тоифадаги ахборот тарқатувчилар билан ҳамкорлиги демократик институт ҳисобланган оммавий ахборот воситалари фаолиятини чегаралаб қўяётгани ҳам сир эмас. Интернет ОАВ эмас, у мураккаб жараённи таъминлаб берувчи ўзига хос ва кўп элементли  тизим ҳисобланади.

ОАВ ўз ходимлари журналистик суриштирув ўтказиши самарадорлигига эришиш учун ҳам ҳамкорлик қилиши керак!

Бугунги барча соҳадаги ўзгариш ва олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида очиқ-ойдин ва беғараз ахборот ҳамда маълумотлар тарқатиш журналистларнинг асосий вазифларидан бирга айланиши лозим. Чунки янги жамият қуриш йўлида ҳаракат қилаётган халқимизнинг интилиши ва иродасини мустаҳкамлаш, янгича фикрлайдиган авлодни тарбиялаш, жамиятда соғлом ижтимоий фикрни шакллантириш, сўз ва матбуот эркинлиги таъминлашда журналистларнинг ўрни муҳим ҳисобланади. Бунинг учун эса мамлакатимизда етарли қонунчилик асослари яратилган ва журналистлар учун кенг кафолат ҳамда эркинлик мавжуд.

Маълумки, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб кўпроқ журналистларга мурожаат қилади, улар билан кўпроқ муносабатларга киришади. Назаримизда, бундай ҳолларда журналистлар ўзларига мурожаат қилган ҳар бир кишининг муаммосини эшитиб, кўплаб ҳаракатларни амалга оширишади ва тегишли хулосага келишади.

Албатта, ҳаётда учраб турадиган раҳбар томониданг ходимнинг қонунсиз ишдан бўшатилиши, нафақанинг нотўғри ҳисобланганлиги, милиция ходимининг хайдовчига нисбатан муносабати ўз жойтда қонун доирасида тегишли идоралар ваколати доирасида кўриб чиқилиши билан ҳал этилиши мумкин. Бунинг учун эса ҳар бир фуқаро қонунларидан хабардор бўлиши, уларни қўллай билиши, тегишли ҳуқуқий билимга эга бўлиши талаб қилинади.

Собиқ шўро замонидаги матбуотдан зўрлик ва қўрқитиш қуроли сифатида фойдаланилганини яхши биламиз. Бугунги журналистнинг жамият аъзолари билан бевосита муносабатда бўлиши инобатга олинса, журналистлар ўз ваколатлари, мажбурият ва масъулиятларини аниқ билиб олишлари лозим бўлади.

Маълумки, журналистик текширувнинг асосий вазифаси ҳақиқатни аниқлаш ва шахсий мулоҳазалар, далил, рақам, қиёсларни оммага маълум қилиш жамиятда ижтимоий фикрни шакллантиришдир. Журналистик текширувнинг объекти эса мансабдор шахслар ва ахборот беришга мажбур бўлган шахслар фаолияти билан боғлиқ муносабатлар ҳисобланади.

Текширувнинг мақсади эса қўйган текширувнинг шакл, восита ва усулларидан фойдаланиш натижасида ҳаққоний ахборот олиш ҳамда тарқатишдан иборат. Журналистик текширув барча соҳаларда ва ҳар қандай ҳолатларда олиб борилиши мумкин. Журналист бўлаётган воқеа, ҳодисаларни кузатиш билан бирга ўзини қизиқтирган ҳар қандай маълумотни йиғиш, тўплаш6 таҳлил қилиш, умумлаштириш ва ахборотлар олиш билан ўз ваколатини амалга оширади. Қонунчиликка кўра, журналист ёзма аризалар орқали сўровлар бериши ва жавоб олиш ҳуқуқига эга. Журналистик текширув шахсий, ижтимоий хатти-ҳаракатлар бўлиб, натижаси билан жамоатчилик тинашиши мумкин бўлган ахборот ва маълумотлардир. Журналистик текширув суриштирув, тергов, суд текширувидан моҳияти ва ҳуқуқий мақоми жиҳатидан фарқ қилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 15, 22, 36, 38, 39-моддаларида процессуал текширувлар олиб борувчилар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ҳаракат доираси, ҳуқуқий мақоми белгиланган. Процессуал ҳаракатни олиб борувчи шахслар мансабдор шахслар ҳисобланса, журналистик текширувни ўтказувчи шахслар мансабдор шахс бўлмасликлари ҳам мумкин.

Журналистик текширувда журналист қонунчилиги йўл қўйган доирада ўзини қизиқтир|ган ҳар қандай ҳарақатларга аралашишга ҳақли. Бироқ бу журналист содир этилган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиши ёки уни қўзғатишга даъват этиши, тергов ҳаракатлари олиб бориши, суд-тергов ми)атериалларини ошкор қилиши ёки процессуал ҳаракатларини чалғитиш дегани эмас. Ташқаридан қараганда, процессуал ва журналистик текширув бир-бирга ўхшашдек туюлади, ваҳоланки, уларнинг натижалари икки хилдир.

Процессуал текширув натижалари қонун меъёрлари билан баҳоланади ва ҳуқуқий хулоса билан якунланади. Журналистик текширув натижалари эса шахсий ва ижтимоий кузатув бўлиб, у жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилади ва унинг натижаси ахборот хусусиятига эга бўлиб, ҳар бир киши томонидан тегишли баҳоланиши, унга нисбатан фикр билдирилиши мумкин. Журналистнинг хулосаси ёки унинг натижасида шаклланган ижтимоий фикр мажбурий кучга эга эмас.

Мансабдор шахслар журналистнинг текширув олиб боришига имконият яратиб бериши, улар фаолияти амалга оширилаётганда тегишли ёрдам кўрсатилиши, ахборот ва маълумотлар бериши воқеа-ҳодисаларнинг холисона баҳоланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, жамоат назоратининг ўрнатилиши билан ҳам изоҳланади.

Журналист текширувининг юқори савияда ва қонун доирасида олиб борилиши жамиятдаги иллатларнинг фош этилишиди, унинг илдизлари сохта маълумотлар ёхуд бўҳтондан иборат бўлса, шунингдек, шахснинг қадр-қиммати, обрўсига путур етказса, у ҳолда айбдор бўлган журналистнинг қонун олдида жавобгар бўлиши журналистларга ҳуқуқ бериш билан бирга катта мажбурият ҳам юклайди. Журналист эълон қилаётган барча ахборот ва маълумотлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Журналист бурч нуқтаи назаридан жамиятдаги барча кучларни мувозанатда ушлаб турилишига ҳам мутасадди ҳисобланади. Одамлар мамлакат ва дунёда содир бўлаётган воқеа ҳамда ҳодисаларнинг тафсилоти билан биринчи бўлиб журналист ахбороти орқали хабардор бўлишади. Шу боис журналистикани жамиятнинг ўзига хос ойнаси сифатида таърифлашади. Ўзбек журналистлари олдида ана шу шарафли мақомга лойиқ бўлиш вазифаси кўндаланг турибди. Бу эса, ўз навбатида, улардан изланиш, фидойилик, бурч ва масъулият талаб этади.

Хуллас, бугун журналистика ўзига юкланган ва қонунчиликда белгилаб қўйилган вазифаларни адо этиши, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши. Жамиятни соғлом ахборот билан таъминлаб туриши, жамиятдаги камчилик ва нуқсонлар ҳақида хабар бериши, турли ижтимоий тоифалар ўртасидаги мувозанатни таъминлашга ёрдам бериши лозим. Зеро, ҳуқуқий демократик давлатда журналистика ўз ўрнини топиб олиб, жамиятни эргаштирувчи кучга айланиши табиий.

ОАВ жамоатчилик назоратини таъминлаш учун ҳам ҳамкорлик қилиши керак! Назаримда, қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир фуқарога тегишлидир. Биз қабул қилинган қонунлар муҳокамасини, тарғиботини яхши ташкил этсак, қонунга дахлдор соҳаларда  ўзимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимизни тўғри қўлласак, ҳуқуқларимиз бузилганда ўзимизда ва атрофимиздаги кишиларда судга мурожаат қилиш ҳиссини уйғота олсак, қонун устиворлигини таъминлаш ва қонунни ҳимоя қилишга кўмаклашган бўламиз. Бу соҳада эса ОАВнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётганлигини аниқлаш, муносабат билдириш, уларга ёрдам бериш ва уни эълон қилиш эса ахборот воситалари ходимларининг бурчи саналади. ОАВ жамоатчилик назоратини ўрнатадиган асосий демократик институтлардан ҳисобланади. ОАВ жамиятдаги оқсоқликлар ва иллатларга қарши кураша оладиган, том маънода, ҳатто, «ҳокимиятнинг ҳар учала бўғини»га муносабат билдира оладиган ўз минбарига эга бўлган субъект ҳисобланади. ОАВ ўзига берилган қонуний ваколати доирасида фаолият юритса, албатта у жамоат назоратини ўрната олади. Унинг яна бир томонидан шундаки, ОАВ кенг аҳоли ўртасида у ёки бу кўринишда  ижтимоий фикрни шакллантира олади. Умуман олганда, ОАВ фаолиятини янада эркинлаштириш, уларнинг тўла мустақиллигини таъминлаш, уларни жамиятда ижтимоий фикрни шакллантирувчи кучга, ўтказилаётган ислоҳотларимизнинг жарчиларига айлантириш асосий вазифа сифатида қаралмоқда.

Журналистик фаолиятда касб этикасига риоя этиш зарурати

1983 йилнинг 20 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтган Халқаро журналистлар федерацияси томонидан “Журналист касбий ахлоқининг халқаро тамойиллари” ЮНЕСКО ташаббуси билан қайта таҳрирдан ўтказилиб, қабул қилинди ва у барча журналистларнинг ахлоқ кодекслари асосини ташкил этди. Мазкур тамойиллар қуйидагилардан иборат:

Тамойил №1. Фуқароларнинг холис ахборотга бўлган ҳуқуқи

Тамойил №2. Воқеаларни холис ёритиш – журналист бурчидир

Тамойил №3. Журналистнинг ижтимоий масъулияти

Тамойил №4.Журналистнинг касбий адолатлилиги

Тамойил №5. Жамиятнинг ахборотга эгалиги ва ОАВда қатнашиш

Тамойил №6. Хусусий ҳаёт ва шахсга бўлган ҳурмат

Тамойил №7. Жамият манфаатларини ҳурмат қилиш

Тамойил №8. Умумий қадриятлар ва маданиятлар хилма хиллигини ҳурмат қилиш

Тамойил №9. Инсониятга хавф солаётган уруш ва бошқа хавфларга қарши кураш

Тамойил №10. Янги халқаро ахборот ва коммуникацион тартибнинг ривожланиши. Бунда журналист замонавий дунёда  янги халқаро муносабатларга интилиш ва янги ахборот тартиини ўрнатиш шароитида фаолият юритади. Ахборот соҳасида халқаро муносабатларнинг демократлашувига ҳисса қўшиш журналистнинг бурчидир.

Замонавий кодексларда асосан “манфаатлар зиддиятига” барҳам бериш биринчи ўринда туради. Бунда журналист, аудитория, жамият манфаати ва касбий  мажбурият ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган зиддиятлар назарда тутилади. Аксарият ҳолатларда журналист инсонга қийин вазиятларда биринчи галда ёрдам бериш керакми ёки мазкур ҳолатни ёритиши зарурми, деган савол туради. Тезкорлик билан қарор қабул қилиш зарурияти техноген, табиий, ҳарбий халокатларда яққолроқ намоён бўлади. Айнан ана шундай оғир вазиятда журналист инсонийлик бурчига кўра ҳаракат қилишими ёки касбий бурчини устин қўйиши лозимми деган саволга жавоб бериши зарур.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 17 июлдаги IV- конференциясида Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси тасдиқланди.

Мазкур кодекс журналистлар ва барча ОАВ ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди. Журналистларнинг касбий мажбуриятлари, уларнинг масъулиятларини ҳимоялаш, ҳалол рақобат ва журналистлар бирдамлиги — кодекснинг бош тамойилларидан ҳисобланади.

Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади. Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбурияти ҳисобланади.

Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўриши лозим. Ҳужжат билан журналист касб этикаси талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши белгиланди.

Жамоатчилик кенгаши журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади. Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга бўлади.

Журналистларнинг Касб этикаси кодекси принциплари ва нормаларини бузган журналистлар кодексда белгиланган тартибга кўра жавобгарликка тортиладилар.

 Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази
кафедра мудири, юридик фанлар доктори 

(Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда журналистлар ва блогерлар учун “Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлар” мавзуида ўтказилган семинардан ёзиб олинди)

Манбаа hudu24.uz