+998 71 200 02 35

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини давр талабларига мослаштириш зарурияти...

15.06.2020 3180

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ишончли кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Бунда тегишли қонунчилик базасини ҳозирги замон талаблари асосида янгилаш зарурлигига эътибор қаратиб, давлатимиз раҳбари қуйидагиларни таъкидлади: «Суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига мутлақо жавоб бермайди. Шу сабабли, парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят ... ва бошқа кодексларни янгидан қабул қилиши мақсадга мувофиқ», – деди.

“Фуқаролик кодекси, – Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармойишида (2019й. 5 апрель) таъкидланганидек, «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.” Ушбу фармойиш билан фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди. Табиийки, қонунчиликни шу жумладан, Фуқаролик кодексини янгилашдан мақсад фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши устида ўйлашдан иборат бўлмоғи лозим.

Юқоридаги раҳбарий ҳужжатлардаги топшириқ ҳамда вазифалар ижроси сифатида Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси тайёрланиб, мутахассислар муҳокамасига қўйилди. Шу муносабат билан лойиҳанинг айрим қоидалари юзасидан фикр-мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.

Фуқароларниг ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келиши асосларининг такомиллаштирилиши.

Маълумки, мамлакатимиз фуқаролик қонунчилиги фуқаролик муомаласи (муносабатлари) иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият маҳсулларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини, шартномавий ҳамда ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади.

Муҳокама қилинаётган Кодекс лойиҳасининг 10-моддаси фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиш асосларига бағишланган. Амалдаги кодексда бундай асослар тўққизта эди (8-модда). Лойиҳанинг юқоридаги моддасига яна битта янги асос киритилмоқда, яъни «қонунда назарда тутилган йиғилиш қарорлари» ҳам фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиши учун асос бўлади. Бундай асос Концепцияда таклиф этилган бўлиб, унга кўра, корпоратив муносабатларни ҳам Фуқаролик кодексининг тартибга солиш предметига киритилмоқда. Мақсад – оммавий акциядорлик жамиятлари фаолиятининг хусусиятларини белгилаш, корпоратив ҳужжат кучига эга ва учинчи шахслар учун мажбурий бўлган «корпоратив шартнома»ни жорий қилиш, тенг акциялар пакети эгалари жамият фаолиятини издан чиқарганида корпоратив танглик вазиятидан чиқиб кетиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат. Бу билан бозор иқтисодиёти шаклланиши шароитида вужудга келаётган янги корпоратив муносабатлар Кодекс предметига, ҳуқуқий тартибга солиш қамровига киритилмоқда.

Шунингдек, мазкур 10-моддадаги тўққизинчи асосни қуйидаги таҳрирда баён этишни таклиф этамиз: “9) фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонунда тақиқланмаган бошқа ҳаракатлари натижасида.”

Яна бир янгиликка эътибор қаратайлик. Амалдаги Фуқаролик кодексининг «Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш» деб номланган 9-моддаси 3-бандида «Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади,» деган қоида мустаҳкамланган. Лойиҳанинг шу масалага бағишланган 11-моддасида юқоридаги қоидани қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилган: «Фуқаролик ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳалоллиги ва улар ҳаракатларининг оқилоналиги назарда тутилади.»

Фикримизча, шу қоиданинг Лойиҳада таклиф этилаётган таҳрири унчалик муваффақиятли чиқмаган. Биринчидан, муносабат иштирокчиларининг ҳалоллиги (аввалги таҳрирда қилинган ҳаракатнинг ҳалоллиги таъкидланган); иккинчидан, фақат улар ҳаракатларининг оқилоналигига урғу берилган; учинчидан, ушбу ҳаракатларнинг адолатли бўлиши лозимлиги талаби чиқариб ташланмоқда. Ваҳоланки, кодексда «ҳалоллик», «оқиллик», «адолат» принципларига таяниш зарурлиги юқорида зикр этилган Концепцияда таъкидланган. Қолаверса, «адолат» тамойили Конституциямизда, шунингдек, кўплаб халқаро (конвенция, декларация, шартнома, битимлар) ҳужжатларда эътироф этилган принципдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар томонидан ҳуқуқ ва эркинликларининг амалга оширилиши бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмаслиги лозим. Шунга кўра, Лойиҳанинг 11-моддаси қуйидаги янги қоида билан тўлдирилаётганлиги айни муддао бўлмоқда: «Шахс томонидан ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ушбу модданинг учинчи-олтинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган ҳолларда суд шахсга ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилишни тўхтатиш мажбуриятини юклаши, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа оқибатларни қўллаши мумкин».

Алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳа «Фуқаролик ҳуқуқларининг сиёсий ҳуқуқлардан мустақиллиги» номли янги 12-модда билан тўлдирилмоқда. Унда фуқаролик ҳуқ уқларини амалга ошириш Конституция ёки оммавий ҳуқуқнинг бошқа қонунларида назарда тутилган сиёсий ҳуқуқларга боғлиқ эмас, деб таъкидланган. Буни ўта муҳим ҳамда жиддий ижобий қоида деб ҳисоблаш лозим. Шунингдек, ушбу модданинг иккинчи қисмида фуқаролик муносабатлари иштирокчилари қонун билан тақиқланмаган ҳаракатларни, шу жумладан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган ҳаракатларни амалга ошириши мумкин”, деган қоидани мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.

Ушбу таклифни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, шуни қўшимча қилишни истардик. Биз узоқ йиллардан бери «қонунда тақиқланмаган барча нарсаларни қилишга рухсат берилади» (фуқаролар учун); «фақат қонунда рухсат берилган нарсаларнигина (ваколатларнигина амалга ошириш) қилиш мумкин» (давлат органлари ва мансабдор шахслар учун) деган принципларни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб келамиз. Зеро, бундай йўл тутиш инсон (фуқаро)лар ҳуқуқлари устуворлиги тамойили таъминланишига конституциявий асос ва кафолат яратади.

Лойиҳадаги 12-модданинг якунида «Маъмурий ҳужжатлар воситасида аралашиш, агар ушбу ҳужжатлар муайян бир аниқ қонун асосида қўлланилган бўлмаса, тақиқланади», деган қоида ёзилган.

Назаримизда, ушбу ўринда фуқаровий муносабатларга «маъмурий ҳужжатлар воситасида аралашиш таъқиқланади» деган мазмуннинг ўзини қолдирган маъқул. Лойиҳадан эса «агар ушбу ҳужжатлар муайян бир аниқ қонун асосида қўлланилган бўлмаса» деган изоҳ (оговорка)ни чиқариб ташлаш лозим. Акс ҳолда фуқаровий муомалаларга маъмурий аралашишга йўл очилиб, юқоридаги модданинг бор демократик табиати завол топиши мумкин.

Якуний мулоҳаза. Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 21-моддаси «Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан етказилган зарарни тўлиш» деб номланган. Ушбу мазмундаги норма амалдаги Фуқаролик кодексининг 15-моддасида мустаҳкамланган. Лойиҳа муаллифлари бу моддадан «Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзни бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарни қоплаш суднинг қарори билан мансабдор шахслар зиммасига юклатилиши мумкин» деган нормани чиқариб ташлашни таклиф этмоқдалар.

Фикримизча, мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб бўлмайди. Сабаби, биринчидан, бу ерда «мансабдор шахсларнинг айби билан» деб аниқ ёзиб қўйилган; иккинчидан, зарарни қоплаш вазифасини давлат органи зиммасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи зиммасига юклаб қўйилиши мантиққа хилоф бўлиб, мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлигини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса, ҳозирги даврдаги мамлакатимиздаги инновацион ислоҳотларнинг руҳига ҳамда мазмунига асло мос келмайди.

Х.Одилқориев, 

Юристлар малакасини ошириш маркази «Давлат ва жамият қурилиши» кафедраси мудири, профессор