ЮМOМ ҳақида / Янгиликлар
Юридик кадрлар билан очиқ мулоқот

Мамлакатимизда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, бозор иқтисодиёти қонуниятларини кенг жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестициявий муҳитни шакллантириш ва мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишнинг ишончли, мустаҳкам тизимини барпо этиш асосий вазифалардан ҳисобланади. Бундай муҳим вазифаларни бажариш бевосита замонавий фикрлайдиган ва мустақил равишда қарорлар қабул қиладиган билимли юридик кадрларга боғлиқ.

Ана шу мақсадларда кейинги пайтларда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янанада такомиллаштириш тўғрисида”ги 531-сонли қарорининг қабул қилиниши муҳим қадамлардан ҳисобланади.

Ҳукуматнинг ушбу қарори билан Марказнинг фаолияти такомиллаштирилди, унга янги вазифалар юкланди. Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари ва ўқув дастурлари такомиллаштирилмоқда, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот техинологиялари жорий этилмоқда, салоҳиятли, юқори малакали педагог ва амалиётчилар машғулотларга жалб этилган.

Марказда бугунги кунда адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, нотариуслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизмати ходимлари, давлат хизматлари марказлари вакиллари, адвокатлар ва бошқа тоифадаги кадрларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Марказ раҳбарияти, педагоглари ва масъул ходимлари иштирокида малака ошираётган 230 дан ортиқ тингловчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқотда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак беришда юридик кадрлар олдида турган вазифалар,  ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштириш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, замонавий юрист кадрларга қўйилаётган бугунги талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда шартномалар билан ишлашни сифат жиҳатдан кучайтиришга оид масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда Марказда ўқув жараёнини такомиллаштириш, машғулотларни янгича технологиялар ва услублар асосида олиб бориш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, жойларда ҳуқуқий соҳада юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан ечиш билан боғлиқ мулоҳазалар ўртага қўйилди.

Тингловчилар томонидан берилган кўплаб саволларга Марказ раҳбарияти тегишлича жавоблар қайтарди, шунингдек, мулоқот иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар келгусида ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинди.

Малака ошириш курсларини тугатаётган тингловчилар билан келгусида мунтазам алоқа ўрнатиш, уларнинг иш фаолиятида юзага келадиган турли саволларига Марказ ходимлари томонидан ахборот-коммуникация технологиялари ёрдами тезкорлик билан амалий ёрдам кўрсатиб бориш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида жойлардан келиб тушадиган таклифларни ўрганиб бориш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга киритиб боришга келишиб олинди.